Янги Тошкент ўз ҳокимлигига эга бўлади

Президентнинг 2026 йил 10 ноябрдаги ПФ–243-сон Фармони билан Янги Тошкент шаҳридаги бошқарув тизими тасдиқланди.

09:51 | 12.11.2026
•
71
Янги Тошкент ўз ҳокимлигига эга бўлади
Катталаштириш

Ҳужжатга мувофиқ, шаҳар ҳокимини Президент тайинлайди ва лавозимидан озод этади. Ҳоким тегишли маъмурий-ҳудудий бирлик ташкил этилгунига қадар ўз фаолиятини амалга оширади.

Ҳокимлик аппарати 14 нафар ходимдан иборат бўлади. Унинг таркибига ҳоким, биринчи ўринбосар ва икки нафар ўринбосар, ёрдамчи, ахборот хизмати раҳбари (давлат тили бўйича маслаҳатчи), ташкилий-назорат гуруҳи, бош ҳисобчи, бош юрисконсульт ҳамда девонхона киради. Ҳоким ўринбосарларининг вазифа йўналишларини ҳудудни ривожлантириш режаларидан келиб чиқиб белгилайди.

Шаҳарда 16 та давлат органи бўлинмаси ташкил этилиб, улар учун жами 30 та штат бирлиги ажратилади. Жумладан, экология, статистика, иқтисодиёт ва молия, инвестициялар, таълим, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, маданият, кадастр, ёшлар ишлари, оила ва хотин-қизлар, санитария-эпидемиология йўналишларида бўлинмалар фаолият юритади. Шунингдек, Президентнинг Халқ қабулхонаси, тиббиёт бирлашмаси, солиқ инспекцияси ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини ташкил этилади.

Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бир ой муддатда шаҳарда ўз тузилмаларини ташкил қилиши белгиланган. Улар мазкур идораларнинг амалдаги штат бирликлари ҳисобидан шакллантирилади.

Фармонга кўра, ҳокимлик дирекцияга ажратилган ҳудудларда Тошкент вилояти ва туманлари органлари ваколатига кирадиган масалалар юзасидан мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Ҳокимлик ва давлат органлари бўлинмаларини сақлаш харажатлари республика бюджети ҳисобидан қопланади. Фармонда назарда тутилмаган бошқа идоралар эса шаҳарда Тошкент вилоятидаги мавжуд бўлинмалари орқали фаолият юритишда давом этади.

Ҳозирча ҳокимлик ва унинг бўлинмалари собиқ «Янги Тошкент» лойиҳа офиси биносига жойлаштирилади. Уларга мазкур бинодан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади