Тожикистонда аёллар учун пенсия ёшини 63 ёшга ошириш таклиф этилмоқда

13:52 | 22.10.2026
•
71
Тожикистонда аёллар учун пенсия ёшини 63 ёшга ошириш таклиф этилмоқда
Катталаштириш

Осиё тараққиёт банки Тожикистонда пенсия ёшини босқичма-босқич ошириш, пенсия тайинлаш учун талаб этиладиган суғурта стажини узайтириш ва пенсия тизимини молиялаштириш механизмларини қайта кўриб чиқишни таклиф этди. Ташаббуслар амалга оширилса, аёлларнинг пенсияга чиқиш ёши амалдаги 58 ёшдан 63 ёшга кўтарилиши мумкин. Шунингдек, эркаклар ва аёллар учун ягона пенсия ёшини 65 ёш этиб белгилаш варианти ҳам кўриб чиқилмоқда.

Банк мутахассисларининг фикрича, таклиф этилаётган ўзгаришлар узоқ муддатли истиқболда пенсия тизимининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкин. Бироқ бу ҳали қабул қилинган қарор эмас, балки кўриб чиқиш учун тавсия этилган ислоҳотлардир.

ПЕНСИЯ ЁШИ НЕГА ОШИРИЛМОҚДА?

Ҳозирда Тожикистонда аёллар 58 ёшдан, эркаклар эса 63 ёшдан пенсияга чиқади. ОТБ аёллар учун пенсия ёшини босқичма-босқич 63 ёшга етказиш ёки ҳар икки жинс вакиллари учун ягона пенсия ёшини 65 ёш қилиб белгилаш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф этган.

Бундай ташаббуснинг асосий сабабларидан бири аҳолининг умр кўриш давомийлиги ортиб бораётганидир. Мамлакатда ушбу кўрсаткич 2010 йилда 68,4 ёшни ташкил этган бўлса, 2024 йилда 76,6 ёшга етган.

Тожикистоннинг Миллий тараққиёт стратегиясида эса 2030 йилга бориб аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлигини 80 ёшга етказиш мақсад қилинган. Жумладан, эркаклар учун 78 ёш, аёллар учун 82 ёшлик кўрсаткич белгиланган.

ОТБ таҳлилига кўра, аёллар эркакларга нисбатан беш йил олдин пенсияга чиқади ва ўртача узоқроқ умр кўради. Натижада улар пенсия тизимига бадал тўлаш даврида камроқ иштирок этиб, пенсия тўловларини узоқроқ муддат олиши мумкин.

Шу сабабли банк пенсия ёшини қайта кўриб чиқишни тизимнинг узоқ муддатли молиявий барқарорлигини таъминлаш чораларидан бири сифатида таклиф этмоқда.

ПЕНСИЯ ОЛИШ УЧУН МЕҲНАТ СТАЖИ ҲАМ УЗАЙТИРИЛИШИ МУМКИН

Ҳисоботда пенсия тайинлаш учун зарур бўлган энг кам суғурта бадаллари тўлаш даврини узайтириш масаласи ҳам кўтарилган.

ОТБ эркаклар учун ушбу муддатни 25 йилдан 30 йилга, аёллар учун эса 20 йилдан 30 йилга етказиш имкониятини кўриб чиқишни тавсия қилган.
Бу таклиф амалга оширилса, пенсия олиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун фуқаролардан узоқроқ муддат давомида пенсия суғуртаси тизимида иштирок этиш талаб қилиниши мумкин.

Айни пайтда банк бундай ўзгаришларни жорий этишдан олдин уларнинг меҳнат бозорига, аҳоли бандлигига, пенсия тизимининг молиявий ҳолатига ва фуқароларнинг ижтимоий фаровонлигига таъсирини чуқур ўрганиш зарурлигини таъкидлаган.

ЎРТАЧА ПЕНСИЯ МИҚДОРИ ҚАНЧА?

Тожикистонда пенсия ёшини ошириш билан боғлиқ таклифлар аҳолининг пенсия таъминоти даражаси муҳокама қилинаётган бир пайтда илгари сурилмоқда.

ОТБ маълумотларига кўра, 2024 йилда мамлакатда ёшга доир ўртача пенсия 475,8 сомонини ташкил этган. Шу даврда ўртача ойлик иш ҳақи 2 148,9 сомонига тенг бўлган.

Демак, ўртача пенсия миқдори ўртача иш ҳақининг атиги 22,1 фоизини ташкил этган. 2023 йилда бу кўрсаткич 18,4 фоиз бўлган.

2024 йилда ёшга доир ижтимоий пенсиянинг ўртача миқдори эса 334,9 сомонига тенг бўлган.

2026 йил 1 сентябрдан бошлаб Тожикистонда пенсиялар камида 15 фоизга оширилган. Мамлакатнинг Ижтимоий суғурта ва пенсия агентлиги маълумотларига кўра, шундан кейин ўртача меҳнат пенсияси 741,31 сомонига, суғурта пенсияси 591,06 сомонига, ижтимоий пенсия эса 412,60 сомонига етган.

ОТБ пенсия тўловларини инфляция ва яшаш қийматидаги ўзгаришларга мувофиқ қайта кўриб чиқиш механизмларини такомиллаштиришни ҳам таклиф қилмоқда. Бунда пенсия миқдори фуқароларнинг асосий эҳтиёжларини қай даражада қоплаётганини баҳолаш имконини берувчи мезонларни ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилган.

Ҳисоботда Тожикистон пенсия тизими олдида турган яна бир жиддий муаммо — пенсия суғуртаси билан қамров даражаси етарли эмаслиги кўрсатилган.

2024 йилда мамлакатда тахминан 2,1 миллион киши пенсия суғуртаси тизимида рўйхатга олинган. Бу меҳнатга лаёқатли аҳолининг тахминан учдан бир қисмига тенг.

Бироқ тизимда рўйхатдан ўтиш барча фуқаролар пенсия бадалларини мунтазам тўлаб бораётганини англатмайди.

ОТБ маълумотларига кўра, 2025 йилда ижтимоий солиқ тушумлари 2,96 миллиард сомонини ташкил этган. Ҳисоб-китоблардаги шартлар асосида суғурталанган барча шахслар тегишли бадалларни тўлиқ тўлаган тақдирда, тушумлар 15,3 миллиард сомонига етиши мумкин эди. Амалдаги тушумлар эса ушбу ҳисоб-китоб суммасининг 19,3 фоизига тенг бўлган.

Банк бу фарқни, жумладан, норасмий бандлик, суғурта бадалларининг мунтазам тўланмаслиги ва рўйхатга олиш маълумотларидаги камчиликлар билан изоҳлаган.

Муаммони ҳал этиш учун ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ва норасмий секторда ишлаётган аҳолини пенсия суғуртаси тизимига кенгроқ жалб қилиш, давлат идоралари ўртасида маълумот алмашинувини яхшилаш ва суғурталанган шахсларни ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш таклиф қилинмоқда.

ИЖТИМОИЙ ПЕНСИЯЛАРНИ ДАВЛАТ БЮДЖЕТИДАН МОЛИЯЛАШТИРИШ ТАКЛИФИ

Тожикистонда суғурта ва ижтимоий пенсиялар амал қилади. Суғурта пенсияси фуқаронинг меҳнат фаолияти давомида тўлаган бадалларига боғлиқ бўлса, ижтимоий пенсия суғурта пенсиясини олиш учун белгиланган талабларга жавоб бермайдиган шахсларга тайинланади.

Мавжуд тизим асосан иш берувчилар, ходимлар ва якка тартибдаги тадбиркорлар тўлайдиган ижтимоий солиқ ҳисобидан молиялаштирилади.

ОТБ ижтимоий пенсияларни молиялаштиришни кўп йиллик режа асосида босқичма-босқич давлат бюджетига ўтказишни таклиф этган. Бу ижтимоий суғурта тизимига тушаётган молиявий юкни камайтиришга ёрдам бериши мумкин.

Шунингдек, нодавлат пенсия жамғармаларини ривожлантириш ва фуқароларнинг ихтиёрий пенсия жамғармаларини шакллантириши учун ҳуқуқий асос яратиш масаласи ҳам кўриб чиқилган. Бунда жамғармаларни лицензиялаш, инвестиция фаолиятини тартибга солиш ва давлат назоратини таъминлаш механизмларини ишлаб чиқиш таклиф қилинмоқда.

ПЕНСИЯ ТИЗИМИ РАҚАМЛАШТИРИЛАДИ

Ҳисоботда пенсия тизимини рақамлаштириш, фуқароларнинг шахсий пенсия ҳисобварақларига оид маълумотлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳам муҳим йўналиш сифатида кўрсатилган.

Ҳозирда пенсия бадалларини ҳисобга олиш учун индивидуал ҳисобварақлардан фойдаланилса-да, фуқаролар ўзлари учун қанча бадал тўлангани ва келгусида қандай пенсия олиши мумкинлиги ҳақидаги тўлиқ маълумотларга ҳар доим ҳам эга эмас.

ҚАРОР ҲАЛИ ҚАБУЛ ҚИЛИНМАГАН

Таъкидлаш жоизки, ОТБнинг аёллар учун пенсия ёшини 63 ёшга ошириш ёки эркаклар ва аёллар учун ягона 65 ёшлик пенсия ёшини жорий этиш ҳақидаги таклифлари ҳозирча тавсиявий хусусиятга эга.

Бу ўзгаришлар Тожикистонда аллақачон қабул қилингани ёки кучга кирганини англатмайди. Уларнинг келгусида амалга оширилиши учун тегишли таҳлиллар ўтказилиши ва ваколатли давлат органлари томонидан қарор қабул қилиниши талаб этилади.

ОТБнинг асосий мақсади пенсия тизимининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, аҳолини суғурта билан қамраб олиш даражасини ошириш ва пенсия тўловларининг етарлилигини таъминлашдан иборат.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади