Афғонистонда 2 минг йиллик тарихга эга қалъадан ноёб топилмалар аниқланди

Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрининг жанубий қисмида жойлашган қадимий Бала Ҳисор қалъасини қайта тиклаш ишлари давомида икки минг йилдан ортиқ тарихга эга бўлган ноёб археологик топилмалар аниқланмоқда.

16:49 | 09.11.2026
•
51
Афғонистонда 2 минг йиллик тарихга эга қалъадан ноёб топилмалар аниқланди
Катталаштириш

Асрлар давомида босқинлар, қўзғолонлар ва урушларга гувоҳ бўлган мазкур қалъа энди сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли учун очиқ археологик боғга айлантирилиши режалаштирилган.

Оғохон маданият трести (AKTC) томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли лойиҳа қалъани сақлаб қолиш ва унинг тарихий қиёфасини тиклашга қаратилган. Келгусида бу ерда ободонлаштирилган боғлар, ресторанлар ва музей ташкил этилиши кўзда тутилган.

Қалъа ҳудудида олиб борилаётган археологик қазишмалар кутилганидан ҳам кўпроқ тарихий бойликларни юзага чиқармоқда. Улар орасида қадимги инсонлар яшаган масканлар, буддавий монастир қолдиқлари ҳамда Мўғуллар империяси давридаги саройнинг ҳашаматли ҳаммомлари бор.

Археологлар бешта алоҳида ҳудудда қазиш ишларини олиб боришмоқда. Натижада қадимий тангалар, буддавий ҳайкаллар парчалари, сирланган исломий кулолчилик буюмлари, мойчироқлар, сопол идишлар ва турли биноларнинг қолдиқлари топилган.

Археолог Бабак Рафией-Олавининг айтишича, қазишмалар давомида Мўғуллар даврига тегишли сарой қолдиқлари ҳам аниқланган. У ердан деворий суратлар, тахтга ўхшаш иншоот ва қояга ўйиб ишланган юлдузсимон ҳовуз топилган.

Бала Ҳисор бир вақтлар минтақанинг муҳим сиёсий ва диний маркази бўлган

«Баланд қалъа» маъносини англатувчи Бала Ҳисор Кобулнинг эски шаҳри устидан баландликда жойлашган. Қулай географик ўрни туфайли у шаҳарга олиб борувчи йўлларни назорат қилиш ва ҳимоялашда муҳим аҳамият касб этган.

Қалъа Ҳиндистон яримороли, Марказий Осиё ва бошқа ҳудудларни боғлаган муҳим савдо йўли бўйида жойлашгани сабабли диний, сиёсий ва иқтисодий марказ сифатида ҳам ривожланган.

Оғохон маданият хизматлари лойиҳаси раҳбари Мустафо Нурининг таъкидлашича, тарих давомида мазкур ҳудуд қалъа, сарой мажмуаси, қурол-яроғ омбори, маъмурий марказ, қамоқхона ва ҳарбий гарнизон сифатида фойдаланилган.

Мутахассиснинг қайд этишича, Бала Ҳисор Афғонистон тарихининг турли босқичларини ўзида мужассам этган. Унинг стратегик аҳамияти милоддан аввалги биринчи асрдан бошлаб Мўғуллар империяси, Англия-Афғонистон урушлари, совет босқини, фуқаролар уруши ва АҚШ бошчилигидаги коалиция давригача сақланиб қолган.

Урушлар ва босқинлар қалъага жиддий зарар етказган
Асрлар давомида бир неча бор вайрон қилинган ва қайта тикланган қалъага энг катта зарар 1879 йилда етказилган. Ўша йили Бала Ҳисор ҳудудида Британия элчиси сэр Луи Каваньари ва унинг ҳамроҳлари ўлдирилганидан сўнг Британия қўшинлари қалъа мажмуасининг катта қисмини вайрон қилган.

Бугунги кунда ҳам қалъа ҳудудида урушлар ва йиллар давомидаги эътиборсизлик изларини кўриш мумкин. Мудофаа деворларининг айрим қисмлари қулаб тушган. Совет давридан қолган занглаган танклар ва ҳарбий техника қолдиқлари ҳудудда сақланиб қолган.

2021 йилда АҚШ қўшинлари Афғонистондан олиб чиқилганидан кейин ташлаб кетилган оғир қуроллар ҳам қалъа ҳудудида мавжуд. Уларнинг айримлари ҳозир Афғонистон ҳарбийлари тасарруфида.
Археологнинг маълум қилишича, 2008 йилда АҚШ ҳарбийлари қалъанинг бир қисмини текислаш ишларини амалга оширган ва бу жараёнда кўплаб археологик қатламларга зарар етказилган.

Қайта тиклаш ишлари бир неча ўн йил давом этиши мумкин
Бала Ҳисорни сақлаб қолиш бўйича лойиҳа 2017 йилда режалаштирилган, ишлар эса 2018 йилда бошланган. Дастлаб ҳудуд ўрганилиб, ҳужжатлаштирилган. Бу жараёнда ер ости радарлари ва уч ўлчамли лазер сканерларидан ҳам фойдаланилган. Кейинчалик тарихий иншоотларнинг янада вайрон бўлиб кетишининг олдини олиш чоралари кўрилган.
Дастлаб қазиш ишларида Афғонистондаги Франция археология делегацияси ҳам иштирок этган. Бироқ 2021 йилда «Толибон» ҳокимиятни эгаллаганидан кейин ишлар вақтинча тўхтатилган. Франция делегацияси мамлакатга қайтмаган бўлса-да, Оғохон маданият трести фаолиятини давом эттирган. 2022 йилдан бошлаб эса қалъадаги ишлар янада кенгайтирилган.

Ҳозирда маҳаллий ҳудуддан олинаётган тошлар ёрдамида қалъанинг мудофаа деворлари қайта тикланмоқда. Халқаро реставрация талабларига мувофиқ, янги қурилган қисмлар қадимий иншоотлардан фарқ қилиб туриши учун бироз ичкарига ёки ташқарига чиқариб ишланмоқда.

Шунингдек, ташқи миноралардан бирининг қулаб тушиш хавфи бўлган қисми металл конструкциялар ёрдамида мустаҳкамланган.
Лойиҳанинг асосий мақсади Бала Ҳисорни археологик боғга айлантиришдир. Бу жараёнда афғонистонлик археология талабалари учун махсус ўқув дастури ҳам йўлга қўйилган.

Мустафо Нурининг таъкидлашича, лойиҳа кўлами ва археологик топилмаларнинг кўплиги сабабли ишлар бир неча ўн йил давом этиши мумкин. Қазиш ишлари олиб борилаётган ҳудудлардан бирида ернинг 11 метр чуқурлигигача тушилган. Бироқ ҳали ўрганилиши керак бўлган қатламлар кўп.

«Толибон» ҳукумати тарихий ёдгорликларни асрашга ваъда бермоқда
Афғонистон расмийлари мамлакатнинг маданий мероси ва тарихий ёдгорликларини сақлашга қизиқиш билдираётганини маълум қилмоқда. Бу эса «Толибон»нинг 1996–2001 йиллардаги аввалги ҳукмронлиги давридаги сиёсати билан кескин фарқ қилади.

Эслатиб ўтиш жоиз, 2001 йилда «Толибон» жанубий Афғонистондаги Бомиён водийсида қояларга ўйиб ишланган VI асрга оид улкан Будда ҳайкалларини портлатиб юборган эди. Шунингдек, Кобулдаги Афғонистон миллий музейига ҳам зарар етказилиб, ислом динига зид деб ҳисобланган кўплаб қадимий ҳайкаллар ва артефактлар йўқ қилинган.

Бугунги кунда эса мамлакатнинг амалдаги ҳукумати тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилиш ниятида эканини билдирмоқда.

Афғонистон Ахборот ва маданият вазирлиги матбуот котиби Хубайб Ғуфроннинг айтишича, ҳукумат қадимий ёдгорликларни сақлаш муҳимлигини англайди.

«Биз ўтмиш цивилизациялари қолдирган бу меросни қимматли билим ва сабоқ манбаи сифатида кўрамиз. Уларнинг аҳамиятини тўлиқ қадрлаймиз», — дейди у.

Вазирлик вакили келажак авлодларга ўтмиш ва бугунги цивилизациялар меросини яхши сақланган ҳолда етказиш мақсадида Бала Ҳисор каби хавф остидаги тарихий обидаларни тиклашга устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлаган.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади