Фарзандимизни нималардан асрашимиз керак?

Фарзандимиз иситмаласа, дарҳол шифокорга мурожаат қиламиз. Совуқда қолмасин деб қалинроқ кийдирамиз, йиқилиб, жароҳатланмасин дея хавфли жойлардан узоқ тутамиз. Нима еяётганига, қанча ухлаётганига эътибор берамиз. Хуллас, унинг жисмонан соғлом улғайиши учун қўлимиздан келганини қиламиз. Бироқ шу ўринда бир савол туғилади. Фарзандимизнинг руҳий саломатлиги, ҳиссий эҳтиёжлари ва маънавий дунёси ҳақида ҳам шунчалик қайғуряпмизми?
Бугун болани совуқдан асраш қанчалик муҳим бўлса, уни бефарқликдан, қўрқувдан, меҳр етишмаслигидан, зарарли ахборот оқимидан ва нотўғри тарбиявий муҳитдан ҳимоя қилиш ҳам шунчалик долзарб. Қорни тўқ, усти бут, жисмонан соғлом бола ҳар доим ҳам руҳий жиҳатдан соғлом бўлавермаслиги мумкин.
Аслида, фарзанд тарбиясида биз кўпинча кўзга кўринадиган эҳтиёжларга устувор аҳамият берамиз. Кўринмайдиган, аммо унинг келажакдаги шахс сифатида шаклланишига таъсир кўрсатадиган эҳтиёжлари эса баъзан эътибордан четда қолади.
Телефон овутаётган бола
Бугунги кунда оилаларда тез-тез учрайдиган манзара деярли бир хил. Она уй юмушлари билан банд, ота ишидан чарчаб келган. Бола эса тинимсиз эътибор талаб қилади. Уни бир муддат тинчлантиришнинг энг осон йўли — қўлига телефон тутқазиш. Бола жим бўлади, катталар ўз юмушларини давом эттиради. Дастлаб бу қулай ечимдек кўринади. Аммо бу ҳолат одатга айланса-чи? Бола зерикса — телефон, овқатланаётганда — телефон, йиғласа — телефон, ухлаётганда ҳам экран. Натижада унинг бўш вақтини мазмунли суҳбат, мустақил ўйин, китоб ёки атроф-муҳитни кузатиш эмас, рақамли контент эгаллай бошлайди.
Албатта, технологиянинг ўзини зарарли деб баҳолаш тўғри эмас. Муаммо ундан қай мақсадда фойдаланишда. Болаларнинг рақамли муҳит билан муносабатини баҳолашда экран қаршисида ўтказилган вақт билан бирга контент сифати, уйқу, жисмоний фаоллик, ўйин ва оилавий мулоқотга ҳам эътибор қаратиш зарурдир.
Демак, муаммо фақат боланинг телефон кўришида эмас, балки телефон унинг ҳаётида нималарнинг ўрнини эгаллаётганида. Агар экран ота-она билан суҳбат, китоб ўқиш, тенгдошлари билан ўйнаш ва янги нарсаларни ўрганиш имкониятларини сиқиб чиқарса, бу ҳақда жиддий ўйлаш керак. Баъзан болага телефон беришдан олдин ўзимизга савол беришимиз лозим. Унга ҳозир чиндан ҳам телефон керакми ёки биз унинг эътиборини ўзимиздан бошқа томонга бурмоқчимизми?
Бақириш тарбия воситасими?
«Бола-ку, тушунмайди», «Қаттиқ гапирмасанг, қулоқ солмайди», «Биз ҳам шундай тарбия кўрганмиз, нима бўлибди?» каби қарашлар жамиятимизда ҳали-ҳануз учраб туради.
Лекин боланинг ёшлиги унинг ҳис-туйғулари аҳамиятсиз дегани эмас. У катталар айтган ҳар бир гапнинг мазмунини тўлиқ англамаслиги мумкин, аммо муносабатдаги кескинлик, қўрқув ва меҳрни ҳис қилади. Болага тушунтириш орқали мурожаат қилиш ижобий ижтимоий муносабатлар билан боғланган.
Бу натижалар ҳар бир баланд овоз боланинг руҳиятига муқаррар зарар етказади дегани эмас. Гап мунтазам бақириш, камситиш, қўрқитиш ва ҳиссий босимни тарбия усулига айлантириш ҳақида бормоқда.
Шундай экан, боладан одоб, сабр, ҳурмат ва босиқлик талаб қилишдан аввал ўзимиз шу фазилатларни намоён эта оляпмизми? Фарзандимизга жаҳлимизни бошқаришни ўргатмоқчи бўлсак, аввало, ўз ҳиссиётларимизни бошқаришни ўрганишимиз керак.
Тарбия онадан бошланадими ёки оиладан
Фарзанд тарбияси ҳақида гап кетганда, кўпинча асосий масъулият онанинг зиммасига юкланади. Аммо боланинг руҳий ва маънавий шаклланиши фақат онанинг вазифаси эмас. Ота, она ва у билан доимий мулоқотда бўладиган бошқа яқин инсонлар ҳам бу жараёнда муҳим ўрин тутади. Бола катталарнинг насиҳатидан кўра, кундалик хатти-ҳаракатларидан кўпроқ ўрнак олади. Уйда китоб ўқилмаса-ю, боладан китобхонлик талаб қилинса, катталар бир-бирига қўпол муомала қилса-ю, боладан ҳурмат кутилса, бунинг ўзи тарбиядаги зиддиятдир.
Шунинг учун фарзандимиздан қандай инсон бўлиб улғайишини истасак, аввало, ўзимиз шу фазилатларни намоён этишимиз керак. Китоб ўқиш, билим олиш, дунёқарашни кенгайтириш, ибодат ва дуога эътибор бериш, ўз хатти-ҳаракатларимизни таҳлил қилиш — буларнинг барчаси фарзанд тарбиясига дахлдор.
Яна бир жиҳатга эътибор қаратсак, «Ҳали кичкина, катта бўлсин, кейин гаплашамиз, кейин китоб ўқиймиз, кейин тарбия билан шуғулланамиз», деган фикр ҳам ўзини оқламайди. Чунки фарзанд улғайган сари унинг мустақил ҳаёти, қизиқишлари ва дўстлари кўпаяди. Ота-она билан яқинлик, ишонч ва самимий мулоқот эса айнан болаликдан шаклланади.
Энг муҳими, бола ота-онасига фақат муваффақиятга эришганида эмас, хато қилганида, қўрққанида, муаммога дуч келганида ҳам мурожаат қила олишини ҳис этсин.
Фарзандимизни касалликдан, совуқдан, очликдан, жароҳатдан асрашимиз табиий. Аммо унинг қалбини бефарқликдан, онгини зарарли ахборотдан, руҳиятини доимий қўрқув ва камситишдан ҳам ҳимоя қилишимиз керак.
Жисмоний саломатлик боланинг бугунги ҳаёти учун зарур бўлса, руҳий барқарорлик, ўзига ишонч, меҳр ва соғлом мулоқот унинг келажакдаги ҳаётига мустаҳкам пойдевор бўлади.
Шу боис фарзанд тарбиясини фақат унга нима бераётганимиз билан эмас, унинг ёнида қандай инсон бўлиб турганимиз билан ҳам ўлчашимиз керак.
Зеро, болага энг катта мерос фақат уй, мол-мулк ёки яхши таълим эмас. Балки ўзини қадрлайдиган, бошқаларни ҳурмат қиладиган, қийинчиликлардан қўрқмайдиган, меҳр бера оладиган ва ҳаётда ўз ўрнини топишга интиладиган шахс бўлиб вояга етиши учун яратилган соғлом муҳитдир.
Машҳура ЖЎРАҚУЛОВА
Ishonch.uz







