Суд қарори чиққан кредитлар бўйича фоиз ва пеня ҳисоблаш тўхтатилади

Фуқаролик кодексининг 744-моддаси учинчи қисмига мувофиқ, кредит қарзини ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилгач, қарорда белгиланган суммага нисбатан фоиз, жарима (неустойка) ёки пеня ҳисоблаш тўхтатилиши шарт — қарз миқдори қўшимча устамалар ҳисобига ошиб бормаслиги лозим.
Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси қарори билан тижорат банклари зиммасига ушбу талабга тўлиқ риоя этилишини таъминлаш вазифаси юклатилди. Унга кўра, банкларнинг ички аудит хизматлари 2026 йил 10 декабрга қадар суд қарори чиқарилган барча кредитларни тўлиқ текширувдан ўтказиб, ноқонуний ҳисобланган фоиз ва жарималарни бекор қилиши ҳамда ундирилган маблағларни қисқа муддатда қарз олувчиларга қайтариши зарур.
Амалга оширилган ишлар юзасидан батафсил ҳисобот эса 2026 йил 25 декабрга қадар Марказий банкка тақдим этилади.







