АҚШ фуқаролигини олганлар сони 76 фоизга камайди

АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизматининг янги расмий маълумотларига кўра, 2026 йил апрель–июнь ойларида фуқаролик олиш учун берилган аризалардан 57 минг 697 таси маъқулланган. Бу 2025 йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 76 фоиз кам.
Таққослаш учун, 2024 йилнинг апрель–июнь ойларида 218 минг 720 та ариза тасдиқланган. Айрим шаҳарларда янада кескин пасайиш кузатилган. Масалан, Калифорния штатидаги Сан-Хосе шаҳрида 2025 йилнинг шу даврида 9 минг 41 та ариза маъқулланган бўлса, 2026 йилда кўрсаткич атиги 317 тани ташкил этган. Бу 96,5 фоизлик пасайишдир.
2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, 742 минг 138 киши фуқаролик олиш бўйича аризалари юзасидан жавоб кутмоқда. Бу 2024 йилнинг мос давридаги кўрсаткичдан қарийб икки баравар кўп.
АҚШ Ички хавфсизлик вазирлигининг маълум қилишича, Трамп маъмурияти фуқароликка номзодларни текшириш жараёнини кучайтирган. Жумладан, инглиз тилини билиш, фуқаролик имтиҳонини топшириш ва ариза берувчилар ҳақидаги маълумотларга қўйиладиган талаблар қатъийлаштирилмоқда.
Иммигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар эса аризаларни кўриб чиқиш атайлаб кечиктирилаётган бўлиши мумкинлигидан хавотирда.
Таъкидлаш жоиз, тасдиқланган аризалар сонининг 76 фоизга камайиши шунча ариза рад этилганини англатмайди. Бу уч ой давомида маъқулланган аризалар сони қисқарганини билдиради. Кўплаб аризалар ҳали ҳам кўриб чиқилиш жараёнида.






