Рақобат қўмитаси блогерларнинг рекламаси текширилаётганини маълум қилди
Ижтимоий тармоқларда реклама жойлаштириш орқали даромад топаётган блогерлар энди қонун талабларига янада қатъий амал қилишига тўғри келади.

Рақобат қўмитаси 110 нафар блогернинг саҳифаларини мунтазам кузатиб бормоқда. Мониторинг давомида уларнинг 12 нафари реклама қонунчилиги талабларини бузгани аниқланди.
Қўмита маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган рекламаларнинг «Реклама тўғрисида»ги Қонун талабларига мувофиқлиги кунлик тартибда ўрганилмоқда. Аниқланган қонунбузилишлар юзасидан 12 нафар блогерга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилган.
Мониторинг фақат блогерлар билан чекланмайди. Республикада кенг жамоатчиликка танилган қўшиқчилар, актёр ва актрисалар, шунингдек, спортчиларнинг ҳам рўйхати шакллантирилган. Уларнинг ижтимоий тармоқлардаги рекламага оид чиқишлари ҳам назорат қилиб борилмоқда.
Рақобат қўмитаси реклама берувчилар, уни тайёрловчилар ва тарқатувчилар, жумладан, блогерлар ҳамда машҳур шахсларни қонунчилик талабларига риоя этишга чақирди.
Қўмитага кўра, рекламада ҳаққоний ва ишончли маълумот бериш, истеъмолчиларни чалғитувчи ёки товар ва хизматлар ҳақида нотўғри тасаввур уйғотувчи ахборотларни тарқатмаслик ҳар бир реклама иштирокчисининг масъулияти ҳисобланади.
Қонун талабларини билмаслик ёки уларга эътиборсизлик билан қараш жавобгарликдан озод этмайди. Ижтимоий тармоқлардаги реклама материаллари устидан мониторинг кучайтирилиб, қонунбузилишларнинг олдини олиш чоралари давом эттирилади.
Мақолага муносабат
МАВЗУГА ОИД ХАБАРЛАР
ЖамиятТошкентдаги йирик медиа форумда ахборот суверенитети ва янги ҳамкорлик уфқлари белгилаб олинди
Жамият




