Францияда халқ норозилиги нега кучаймоқда?

Мактаблардаги муаммолардан бошланган намойишлар қимматчилик, ижтимоий тенгсизлик ва ҳукумат сиёсатига қарши кенг кўламли ҳаракатга айланди. Мамлакатдаги тартибсизликлар президент Эммануэль Макроннинг сиёсий мавқеини янада заифлаштирмоқда.

14:16 | 20.10.2026
•
51
Францияда халқ норозилиги нега кучаймоқда?
Катталаштириш

Франция яна оммавий намойишлар ва кўча тўқнашувлари гирдобига тушди. Дастлаб мактаблардаги ўқитувчилар етишмовчилиги, таълим шароитлари ва давлат хизматларининг сифатига оид эътирозлар билан бошланган ҳаракат қисқа вақт ичида бутун мамлакатга ёйилиб, қимматчилик, ёқилғи нархлари, иш ҳақи, ижтимоий тенгсизлик ва бюджет харажатларига қарши умуммиллий норозиликка айланди.

2026 йил октябрь ойининг ўрталарида Франциянинг бир қатор йирик шаҳарларида юз берган воқеалар намойишларнинг айрим қисмларида оммавий тартибсизликлар, дўконларни талаш, биноларга ўт қўйиш ва полиция билан тўқнашувлар билан давом этди. Reuters агентлигининг 19 октябрдаги таҳлилига кўра, мамлакат сўнгги йиллардаги энг жиддий ички беқарорлик даврларидан бирини бошдан кечирмоқда.

Энг муҳими, бу галги норозиликни фақат айрим иқтисодий қарорларга қарши ҳаракат сифатида баҳолаш қийин. Унда аҳолининг кундалик ҳаётдан норозилиги, давлат хизматларининг заифлашиши, сиёсий тизимга ишончнинг пасайиши ва ҳокимиятнинг муаммоларга ечим топиш имкониятлари ҳақидаги саволлар бир нуқтада туташмоқда.

НОРОЗИЛИКЛАР НИМАДАН БОШЛАНДИ?

Франциядаги ҳозирги намойишларнинг илк тўлқини сентябрь ойида Парижнинг шимолий қисмидаги, асосан ишчи ва кам даромадли оилалар истиқомат қиладиган ҳудудлардаги мактабларда бошланган.

Ўқувчилар таълим муассасаларида ўқитувчилар етишмаслиги, дарсларнинг узоқ вақт ўтилмай қолиши, биноларнинг талабга жавоб бермайдиган ҳолати ва таълим олиш шароитларининг ёмонлигидан норози бўлган. Айрим мактабларда педагоглар етишмаслиги сабабли ўқувчилар бир неча ҳафта, ҳатто ойлаб тўлиқ таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Бундан ташқари, ўқувчилар университетларга қабул қилиш тизимининг шаффофлиги ва адолатлилиги борасида ҳам эътирозлар билдирган.

Дастлаб муайян мактаблар ва маҳаллий ҳудудлар доирасидаги муаммоларга эътибор қаратиш мақсадида бошланган ҳаракат тез орада бошқа шаҳарларга ҳам ёйилган. Талабалар, ёшлар ташкилотлари ва фаоллар унга қўшилган. Кейинчалик эса мамлакатдаги умумий ижтимоий-иқтисодий вазиятдан норози бўлган касаба уюшмалари ва «Сариқ нимчалилар» ҳаракатининг айрим вакиллари ҳам намойишларда иштирок эта бошлаган.

АФП агентлигининг хабарига кўра, Макрон ҳукуматининг вакили Мод Брежон президент талабаларнинг эътирозларида асосли жиҳатлар борлигини тан олганини, бироқ улардан айрим сиёсий кучлар ўз манфаатлари йўлида фойдаланаётган бўлиши мумкинлигини билдирган.

Бу баёнотнинг ўзиёқ ҳукумат вазиятни фақат таълим соҳасидаги муаммо сифатида эмас, балки сиёсий тус олаётган жараён сифатида ҳам баҳолаётганини кўрсатади.

АСОСИЙ САБАБ ҚИММАТЧИЛИКМИ ЁКИ ИЖТИМОИЙ ТЕНГСИЗЛИК?

Франциядаги намойишларнинг сабабларини фақат нарх-наво билан изоҳлаш етарли эмас. Қимматчилик оммавий норозиликни кучайтирган муҳим омил бўлса-да, унинг замирида давлат хизматларининг сифати, аҳолининг харид қобилияти, бюджет сиёсати ва сиёсий ишонч билан боғлиқ муаммолар ҳам бор.

Қимматчилик ва ёқилғи нархлари

Аҳоли учун энг сезиларли муаммолардан бири — кундалик ҳаёт харажатларининг ортиши. Ёқилғи нархларининг ошиши нафақат шахсий автомобилдан фойдаланувчиларга, балки товар ташиш, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларга ҳам таъсир қилади.

Транспорт харажатлари кўпайса, бу маҳсулот ва хизматлар таннархига ҳам босим ўтказиши мумкин. Натижада даромадининг катта қисмини озиқ-овқат, уй-жой, транспорт ва коммунал хизматларга сарфлайдиган оилаларнинг молиявий аҳволи янада оғирлашади.

Reuters агентлигининг 19 октябрдаги шарҳида ҳукумат аввалроқ ёқилғи қимматлашувидан жабр кўраётган фермерлар, балиқчилар ва юк ташувчилар каби айрим соҳаларга фавқулодда молиявий ёрдам ажратгани қайд этилган. Бироқ бундай чоралар аҳолининг барча қатламлари дуч келаётган муаммоларни тўлиқ ҳал қилиш учун етарли бўлмаслиги мумкин.

Давлат хизматларининг заифлашиши

Намойишларнинг мактаблардан бошлангани бежиз эмас. Таълим, тиббиёт, транспорт ва бошқа давлат хизматлари фуқароларнинг давлатга бўлган ишончига бевосита таъсир кўрсатади.

Агар ота-она фарзанди сифатли таълим олиши учун курашишга мажбур бўлса, ўқувчи дарслар мунтазам ўтилмаслигидан азият чекса, бу фақат мактаб маъмуриятининг муаммоси бўлиб қолмайди. Масала давлатнинг жамоатчилик олдидаги мажбуриятлари ва ресурсларни қандай тақсимлаётгани ҳақидаги саволни ҳам келтириб чиқаради.

Шу сабабли таълим соҳасидаги эътирозлар тезда умумий ижтимоий норозиликка қўшилиб кетди. Намойишчиларнинг бир қисми учун масала муайян мактабни таъмирлаш ёки ўқитувчи юбориш билан чекланмайди. Улар давлат харажатлари ва ижтимоий устуворликларни қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда.

НАМОЙИШЛАР НЕГА ЗЎРАВОНЛИККА АЙЛАНДИ?

17 октябрь, шанба куни Франциянинг турли шаҳарларида ўтказилган намойишлар мамлакатда сўнгги йилларда кузатилган энг жиддий тартибсизликлардан бирига айланди.

Реутерс агентлигининг 18 октябрдаги хабарига кўра, мамлакат бўйлаб юз минглаб одамлар намойишларда қатнашган. Агентликнинг дастлабки маълумотларида ярим миллиондан ортиқ иштирокчи ҳақида хабар берилган. Бироқ тинч бошланган намойишларнинг айрим жойларида вазият кескинлашиб, полиция билан тўқнашувлар, дўконларни талаш ва давлат биноларига ўт қўйиш ҳолатлари кузатилган.

Лимож шаҳридаги 143 йиллик шаҳар ҳокимияти биноси ёнғин оқибатида қисман вайрон бўлгани хабар қилинди. Бордо шаҳрида ўнлаб дўконлар талангани, Парижда эса савдо нуқталари ва жамоат инфратузилмасига зарар етказилгани айтилди.

Франция Ички ишлар вазирлиги маълумотларига таяниб тарқатилган хабарларда дастлаб мамлакат бўйлаб қарийб 1 800 киши қўлга олингани, кейинги хабарларда эса ҳибсга олинганлар сони 2 400 нафарга етгани қайд этилди. Бу рақамлар турли вақтда эълон қилинган маълумотлар бўлиб, уларни бир вақтдаги якуний кўрсаткич сифатида қабул қилмаслик керак.

Полиция ходимлари ҳам оммавий тартибсизликлар вақтида жароҳатланган. Айрим шаҳарларда маъмурий биноларга ҳужум қилинган, кўчаларда тўсиқлар ўрнатилган ва транспорт воситаларига зарар етказилган.

Бу ерда муҳим жиҳат бор: намойишларнинг кенгайиши ва зўравонликнинг кучайиши бир хил жараён эмас. Ижтимоий талаблар билан кўча тартибсизликларини фарқлаш керак. Ҳукумат ҳам айнан шу фарқни таъкидламоқда, бироқ унинг ўзи тинч намойишлар билан зўравонликка айланган воқеаларнинг олдини олишга қай даражада тайёр бўлгани ҳақида саволлар туғилмоқда.

МАКРОННИНГ МУНОСАБАТИ ҚАНДАЙ?

Ҳа, Франция президенти Эммануэль Макрон воқеаларга муносабат билдирди. У 18 октябрь куни телевидение орқали халққа мурожаат қилиб, мамлакатнинг бир қатор шаҳарларида кузатилган талончилик ва вайронкорлик ҳолатларини кескин қоралади.

Франция фуқароларининг учдан икки қисмидан кўпроғи Макроннинг фаолиятини  маъқулламайди

Макроннинг таъкидлашича, тинч намойишчиларнинг асосли талабларини давлат ва жамиятга зарар етказувчи ҳаракатлардан фарқлаш лозим. У зўравонликни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмаслигини билдириб, тартибсизликларда иштирок этганлар қонун олдида жавоб беришини таъкидлади.

Президент мамлакатдаги воқеалар тасвирларини кўриб, французлар ўз мамлакатига қандай қилиб бундай зарар етказиши мумкинлиги ҳақида савол туғилишини айтди. Унинг нутқида ғазаб ва уялиш ҳисси ҳам тилга олинди.

Бироқ Макроннинг мурожаати фақат зўравонликни қоралаш билан чекланмади. У хавфсизлик идоралари намойишлар кўламини олдиндан баҳолашда ёки полицияни тайёрлашда камчиликларга йўл қўйган-қўймаганини аниқлашни буюрди. Шунингдек, ҳукуматга вазиятни таҳлил қилиш ва бундай ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш чораларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Президент префектлар ва маҳаллий ҳокимият вакиллари зарур ҳолларда айрим йиғилишларни тақиқлаш ваколатидан фойдаланиши мумкинлигини ҳам билдирди.

Макрон шу билан бирга талабалар, ўқитувчилар, парламент вакиллари, касаба уюшмалари ва тадбиркорларни бир стол атрофида тўплаб, муаммоларни ҳал қилиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқишни сўради.

Демак, президентнинг позицияси икки йўналишдан иборат: бир томондан, зўравонликка нисбатан қатъий муносабат ва жамоат тартибини тиклаш; иккинчи томондан, норозиликнинг ижтимоий сабабларини муҳокама қилиш ва ечим излаш.

Бироқ Макроннинг мурожаатида ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича кенг кўламли, аниқ молиявий мажбуриятлар эълон қилинмади. Бу эса мухолифат ва айрим собиқ ҳамкорларининг танқидига сабаб бўлди.

ҲУКУМАТ ҚАНДАЙ ЧОРА КЎРМОҚЧИ?

Франция ҳукумати олдида бир-бири билан чамбарчас боғлиқ иккита вазифа турибди: кўчаларда жамоат тартибини тиклаш ва аҳолини намойишларга олиб чиққан ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш.

Биринчи йўналишда хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар талончилик, ўт қўйиш ва бошқа ҳуқуқбузарликларда иштирок этганларни аниқлаш учун видеотасвирлар ва бошқа далилларни ўрганмоқда. Айрим ҳудудларда қисман комендантлик чекловлари жорий этиш режалаштирилган. Агар намойишлар яна кучайса, полиция ходимлари сонини кўпайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.

Шу билан бирга, маҳаллий ҳокимият органлари хавфли деб баҳоланган айрим оммавий йиғилишларни чеклаши мумкин.

Иккинчи йўналиш — зўравонлик оқибатида зарар кўрган тадбиркорлар ва корхоналарга ёрдам бериш. Реутерс агентлигининг 19 октябрдаги шарҳига кўра, ҳукумат жабрланган иш берувчиларга ходимларни оммавий ишдан бўшатмаслик имконини берувчи вақтинчалик чораларни қўллаш, шунингдек, корхоналарнинг тезкор молиявий эҳтиёжларини қоплаш учун ёрдам механизмларини ишлаб чиқмоқда. Зарарларнинг бир қисми суғурта орқали қопланиши ҳам кутилмоқда.

Бироқ ёрдамнинг тўлиқ ҳажми, маблағларни тақсимлаш тартиби ва барча чораларнинг молиявий тафсилотлари ҳақида аниқ маълумотлар ҳали тўлиқ эълон қилинмаган.

Таълим соҳасида ҳукумат ўқитувчилар етишмовчилигини камайтиришга ҳаракат қилмоқда. Реутерс маълумотига кўра, иш бошлашни кутаётган, зарур малакага эга тахминан 3 000 нафар ўқитувчини мактаблардаги бўш ўринларни тўлдириш учун жалб қилиш ваъда қилинган.

Бу муҳим қадам бўлиши мумкин. Аммо ўқитувчиларни ишга жойлаштиришнинг ўзи мактаб бинолари ҳолати, таълим сифати, университетларга қабул тизими ва таълим соҳасининг узоқ муддатли молиялаштирилиши билан боғлиқ барча масалаларни ҳал қилмайди.

Ҳукумат учун энг мураккаб вазифа ҳам шунда: хавфсизликни тиклаш билан бирга, аҳоли норозилигининг ижтимоий сабабларига ҳам жавоб бериш керак.

НЕГА МАКРОННИНГ ИМКОНИЯТЛАРИ ЧЕКЛАНГАН?

Франциядаги вазиятни мураккаблаштираётган омиллардан бири — мамлакатнинг молиявий аҳволи ва сиёсий тизимдаги парокандаликдир.

Макрон: “30 та давлат Украинага хавфсизлик кафолатини беришга тайёр” | Daryo

Реутерс таҳлилида таъкидланишича, Франция ҳозир катта бюджет тақчиллиги ва давлат қарзининг ўсиши билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда. Ҳукумат бир вақтнинг ўзида давлат молиясини барқарорлаштириш, харажатларни назорат қилиш ва аҳолининг ижтимоий талабларига жавоб беришга мажбур.

Бу эса ўзаро зиддиятли талабларни келтириб чиқаради.

Бир томондан, намойишчилар таълим, иш ҳақи, нафақалар ва ижтимоий хизматларга кўпроқ маблағ ажратилишини истайди. Иккинчи томондан, бюджет тақчиллигини камайтириш учун давлат харажатларини чеклаш зарурати ҳукуматнинг имкониятларини қисқартиради.

Агар ҳукумат аҳоли талабларига жавобан катта миқдорда маблағ ажратса, бюджет барқарорлигига босим кучайиши мумкин. Агар харажатларни қисқартиришда давом этса, ижтимоий норозилик янада кучайиши эҳтимоли бор.

Шу билан бирга, Макроннинг сиёсий мавқеи ҳам заифлашган. 2024 йилда парламент сайловларини муддатидан олдин ўтказиш тўғрисидаги қарори мамлакатдаги сиёсий кучлар нисбатини ўзгартириб, парламентдаги парокандаликни кучайтиргани учун танқид қилинмоқда.

Бундай шароитда ҳукуматнинг муҳим қарорларни қабул қилиши ва парламентда улар учун барқарор қўллаб-қувватлаш топиши қийинлашади.

Шу сабабли ҳозирги намойишлар фақат кўчалардаги тартибсизликлар эмас. Улар Франция давлатининг ижтимоий талабларга жавоб бериш қобилияти ва сиёсий бошқарувнинг самарадорлиги учун ҳам жиддий синовдир.

Феруза РАҲИМОВА,

Ishonch.uz

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади