“Демократия иштонингни ечиб, саҳнага чиқавер дегани эмас!”: кеча бошқача гапирган вазир бугун нега жим?

Санъаткорлар, актёрлар, сўз усталари, шоу-бизнес вакиллари... Доимо диққат марказда бўладиган, катта аудиторияга эга қатлам саналади. Уларни деярли ҳамма танийди, хатти-ҳаракатларини кузатиб боради. Бугун фикр юритмоқчи бўлган мавзуимиз ҳам шу масала билан боғлиқ. Афсуски, интернет ривожланиб, ижтимоий тармоқлар катта кучга айлангач, турли хурмача қилиқлар билан танилишга интилган ёки обуначиларни кўпайтиришга ҳаракат қиладиганлар кўпайиб кетди. Уларни тармоқда танқид қиларкан, ҳаммада бир савол туғилади: санъаткорларнинг юриш-туришига масъул Маданият вазирлиги ва унинг раҳбари қаёққа қараяпти?
“Туташ тақдирлар” орқали омма эътиборига тушган Нилуфар Ҳамидова исмли актриса бор. У мазкур сериалдан кейин биронта фильмда қойиллатиб рол ўйнаганини билмадим-у, лекин интернетда турли бўлмағур, аҳлоқсиз видеочиқишлар билан ора-сирада асабимизга тегиб турибди. Актрисанинг ярим-яланғоч кийимларини қўйиб турайлик, унинг оғзидан чиқаётган сўзларни айтишга кўпчилик истиҳола қилади. “Сизники торми?”, “Бергим келяпти” каби сўзлар билан аудитория ҳиссиёти билан ўйнашган Ҳамидова ниҳоят қўлга тушди: унинг бекатда ёнбошлаганча, шивирлаб гапирган гаплари инсонларнинг сабр-косасини тўлдирди. ИИВ вакиллари унинг ишини судга юборди, актриса эса 7 суткага қамалди.
Нилуфар Ҳамидова ҳақида тўхталар эканмиз, унинг бир чиқишида хавфли тенденцияни кўрамиз: у гўёки бир видеода ёш бола билан дуэт айтган. Аёл менталитет ва одоб-аҳлоққа номувофиқ кийиниб олгани етмагандай, яна бола билан ўша аввалги бепарда оҳангда гаплашяпти. Менимча, энди бу ҳолат ҳаддан ошиш саналади. Наманганда юз берган мудҳиш педофилия воқеасини ҳали ҳеч ким унутгани йўқ. Вояга етмаган шахсларни бундай видеоларга жалб этиш ҳам салкам ўша жиноятга йўл эмасми? Ўзингиз бузуқ бўлсангиз ҳам, болаларни, вояга етмаганларни тинч қўйинг, дея талаб қилмоғимиз керак!
Афсуски, на Маданият вазирлиги, на ҳурматли вазиримиз Озодбек Назарбеков ушбу аёлнинг чиқишлари бўйича муносабат билдиргани йўқ. Ваҳоланки, ижтимоий тармоқлардаги шарҳларда халқ вазирнинг номини бот-бот эсламоқда. Аммо вазирликнинг саҳифаларида оғир сукунат. Гўёки бу муаммолар йўқдек...
Вазирлик бу масалага жиддий қараши лозимлигини бекор айтмаяпмиз. Чунки, муаммо фақатгина Нилуфар Ҳамидова ёки унинг қилиқларидан иборат эмас. Хонанда Шаҳло Аҳмедова, актриса Луиза Расулованинг Инстаграм тармоғига жойлаётган фотосессиялари ва айрим видеоларини кўриб, ёқа ушлайсан: булар ўзини кимга намойиш қилмоқда? Мақсадлари нима? Ўзбекистонни консерватив, ўз анъаналарини қаттиқ ушлайдиган мамлакат сифатида кўрадиган хорижликлар уларни нима кўриб қандай хулосага келишмоқда? Ўзи хориждан Ўзбекистонга келган санъаткорлар борасида ҳам аччиқ тажрибага эгамиз. Бир неча йиллар аввал Робби Уилямс деган валломат Тошкентга келиб, орқасини намойиш этиб кетганди. Сўнгра, ўзбек қизи саҳнада Энрике Иглесиас билан қучоқлашиб рақс тушди. Ўтган йили Женнифер Лопеснинг концерти ҳам катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Санкциялар сабаб дунёси тор бўлиб қолган рус қўшиқчилари ҳам бирон қилиқ намойиш этиб кетади. Нега Маданият вазирлигининг халқаро алоқалар билан ишлайдиган мутасаддилари озгина хорижликлар билан ҳам ишламайди? Масалан, Хитой ғарблик санъаткорларга бу борада ҳатто дакки бергани ҳақида маълумотлар бор.
Фақат аёлларни айтмаймиз, эркаклар орасида ҳам “қовун тушираётганлар” талайгина. Биргина Шукрулло Исроиловнинг жонли эфирдаги ҳаракатини олайлик. Бу ҳаракат учун Исроиловнинг томошабинлардан кечирим сўраганини шахсан мен кўрганим йўқ (балки сўрагандир). Аммо бироз вақт ўтгач, яна ўша Маданият вазирлигимиз уни амалдор қилиб кўтарди. Ёки Шукрулло Исроиловнинг ҳамкасби Валижон Шамшиевни кимдир билан муштлашиб кетгани видеолари чиқиб туради. Айримлар буни уюштирилган дейди, аммо санъаткор шу йўл билан ўзининг борлигини эслатиб турадими? Томошабин ундан сохта жанжал-тўполон эмас, ўткир ҳазиллар, қизиқарли чиқишлар кутади-ку.
Шу ўринда айрим кулгу жамоаларининг фаолиятини ҳам тилга олмасак бўлмайди. Масалан, “Қалпоқ” жамоаси самимий ва кулгули чиқишлари билан ажралиб туради. Аммо очиғини айтиш керак, уларнинг ҳам айрим саҳналарини оила даврасида кўриб бўлмай қолди. Ҳатто очиқдан очиқ уятсиз сўзлар пайров қилинган ҳазилларни кўрдик. Масалан, сўз устаси Беҳруз Қўлдошевнинг видеоларида ҳам белдан паст ҳазиллар жуда кўп. Айрим гапларни эшитиб, кулиш тугул, йиғлашингни ҳам билмай қоласан. Тўғри, Маданият вазирлиги мутасаддилари ёки ҳурматли вазиримиз биз цензура қилиб санъатни тўса олмаймиз дейиши мумкин. Аммо одобсиз сўзлар ва бепарда диалогларнинг нимаси санъат? Уятли ва оддий маиший турдаги видеоларни очиқ фикрли, замонавий юртдошларимиз ҳам қоралаши аниқ.
“Ҳар миллатнинг ўз ранги, дунёқараши, тушунчалари ва талаблари бор. Қадриятларисиз миллат ўзини йўқотади. Агар тараллабедодлик қилишга қўйиб берилса, бутун бошли миллат ўзлигини, ўзини йўқотиши мумкин. Демократия иштонингни ечиб, саҳнага чиқавер, дегани эмас!”. Бу гапларни Озодбек Назарбеков 2016 йилда айтган экан. Менимча, вазиримизнинг ҳозир ҳам фикри ўзгармаган бўлса керак. Бироқ негадир бу қарашлар амалга акс этмаяпти. Айрим санъаткорларимизнинг чегарадан чиқиши тўхтамаяпти.
Фақат қўшиқчилар ёки кулгу усталари эмас, фильмлар борасида ҳам ишлар беш эмас. Авваллари “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” тарбиявий, маърифий кўрсатув сифатида кўриларди. Бугун телеканалларда шу типдаги кўрсатувлар ва теленовеллалар жуда кўпайиб кетди. Аммо уларнинг айримларида жуда хавфли тенденциялар илгари сурилмоқда. Бир қарасанг, келин қайнота билан, қайниука келинойиси билан ўйнашади. Ёки теленовеллаларда ажрим ҳолатлари жуда кўп учрайди. Ёш йигитнинг қари ва бой аёллар билан дон олишгани сюжетларини айтмай қўяқолайлик. “Иқрор” теленовелласининг бир сонида кузатдим: инжиқ қайнона ҳақидаги сонда йигит 20 дақиқалик эфир вақтида нақ уч марта уйланишга улгурди. Икки марта хотин қўйди. Ажрим, аёлини ҳайдаб юбориш, оилавий ришталар деган нарсалар жуда оддийлашиб кетмаяптими? Бир оиланинг барбод бўлиши ўзбек жамиятида шунчалик осон бўлдими?
Хонандалар, сериаллар, сўз усталари ва биз юқоридаги тилга олган кишиларни миллионлаб одамлар кузатади. Уларнинг орасида ёшлар жуда кўп. Демак биз бу нарсаларинг ёнидан шунчаки жим ўтиб кета олмаймиз. “Бир нарсани тўғри тушунишимиз керакки, биз демократик давлатда яшаяпмиз ўртоқлар. Маданият вазирлиги боғча опа эмас, ҳар битта соҳа вакилининг олдига бориб, “сен нотўғри гапириб қўйибсан, ундай дема, бундай дегин”, (демайди). Сизлар 40–50 ёш одамлар ҳақида гапиряпсизларда. У одамларга маънавиятдан, одобдан гапиришнинг ўзида қанчалик мантиқ бор? 50 ёшли одамга оддий боғчада гапирадиган ёки мактабда ўргатадиган нарсалар тўғрисида вазир шуғулланиши керакми? Нима деб ўйлайсизлар? Бу демократик нормага тушадими ёки йўқми? Бунга шундай қараш керак”, деган эди Озодбек Назарбеков 2024 йилда. Тўғри, Ўзбекистон демократик давлат, аммо Ғарб мамлакати эмас. Бизнинг ўзимизга яраша тарихимиз ва менталитетимиз бор. Саҳнага чиқаётган ҳар бир кас қаршисида ўзбек халқи турганини ҳис қилиб турмоғи лозим. Бўлмаса, юзага келадиган бошбошдоқлик “мева”ларини татиб кўришимиз аниқ.
Аброр Зоҳидов
Мақолага муносабат
МАВЗУГА ОИД ХАБАРЛАР
Таҳлил





