Хатирчи қуёши фойдада ёхуд қуёш панелли икки олис хонадон иқрори

17:26 | 12.11.2026
•
135
Хатирчи қуёши фойдада ёхуд қуёш панелли икки олис хонадон иқрори
Катталаштириш

“Бир кунда икки соат, уч соат цвет ёнса, 10 соат, тўққиз соат цвет бермасди”, деб эслайди Навоий вилояти Хатирчи туманидаги Хўжақўрғон маҳалласида яшовчи нафақахўр Шоира хола Қаршиева. 2025 йилда у томига қуёш панели ўрнатган. Энди эса электр учун пул тўламайди, аксинча, ортиқчасини давлатга сотади. Аммо бу фақат оила бюджетига эмас балки томда ишлаб чиқарилган ҳар бир киловатт-соат электр иссиқлик станциясида ёқилмай қолган газ ва ҳавога чиқмаган карбонат ангидрид орқали табиатга ҳам фойда келтирди.

Хатирчилик тадбиркор Дилмурод Холиқовни ҳам қуёш панелини ўрнатишга айнан қишки узилишлар ундаган: “Қиш фаслларида кўп чироқ ўчарди. Ток етишмаслигидан узоқ йиллар жабр кўрдик. Ҳозир набираларимиз, болалар бор, улар дарсини қилиши керак. Уй эса ёруғ ва иссиқ туриши шарт!” 2025 йил августида унинг томига 9 та панелдан иборат 5 кВт тизим ўрнатилди. Оила айтишича, ёзда панель кунига 13–18 кВт· соат электр беради, ортиғи давлатга сотилади. Аввал ойига 40–100 минг сўм тўлаган оила энди электр учун пул тўламайди, аксинча, ҳар ой тушум олади. Аммо кредит тўлови ҳозирча бу тушумдан катта. “Уч йил ўта-кетар, кейин умрбод шу хонадонимга, фарзандларимга, невара-чевараларимга хизмат қилиб беради”, дейди у.

Шоира Қаршиева учун эса панель аллақачон ўзини оқлаяпти. Унинг 8 кВт тизими ёзда ойига 1–1,2 млн сўм, қишда бунинг ярмича тушум келтиради, 800–900 минг сўмлик кредит тўлови эса шу пулдан узилади. “Бемалол ўзини ўзи қоплайди. Уйда ҳар хонада кондиционер, кир ювиш машиналари, телевизорлар бор. Шуларданам ортиб давлатга ҳам сотамиз” дейди Қаршиева.

Иқлим ўзгаришида қандай таъсири бор деган саволимизга “Ўрнатганимдан бери фақат фойда олдим, бирор бир иқлимни ўзгартирганини сезмадим” деб самимийгина жавоб олдик.

Кўрсаткич

1-оила (Холиқовлар)

2-оила (Хўжақўрғон МФЙ)

Тизим

5 кВт, 9 панель, аккумуляторсиз; 2025-йил август

8 кВт, аккумуляторсиз; 2025-йил ёзи

Нарх ва молия

Агробанк: 22 млн сўм, фоизи билан 32 млн сўм, 3 йил

Агробанк: 22 млн сўм, 20 фоиз, бошланғич тўловсиз, 6 ой имтиёз

Ойлик кредит тўлови

1,3 млн → 980–990 минг сўм

200–300 минг (имтиёз) → 800–900 минг сўм

Электр ҳисоби

40–100 минг сўм → 0

50–100 минг сўм → 0

Тармоққа сотишдан

ёзда 480–500 минг, қишда 180–230 минг сўм/ой

ёзда 1–1,2 млн, қишда 500–600 минг сўм/ой

“Қуёшли хонадон” дастурида тармоққа узатилган ҳар бир кВт·соат учун давлат 1 000 сўм тўлайди.

Суҳбатдошимизнинг фикри табиий, чунки панелнинг иқлимга фойдаси уйда эмас, газ ёнадиган станцияда сезилади. Энергетика вазирлигининг очиқ маълумотларига кўра, кичик қуёш панеллари 2023–2026 йилларда 4,7 млрд кВт·соат электр бериб, 1,27 млрд куб метр газни тежаган ва 2,7 млн тонна иссиқхона газининг олдини олган. Бу ҳар 1 000 кВт·соатга тахминан 270 куб метр газ ва 575 кг чиқинди демак. Холиқовларнинг тизими йилига 4–5 минг кВт·соат берса, у ҳар йили 1,1–1,4 минг куб метр газни тежайди ва 2,3–2,9 тонна чиқиндининг олдини олади. Аммо панелли хонадонлар ҳали 8,2 млн маиший истеъмолчининг атиги 1 фоизи дейди Гидрометеорология илмий тадқиқот институти амалий иқлимшунослик лабораторияси мудири – Эркин Абдулахаров.

Биз суҳбат қурган муҳандис ҳам панелнинг афзалликларини таъкидлайди. НКМК АЖ 2-сонли гидрометаллургия заводи муҳандиси Суҳробжон Носиров “Қуёш панели ёқилғи талаб қилмайди ва хонадон аъзолари учун мутлақо хавфсиз” дейди, унинг фикрича, у электр харажатини 70–90 % гача тежаш имконини беради. Агар аккумуляторли тизимлар ўрнатилса, уйда ҳатто тунда ҳам узлуксиз чироқ, музлатгич ва телевизор ишлаб туради.

Аммо бундай тизим икки оилада ҳам бажарилмаган. Уларда аккумулятор йўқ ва Шоира Қаршиева буни шундай очиқлайди: “Ҳозир бошқаларда свет ўчса, бизда ҳам ўчади. Лекин чироқ қишлоқда яқин 5 йилда олдингидай кўп ўчмаяпти”. Унинг фикрича, аккумулятор бир-икки йилда ишдан чиқади. Иккинчи чеклов эса қиш: “Булут бўлганларда кам ишлайди”, дейди у, иккала оиланинг қишки тушуми ҳам ёздагидан икки баробар ва ундан ҳам кўпроқ камаяди. Муҳандис суҳбат давомида панелни йилига 1–2 марта ювиш керак дейди, лекин иккинчи оила бу ишни кўпроқ ёмғирга топширган. Икки оила ҳам ўрнатган компанияда 3 йиллик кафолат бор.

Муҳими, давлат томонидан ўйлаб чиқилган “Қуёшли хонадон” қуёш панелини ўрнатиш лойиҳаси ечим сифатида ишлаяпти, аммо уни кенгайтириш учун яна уч нарса керак.

Биринчиси, арзон кредит: фоиз Холиқовларнинг 5 кВт тизимини 22 млн сўмдан 32 млн сўмга қимматлаштирган ва унинг тушуми кредит тўловини қопламайди, 8 кВт тизимда эса қоплайди.

Иккинчиси эса ишончли сервис. Ўрнатувчилар тозалаш хизматини йўлга қўйиши керак. Учинчиси, барқарор қоидалар. Масалан, кВт соатига 1 000 сўмлик тўловнинг узоқ муддатли кафолати ва аккумуляторга рағбати бўлиши керак. Бухородаги бир дастурда уйларга панель билан бирга 4,8 кВт соатлик аккумулятор ўрнатилаётгани бунга мисол.

Бу масалалар мамлакат миқёсида ҳам долзарб. Ўзбекистон 2035 йилгача ЯИМ бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газларини 2010 йилга нисбатан 50 фоизга камайтиришни ва 2030 йилгача электрнинг 54 фоизини қайта тикланувчи манбалардан олишни мақсад қилган. Мамлакат бу ташаббусларини 9–20 ноябрда Антальядаги COP31 иқлим саммитида тақдим этади. Хатирчидаги икки оилада кондиционер, сув иситгич ва кир ювиш машинаси аллақачон ўз қуёш электрида ишламоқда. Бу электрлаштиришнинг қишлоқдаги кичик, аммо ҳақиқий кўриниши. Аккумулятор, адолатли кредит ва ишончли сервис билан тўлдирилса, бундай томлар Марказий Осиёнинг энергетика келажагини қувватлантиради.

Хатирчи тумани, Хўжақўрғон маҳалласи Қаршиевалар оиласи

Навоий вилояти Хатирчи тумани, Хўжақўрғон маҳалласи. Шоира Қаршиева ва Фарҳод Хушвақтов хонадони томидаги 8 кВт қувватли қуёш панели 2025-йил ёзидан бери ишлайди.
Панель берган токни уй ва тармоқ учун мослайдиган инвертор. Тизимда аккумулятор йўқ, шунинг учун тармоқ ўчса, уй ҳам электрсиз қолади: “Ҳозир бошқаларда свет ўчса, … бизда ҳам ўчади.” Шоира опанинг айтишича, аккумулятор бир-икки йилда ишдан чиққани ва узилишлар камайгани учун уни олишмаган.
“Қуёшли хонадон” иловаси 2026-йилда тармоққа берилган электрни кўрсатади: январда 313, февралда 296, мартда 429, апрелда 511 кВт·соат. Шоира опа айтганидек, “Булут бўлганларда кам ишлайди”: қишки ойларда панель баҳордагидан анча кам электр беради.
Оилага жами 5 904 220 сўм ўтказилган, яъни тармоққа 5 904 кВт·соат электр берилган. Вазирлик нисбати бўйича бу тахминан 1 590 куб метр газ ва 3,4 тонна иссиқхона гази тежалгани демак (муаллиф ҳисоби). Тушум турмуш ўртоғи Фарҳод Хушвақтов номидаги картага келади.
Шоира Қаршиева ва турмуш ўртоғи Фарҳод Хушвақтов дастурхон атрофида. Тизим Агробанк орқали 22 млн сўмлик кредитга, бошланғич тўловсиз олинган, ойлик тўлов 800–900 минг сўм. Шоира опанинг сўзича: “Бемалол ўзини ўзи қоплайди.” 2026-йил ёзида картага бир ўтказмада 1,1–1,3 млн сўм тушган.
Шоира опа музлатгич олдида. Уйда кир ювиш машиналаридан тортиб пардани турган жойида дазмоллайдиган аппаратгача бор.
Шоира опа ҳаммомда. Сув иситгич электрда ишлайди, оила айтишича, панель ўрнатилгандан бери у ўчмаган. Уйда ҳожатхона, душ ва канализация ичкарида: “ҳозирги қишлоқ шароитлари шаҳардан кам эмас”, дейди у.
Иссиқ сув учун бу уйда газ эмас, электр ишлатилади. Уйнинг бир қисми кундузи ўз қуёш электрида ишлаши электрлаштиришнинг қишлоқдаги кичик, аммо ҳақиқий кўриниши.
Чангютгич. Шоира опа илгари уйларни супурги билан тозалаганини эслайди: “Олдинлари … уйларимизни, хонадонларимизни шипирардик, шипирки билан.” Энди бу ишларни ҳам электр техника бажаради.
Оила аъзоси, телевизор кўрмоқда. Шоира опанинг айтишича, шанба-якшанба кунлари шаҳардан фарзандлари ва набиралари келади, уйнинг ҳар хонасида, ҳатто ошхонада ҳам телевизор бор.
Кечки пайт Шоира опа дераза олдида. Панель кундузи ортиқча электрни давлатга сотади, кечаси эса уй тармоқдан озиқланади. Шунга қарамай, у қўшниларига панель ўрнатишни маслаҳат беради: “Ҳаммага тавсия қиламан, қуёш батареясини қўйишни. Ҳеч қандай зиёни йўқ, фойдаси бор.”

Хатирчи тумани, Хўжақўрғон маҳалласи Холиқовлар оиласи

Навоий вилояти Хатирчи тумани, Хўжақўрғон маҳалласи. Тадбиркор Дилмурод Холиқов хонадонининг томида 2025-йил августидан бери 5 кВт қувватли қуёш панели ишлайди. Оила айтишича, ёзда у кунига 13–18 кВт·соат электр беради.
Панеллар аккумуляторсиз, тўғридан-тўғри умумий тармоққа уланган. Кундузи уй эҳтиёжидан ортган электр тармоққа узатилади, кечаси эса уй тармоқдан озиқланади. Ўзбекистонда тармоқ электрининг асосий қисми газдан олинади, шунинг учун томдан тармоққа берилган ҳар бир киловатт-соат станцияда газ тежайди.
Дилмурод ака инверторни кўрсатмоқда. Бу қурилма панелдаги ўзгармас токни уй ва тармоқ учун ўзгарувчан токка айлантиради. Инвертор устига картон қутидан соябон қилинган. Тизим Агробанк кредити билан 22 млн сўмга олинган, фоизлари билан 32 млн сўмга тушади. Оила айтишича, кафолат муддати уч йил.
Телефондаги иловада ҳар кунлик ҳисоб кўринади: 6-октябрда хонадон тармоққа 15,89 кВт·соат электр берган, 5-октябрда эса тармоқдан олгани 3,62 кВт·соатга кўп бўлган. Октябрь бўйича жами 216,43 кВт·соат, яъни 216 430 сўм. Энергетика вазирлиги нисбатига кўра, бу станцияда тахминан 58 куб метр газ ёқилмагани демак (муаллиф ҳисоби).
Панель ўрнатилганидан бери оила картасига жами 4 018 450 сўм ўтказилган. Куз келгани сари тушум камаймоқда. 26-августда 453 294, 30-сентябрда 411 260, 27-октябрда 319 606 сўм тушган. Бу тахминан 4 минг кВт·соат тармоққа берилган электр. Вазирлик нисбати бўйича бу 1 080 куб метр газ ва 2,3 тонна иссиқхона гази тежалганини билдиради (муаллиф ҳисоби). Ойлик кредит тўлови эса 980–990 минг сўм.
Дилмурод ака сув иситгич ва кир ювиш машинаси турган хонада. Оила айтишича, панель олти лампочка, икки телевизор, кондиционер, музлатгич ва сув иситгични бемалол таъминлайди. Уй иситиши эса ҳамон панелга уланмаган. Маиший техника электрга ўтгани сари электр қаердан келиши иқлим учун тобора муҳимроқ бўлиб боради.
Нафиса Суннатова, Дилмурод аканинг турмуш ўртоғи, томдаги панелларни кўрсатмоқда. Оила аввал қишда ойига 100 минг сўмгача, ёзда 40–50 минг сўм электр тўлови қилган. Ҳозир эса умуман тўлов қилишмайди.
Холиқова Руҳстатой, оиланинг кекса аъзоси. Илгари узилишларда хонадон аккумуляторга уланган лампа билан ёритилган. Панель ўрнатилгач, эскирган аккумуляторлар чиқариб ташланган.
Хонадон аёллари ёруғ хонада. Панелнинг салбий томони борми, деб сўраганимизда Дилмурод ака шундай жавоб берди: “Йўқ, қандай минус, салбий томонлари йўқ.”
Кечки пайт оиланинг кичик аъзоси дарс тайёрламоқда. Панель фақат кундузи ишлайди: бу чироқ кечқурун умумий тармоқдан, яъни асосан газ станциялари электридан ёнади. Аккумулятор бўлганида кундузги қуёш энергияси кечгача сақланарди.
Дилмурод ака панель ўрнатиш қарорини айнан болалар билан боғлайди: “Энди набираларимиз бор, болалар бор, болалар дарсини қилиши керак. Айниқса, овқатга ўтирган пайтлари ўчирарди.” Кредит уч йилда ёпилгач, панель “умрбод шу хонадонимга, фарзандларимга, невара-чевараларимга хизмат қилиб беради”, дейди у.

Эъзоза Умурзоқова
Ishonch.uz

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

2 овоз

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади