Қорақалпоғистонда 250 кишининг 3 миллиард сўмини ўзлаштирган киберфирибгарлар фош этилди

Қорақалпоғистон Республикасида фуқароларнинг банк карталаридан қарийб 3 миллиард сўм маблағни ўзлаштирган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

11:32 | 09.10.2026
•
91
Қорақалпоғистонда 250 кишининг 3 миллиард сўмини ўзлаштирган киберфирибгарлар фош этилди
Катталаштириш

Гуруҳ аъзолари Telegram орқали зарарли дастурларни тарқатиб, фуқароларнинг банк карталарига оид маълумотларни қўлга киритган ва пулларни хориждаги шерикларига ўтказиб келган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, гуруҳ уч нафар, 22 ёшли нукуслик ёшдан иборат бўлган. Уларнинг бири, муқаддам ўғрилик жинояти учун судланган М. исмли шахс Telegram’даги ёпиқ каналлар орқали хорижликлар билан алоқа ўрнатган.

Суриштирувлар давомида гуруҳ аъзолари 2025 йил август ойидан буён хориждаги шериклари юборган APK форматдаги вирусли дастурларни тарқатиб келгани аниқланган. Фуқаролар ушбу зарарли файлларни телефонларига юклаб олганидан сўнг, уларнинг банк карталари маълумотлари ва ҳисобидаги маблағлар ҳақидаги ахборот жиноий гуруҳ қўлига тушган.

Олинган маълумотлардан фойдаланган М. ва унинг Е. ҳамда А. исмли шериклари фуқароларнинг пластик карталарини махсус дастурларга улаб, SMS-кодларни қўлга киритган. Кейин эса маблағларни бошқа карталарга ўтказиб, хориждаги шерикларига юборган. Эвазига ўз хизматлари учун 15 фоизгача улушни USDT криптовалютаси кўринишида олган.

Жиноий гуруҳ аъзолари фаолиятига бошқа шахсларни ҳам жалб қилган.

Жумладан, компьютер клубларида бўлган ёшлар ва бошқа фуқароларга 50 минг сўмдан 300 минг сўмгача пул таклиф қилиниб, уларнинг мобил тўлов иловаларида верификациядан ўтиши, номларига виртуал банк карталари ҳамда SIM-карталар расмийлаштирилиши ташкил этилган.

Тергов маълумотларига кўра, жиноий гуруҳ 250 нафарга яқин фуқарога тегишли қарийб 3 миллиард сўм маблағни талон-торож қилган.

Ички ишлар органлари вакилининг таъкидлашича, гуруҳ аъзоларидан бири жиноий фаолиятдан воз кечишга ҳаракат қилганида, хориждаги шериклари унга таҳдид ва босим ўтказган, ҳатто шахсий маълумотларини тарқатиб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари якунланган.

Тўпланган ҳужжатлар жазо тайинлаш масаласини кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича судга юборилган.

Департамент маълумотига кўра, ўтказилган тезкор тадбирлар давомида шунга ўхшаш йирик миқдордаги фирибгарликлар билан шуғулланган яна 8 та гуруҳ ҳам қўлга олинган. Уларнинг 7 таси Қорақалпоғистон Республикасида, биттаси эса бошқа вилоятда истиқомат қилувчи ёшлардан ташкил топган. Ҳозирда ушбу гуруҳларга нисбатан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади