Ишдан бўшатишнинг баҳоси: 153,7 миллион сўм

Иш жойини йўқотиш ҳар бир инсон учун оғир зарба. Агар меҳнат шартномаси қонун талабларига зид равишда бекор қилинган бўлса-чи?..
Наманган шаҳридаги 3-техникумнинг бир гуруҳ собиқ ходимлари – Фотима Насимжонова, Шуҳрат Дадахонов, Ўғилой Бўриева, Дилафрўз Расулова, Музаффар Шамсиддинов ва Сайпилло Усмонов билан боғлиқ меҳнат низоси ҳам шундай муаммолардан бири бўлди. Даъвогарлар ишга тиклаш, мажбурий прогул даври учун иш ҳақи ва маънавий зарарни ундиришни сўраб, фуқаролик ишлари бўйича вилоят судига мурожаат қилишди.
Ўрганишлар давомида ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилишда жиддий қонунбузарликларга йўл қўйилгани аниқланди. Жумладан, ходимлар ишдан бўшатилгандан сўнг улар билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилинмаган, меҳнат таътили компенсацияси берилмаган. Ваҳоланки, Меҳнат кодексида бу жараёнларнинг аниқ тартиби белгиланган. Хусусан, штат қисқариши муносабати билан шартнома бекор қилинаётганда иш берувчи огоҳлантириш муддатлари ва бошқа талабларга қатъий риоя этиши шартлиги қайд этилган.
Мазкур низо судда кўриб чиқилгач, олти нафар ходим фойдасига жами 120 миллион 188 минг сўм иш ҳақи ҳамда 33 миллион 600 минг сўм маънавий зарар, умумий ҳисобда 153 миллион 788 минг сўм ундирилиши белгиланди.
Мухтасар айтганда, бу ҳолат иш берувчи ҳар бир қонун талабларига сўзсиз амал қилиши шартлигини яна бир бор кўрсатади. Зеро, қонунга риоя этиш ходимнинг манфаатларини ҳимоя қилиш билан бирга, муассасани ортиқча низо ва сарсонгарчиликдан асрайди.
Баҳромжон РАҲИМБЕРДИЕВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Наманган вилояти
кенгашининг меҳнат ҳуқуқ инспектори







