ИИВ аҳолига газ етказиб берилишини назорат қилади
Куз-қиш мавсумида аҳолини энергетика ресурслари билан узлуксиз таъминлаш, хусусан, суюлтирилган газ баллонларининг хонадонларга ўз вақтида ва тўлиқ етказилишини назорат қилиш кучайтирилади.

Бу жараёнда коррупция, ўзлаштириш ва талон-торожлик ҳолатларининг олдини олиш ҳам ИИВ назоратида бўлади.
Бу масала Ички ишлар вазирлигида вазир Азиз Ташпулатов раислигида ўтказилган йиғилишда муҳокама қилиндиТадбирда суюлтирилган газ баллонларини аҳолига белгиланган график асосида етказиб бериш, ажратилган газ ҳажмини ҳисобга олиш, ташиш ва тақсимлаш жараёнларида шаффофликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Истеъмолчилардан асоссиз тўловлар талаб қилиш, баллонларни белгиланган меъёрдан кам тўлдириш ёки ажратилган маҳсулотни манзилга етказмаслик каби ҳолатларга йўл қўймаслик зарурлиги таъкидланди.
ИИВ маълумотига кўра, сўнгги бир ой давомида энергетика ресурсларини ноқонуний сақлаш ва сотиш билан боғлиқ қатор ҳуқуқбузарликлар аниқланган.
Хусусан, кўмир маҳсулотини ноқонуний сақлаш ва ўтказиш билан боғлиқ 16 та ҳолат аниқланиб, 333 тонна 540 килограмм кўмир мусодара қилинган ва аҳоли эҳтиёжлари учун йўналтирилган.
Суюлтирилган газ билан боғлиқ эса 374 та ҳолат фош этилган. Натижада ноқонуний муомаладан 9 139 дона газ баллони ҳамда 92 тонна 936 килограмм суюлтирилган газ олиб қўйилиб, аҳоли истеъмолига қайтариш чоралари кўрилган.
Эътиборлиси, октябрь ойида Самарқанд вилоятидаги «Pastdarg‘omtumangaz» газ таъминоти корхонаси ходимлари аҳоли учун ажратилган газни талон-торож қилаётгани аниқланган. Улар махсус транспорт воситалари орқали газ баллонларини ноқонуний равишда олиб чиқиб кетган.
Тезкор тадбир давомида қиймати 32 миллион сўмлик 3 тонна 100 килограмм углеводород гази мусодара қилинган. Мазкур ҳолат юзасидан корхона ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Йиғилиш якунида Ички ишлар вазирлигининг соҳавий хизматлари ва ҳамкор ташкилотларга бир қатор вазифалар юклатилди. Жумладан, газ баллонларининг аҳолига ўз вақтида етказилишини назорат қилиш, таъминотдаги узилишлар сабабларини аниқлаш, маҳсулот ҳажми ва тақсимоти ҳисобини юритиш, истеъмолчилар мурожаатларини ўрганиш белгиланди.
Шунингдек, газ тўлдириш шохобчалари, омборлар ва тақсимлаш базаларида назоратни кучайтириш, энергетика ресурсларини ташишда юклар бутлигини таъминлаш ҳамда талон-торожликка йўл қўймаслик чоралари кўрилади.
Мақолага муносабат
МАВЗУГА ОИД ХАБАРЛАР
ЖамиятҒоядан катта мақсадлар сари: Филадельфияда сунъий интеллект асосида савдо агенти яратаётган ёш ўзбек тадбиркори
Жамият




