Ҳуқуқини талаб қилган ходималар ишига тикланди

Тошкент вилояти педагогларни янги методикаларга ўргатиш марказида ишловчи Назокат Душаева билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчи ташаббусига кўра, бир томонлама бекор қилинди.

17:10 | 12.11.2026
•
15
Ҳуқуқини талаб қилган ходималар ишига тикланди
Катталаштириш

Бундан норози бўлган ходима Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилояти кенгашига мурожаат қилди.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида меҳнат-ҳуқуқ инспектори ишга оид ҳужжатларни батафсил кўздан кечирди. Натижада иш берувчи томонидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг тегишли моддалари талаблари бузилгани аниқланди. Қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш мақсадида иш берувчига тегишли кўрсатма хати киритилди. Ўз хатосини тан олган иш берувчи ходимани ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқни бекор қилди. Натижада Назокат Душаева аввалги лавозимига қайта тикланди.

Яна бир мурожаат Чирчиқ шаҳар 1-сонли оилавий поликлиника умумий амалиёт ҳамшираси Гулноза Мирякубовадан келиб тушди.
– Мени 2025 йилнинг бошида оилавий поликлиникага бир ставка асосида ишга қабул қилишган эди. Бироқ жорий йил сентябрь ойида бошқа бир ходимнинг ўрнига ишга олинганимни айтиб, ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишимни сўрашди. Ўша ходим бола парвариши таътилини узайтиришни сўрагани, шундан кейингина менга ойлик иш ҳақи тўланиши мумкинлигини билдиришди, – дейди у.

Маълум бўлишича, Гулноза Мирякубова ишга қабул қилинаётганида ўриндошлик асосида ишга олинганидан хабардор бўлмаган. Ишдан бўшатиш ҳақида ариза ёзишни рад этганидан сўнг эса, салкам икки ой давомида унга иш ҳақи тўланмаган. Орадан вақт ўтиб, у бошқа вазифага – патронаж дояси ва лавозимига ўтказилганини билган.

Касаба уюшмалари томонидан ўтказилган ўрганиш ва иш берувчига киритилган кўрсатма хати натижасида Гулноза Мирякубованинг меҳнат ҳуқуқлари ҳам тиклаб берилди. Шунингдек, мажбурий равишда ишдан четда қолган кунлари учун компенсация тўлаб берилиши белгиланди.

Машраб Мирзаев,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг
Тошкент вилояти кенгаши меҳнат-ҳуқуқ инспектори

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади