Ўзбекистон ва Молдова касаба уюшмалари ҳамкорликни кенгайтиради
Касаба уюшмалари куни муносабати билан Ўзбекистонга ташриф буюрган Молдова Алоқа ходимлари касаба уюшмалари Федерацияси раиси Елизавета Юрку хоним Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши фаолияти билан танишди.

Кеча бўлиб ўтган учрашувда меҳмонга тармоқ касаба уюшмаси томонидан амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар ва истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, соҳа ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-иқтисодий ҳамда ҳуқуқий ҳимоя қилиш, хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, спорт-соғломлаштириш тадбирлари, маданий ҳордиқ ва туризмни ривожлантириш, бошланғич ташкилотлар фаолиятини рақамлаштириш борасидаги ишлар хусусида сўз юритилди.
Республика кенгаши раисининг ўринбосари А. Аҳмедов тармоқ касаба уюшмасида жорий этилган икки бўғинли бошқарув тизими, иш берувчилар билан ижтимоий шериклик асосидаги ҳамкорлик ҳамда Тармоқ жамоа келишуви ва жамоа шартномалари орқали ходимлар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги тажрибалар билан ўртоқлашди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши билан Молдова алоқа ходимлари касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум тузиш ҳамда дўстона ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.







