Маҳалла обод бўлса, жамият юксалади

Ёхуд давлат дастурининг мақсади ислоҳотлар самарасини ҳар бир хонадонга олиб кириш

11:33 | 22.10.2026
•
4,609
Маҳалла обод бўлса, жамият юксалади
Катталаштириш

Инсон учун маҳалла оддий яшаш жойи эмас. Бу ерда қувонч ҳам, ташвиш ҳам бошқалар билан баҳам кўрилади. Қўшнининг тўйида елкадош бўлинади, бошига ғам-ташвиш тушса, ёрдамга шошилади. Бирор хонадонда муаммо туғилса, уни биринчи бўлиб маҳалла аҳли сезади. Кимдир ишсиз қолса, кимнингдир фарзанди кўмакка муҳтож бўлса, атрофдагиларнинг эътиборидан четда қолмайди. Шу боис маҳалланинг ободлиги фақат равон йўллар, чиройли бинолар билан эмас, одамларнинг турмуши, даромади ва эртанги кунга ишончи билан ҳам ўлчанади. Кўчалари обод бўлса-да, аҳолиси ишсизлик ва ижтимоий муаммолардан қийналаётган маҳаллани фаровон деб бўлмайди.

2026 йилнинг «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб эълон қилингани замирида ҳам ана шу ҳақиқат мужассам. Жамиятда катта ўзгаришларга эришиш учун, аввало, одамлар яшаётган муҳитни яхшилаш, уларнинг дардига қулоқ тутиш ва муносиб турмуш кечириши учун шароит яратиш зарур.

Президентимизнинг 2026 йил 16 февралдаги «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастурида ҳам шу мақсадга хизмат қиладиган кенг кўламли вазифалар белгиланган. Маҳаллаларни ривожлантириш, аҳоли бандлигини ошириш, касб-ҳунарга ўргатиш, иқтисодий ўсишни таъминлаш, табиатни асраш, давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш шулар жумласидан.

Демак, гап фақат маҳаллаларни обод қилишда эмас. Асосий мақсад – иқтисодиётдаги ўсиш, ижтимоий соҳадаги ўзгаришлар ва бошқарувдаги янгиланишлар одамларнинг кундалик ҳаётида ҳам сезилишига эришиш. Масалан, кўча асфальтланди, чироқлар ўрнатилди, болалар майдончаси қурилди. Албатта, булар аҳоли учун қулайлик яратади. Аммо шу маҳаллада ишсиз ёшлар кўп бўлса, оилаларнинг даромади кундалик эҳтиёжларини қоплашга етмаса, фақат ободонлаштириш билан турмушни яхшилаб бўлмайди. Шунинг учун инфратузилмани ривожлантириш иқтисодий имкониятларни кенгайтириш билан бирга олиб борилиши керак.

Давлат дастурида маҳаллаларда 10 мингдан зиёд ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини ишга тушириш, 100 мингта янги иш ўрни яратиш, камбағаллик ва ишсизликдан холи маҳаллалар сонини 3,5 мингтага етказиш белгиланган. Бу мақсадлар учун маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга 20 триллион сўм йўналтириш режалаштирилган.

Ушбу рақамлар ортида минглаб оилаларнинг ҳаёти билан боғлиқ масалалар турибди. Янги иш ўрни бекор юрган йигит-қизларнинг даромад топишлари, ота-оналарнинг фарзандлари таълими ва тарбияси учун кўпроқ маблағ ажратишлари, оила ўз эҳтиёжларини мустақил қондириши демакдир. Маҳалланинг ўзида корхона ёки хизмат кўрсатиш шохобчаси очилса, одамлар иш излаб узоққа боришга мажбур бўлишмайди, ҳудудда иқтисодий фаоллик ортади.

Бироқ лойиҳалар сони кўплиги ҳали муаммолар ҳал бўлди, дегани эмас. Энг муҳими, уларнинг натижаси қандай бўлишида: яратилган иш ўринларида маҳаллий аҳоли ишлаяптими, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давом эттира оляптими, оилалар даромади ошяптими? Давлат дастури ижросига баҳо беришда ана шу саволларга жавоб топиш керак. Чунки сарфланган маблағ ёки амалга оширилган қурилишнинг аҳамияти одамлар турмушини яхшилашга қанчалик хизмат қилгани билан белгиланади.

Ҳар бир маҳалланинг ўз муаммоси бор. Бир жойда ичимлик суви тақчиллиги аҳолини қийнаса, бошқа ҳудудда ички йўллар таъмирталаб. Қайсидир маҳаллада ёшларни иш билан таъминлаш долзарб бўлса, яна бирида мактабгача таълим, тиббий хизмат ёки ижтимоий кўмакка эҳтиёж юқори. Шунинг учун барча маҳаллаларга бир хил ёндашиб, мавжуд муаммоларни тўлиқ ҳал этиб бўлмайди. Ҳар бир ҳудуд эҳтиёжини алоҳида ўрганиб, энг муҳим масалаларни биринчи навбатда ҳал қилиш зарур.

Давлат дастурида муаммоларни хонадонбай ўрганиш, аниқланган масалаларни тегишли ташкилотларга етказиш ва уларнинг ҳал этилишини назорат қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу жараёнда «маҳалла еттилиги»нинг масъулияти катта. Унинг вакиллари аҳоли билан бевосита мулоқот қилиб, хонадонлардаги ҳақиқий эҳтиёжларни билишлари, муаммоларни рўйхатга олиш билан чекланмай, ҳал этиш учун тегишли идоралар билан ишлашлари керак.

Ахир, одамлардан муаммосини қайта-қайта сўраш ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Муҳими, уни ижобий ҳал қилишда. Фуқаро бир масала билан маҳаллага, кейин туман идорасига, ундан сўнг яна бошқа ташкилотга қатнаб юрмаслиги лозим. Модомики мавжуд муаммони бартараф этиш муайян идоранинг вазифаси бўлса, масъуллар ишни ўз вақтида бажариши шарт.

Дастурда маҳаллалардаги муаммоларни тезкор ҳал этиш учун давлат органлари масъулиятини ошириш, ижрони ҳафтанинг ҳар куни, 24 соат давомида онлайн назорат қилиш амалиётини йўлга қўйиш ҳам назарда тутилган. У орқали муаммо қайси ташкилотга юборилгани, уни ҳал қилиш учун қандай чора кўрилгани ва иш қай даражада бажарилганини кузатиш мумкин бўлади.

Албатта, электрон назоратнинг ўзи муаммони ҳал қилмайди. Бунинг учун масъуллар ўз вазифасига виждонан ёндашиши, идоралар ўзаро ҳамкорлик қилиши ва бошланган ишни охирига етказиши керак. Энг муҳими, ташкилотлар масъулиятни бир-бирига юклаш оқибатида фуқаро муаммоси билан ёлғиз қолмаслиги даркор.

Маҳалладаги муаммоларни ҳал қилиш учун маблағ ҳам зарур. Лекин уни ажратишнинг ўзи етарли эмас. Маблағни қайси ишга йўналтириш, нимани биринчи навбатда ҳал қилиш ва сарфланган пулдан қандай натижа кутиш ҳам муҳим.

Давлат дастурида маҳаллаларнинг молиявий имкониятларини кенгайтириш, қўшимча маблағ манбаларини шакллантириш ва уларнинг сарфланиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш чоралари белгиланган. Жумладан, маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармасига қўшимча маблағ йўналтириш орқали ички йўлларни таъмирлаш, пиёдалар йўлакларини қуриш, чироқлар ўрнатиш, маҳалла биноларини таъмирлаш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган.

Бу маблағлар аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб сарфланса, натижаси одамларга сезилади. Узоқ вақтдан бери таъмирталаб кўчада яшаётганлар учун йўлнинг созланиши, кечқурун қоронғи кўчаларда юришга мажбур бўлганлар учун ёритиш воситаларининг ўрнатилиши кундалик ҳаётни енгиллаштиради.

Шу билан бирга, маблағнинг қаерга ва нима учун сарфланганини аҳоли билиши керак. Давлат дастурида маҳалла раиси ҳар чоракда жамоатчиликка очиқ ҳисобот бериб бориши белгилангани шу жиҳатдан аҳамиятли. Зеро, қайси кўча таъмирталаблиги, қаерда болалар майдончасига эҳтиёж борлиги ёки қайси ҳудудда чироқлар етишмаслигини ўша ерда яшайдиган одамлар яхши билишади. Шунинг учун маблағларни тақсимлашда аҳоли фикрини эшитиш, устувор муаммоларни биргаликда белгилаш ва бажарилган ишлар ҳақида очиқ маълумот бериш зарур. Бу маблағдан оқилона фойдаланишга ҳам, одамларнинг ўз маҳалласи тақдирига дахлдорлик ҳиссини кучайтиришга ҳам хизмат қилади.

Маҳаллада иш ўринлари яратиш муҳим, аммо бунинг ўзи билан чекланиб бўлмайди. Чунки иш топиш учун инсонда зарур билим ва кўникмалар ҳам бўлиши керак. Айниқса, меҳнат бозори тез ўзгараётган бугунги шароитда ёшларни замонавий касбларга ўргатиш, уларнинг қобилияти ва қизиқишига мос йўналишни танлашига кўмаклашиш долзарб вазифадир.

Дастурда касб-ҳунар таълимини ривожлантириш, ёшларни замонавий касбларга йўналтириш ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича тайёрлашга алоҳида ўрин берилган. 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб етти ҳудуддаги илғор касбий маҳорат техникумларида «Касблар шаҳарчалари»ни ташкил этиш, техникумларда стипендия тўлаш амалиётини йўлга қўйиш, шунингдек, малакани баҳолаш марказларини ташкил этиш режалаштирилган.

Бу ташаббуслар ёшларнинг касб танлашга бўлган қарашини ҳам ўзгартириши керак. Гап фақат диплом олишда эмас, балки бирор ҳунарни пухта эгаллаш, шу орқали иш топиш ва муносиб даромадга эга бўлишда. Ўз ишини яхши биладиган, замонавий талабларга мос мутахассиснинг имкониятлари ҳам кенг бўлади.

Бироқ касбга ўргатишнинг самараси битирувчилар сони билан эмас, уларнинг кейинги тақдири билан ўлчанади. Техникумни тугатган ёш ўз мутахассислиги бўйича иш топяптими? Корхоналарга керакли кадрлар етказиб беряптими? Ёшлар олган билимларини амалиётда қўллай олишяптими? Бунинг учун таълим муассасалари билан иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарур. Қайси соҳада мутахассис етишмаётгани, корхоналарга қандай кадрлар кераклиги олдиндан ўрганилса, касбга ўқитиш ҳам аниқ эҳтиёжга қараб ташкил этилади.

Маҳалла бу борада ёшлар билан иш берувчилар ўртасида кўприк бўлиши лозим. Йигит-қизларнинг қизиқиши ва қобилиятини аниқлаш, уларни касб ўрганишга йўналтириш, тадбиркорликка қизиққанларига ўз ўрнини топишига ёрдамлашиши даркор.

Маҳалла ободлиги ҳақида гап очилганда тоза ҳаво, ичимлик сув, «яшил» ҳудудлар ва атроф-муҳитни ҳам унутмаслик керак. Чунки инсоннинг турмуш сифати даромади ёки уй-жой шароити билан бир қаторда, у яшаётган муҳитга ҳам боғлиқ. Айниқса, сувдан оқилона фойдаланиш Ўзбекистон учун муҳим масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Шу боис давлат дастурида сув тежовчи технологияларни жорий этиш, ирригация тармоқларини яхшилаш, энергияни тежаш ва атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтиришга қаратилган вазифалар белгиланган. Жумладан, 504 минг гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш орқали 5 миллиард куб метр, 1,3 минг километр канал ва суғориш тармоқларини бетонлаштириш ҳисобига йилига қўшимча 500 миллион куб метр, сувни тежаш мақсад қилинган. Уларнинг ижросини таъминлаш обиҳаётдан фойдаланиш самарадорлигини оширади. Сувни тежаш қишлоқ хўжалиги учун ҳам, аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш учун ҳам зарур. Бугун бу борада кўрилган чоралар келгуси авлодларнинг сув ресурсларига бўлган эҳтиёжи учун ҳам муҳим.

Экологик маданият эса катта лойиҳалардангина бошланмайди. Маҳаллада дарахт экиш, кўчаларни тоза сақлаш, чиқиндиларни белгиланган жойга ташлаш, сувни исроф қилмаслик каби оддий одатлар ҳам умумий муҳитга таъсир кўрсатади. Бироқ аҳолидан тозалик ва тартибга риоя қилишни талаб этиш билан бирга, унинг учун шароит ҳам яратилиши керак. Чиқиндилар ўз вақтида олиб кетилиши, кўкаламзорлаштирилган ҳудудлар асраб-авайланиши, сув таъминотидаги муаммолар ҳал этилиши лозим. Одамлардан масъулият талаб қилинса, давлат идоралари ҳам ўз зиммасидаги вазифаларни бажариши шарт.

Дастурда суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, коррупцияга, гиёҳвандликка, хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш ҳам устувор йўналишлар қаторида белгиланган.

Бу вазифаларнинг барчасини бир мақсад бирлаштиради: инсон ҳуқуқлари ҳимояланган, муаммоси эътиборсиз қолмайдиган, меҳнати қадрланадиган ва келажагига ишонч билан қарайдиган жамиятни шакллантириш. Зеро, одамларнинг бир-бирига муносабати, қонунга ҳурмати, жамоат ишларидаги иштироки ва ёшлар тарбиясига эътибори ҳам тараққиётнинг муҳим белгиларидир. Маҳалла эса ана шу фазилатлар намоён бўладиган, одамлар ўртасидаги муносабатлар шаклланадиган муҳитдир.

Албатта, булар фақат маҳалла раиси ёки еттилик зиммасидаги вазифа эмас. Аксинча, ҳар бир фуқаро ўзи яшаётган муҳит ва жамият ҳаётига дахлдорлигини англаши зарур.

Шу нуқтаи назардан, давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини назорат қилиш, масъул ташкилотлар фаолиятини баҳолаш, мақсадли кўрсаткичларни кузатиб бориш ва жамоатчилик фикрини инобатга олиш муҳим аҳамиятга эга. Аммо назоратнинг ҳақиқий натижаси ҳисоботлардаги рақамларда эмас, одамлар ҳаётида юз берган ўзгаришларда кўриниши керак. Агар маҳаллада ишсизлик камайса, оилаларнинг даромади ошса, одамлар ўз муаммолари бўйича идорама-идора сарсон бўлмаса, таълим ва тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятлари кенгайса, белгиланган вазифалар ўз самарасини бера бошлаган бўлади.

«Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» давлат дастури олдимизга катта вазифаларни қўймоқда. Уларни бажариш учун маблағ, аниқ режа, пухта ташкилотчилик ва қатъий назорат зарур. Аммо буларнинг барчасидан ҳам муҳимроғи, одамларнинг эҳтиёжини тўғри англаш, уларнинг фикрини эшитиш ва ҳар бир ишнинг натижаси учун масъулиятни ҳис этишдир. Унда яшайдиган одамлар муносиб даромад топса, фарзандларининг келажагидан хотиржам бўлса, ёрдамга муҳтож инсон эътибордан четда қолмаса, муаммолар ўз вақтида ҳал этилса, ана шунда ободлик том маънода намоён бўлади.

Маҳалладаги ўзгариш одамлар ҳаётида сезилгандагина давлат дастурининг мақсади рўёбга чиқади. Зеро, жамиятнинг юксалиши, аввало, ҳар бир хонадондаги фаровонлик, ҳар бир инсоннинг қадри ва эртанги кунга бўлган ишончида акс этиши зарур.

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ

Ishonch.uz

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади