АҚШда йилига 100 минг доллар даромад келтириши мумкин бўлган касблар эълон қилинди
Сунъий интеллект ва маълумотлар марказлари қурилиши АҚШ меҳнат бозорида янги имкониятларни юзага чиқармоқда. AT&T компанияси бош директори Жон Станкининг таъкидлашича, телекоммуникация соҳасида малакали мутахассислар етишмаслиги мамлакат иқтисодий ўсишига жиддий тўсиқ бўлиши мумкин. Бироқ бу ҳолат олий маълумот олишни режалаштирмаётган ёшлар, хусусан, Z авлоди вакиллари учун истиқболли касбий имкониятларни ҳам очмоқда.

Fortune нашрининг 20 ноябрь куни эълон қилинган мақоласида қайд этилишича, АҚШда сунъий интеллект инфратузилмасини ривожлантириш, янги маълумотлар марказларини барпо этиш ва юқори тезликдаги интернет тармоқларини кенгайтиришга катта миқдорда маблағ йўналтирилмоқда. Жумладан, 2026 йилда маълумотлар марказлари қурилишига қарийб 800 миллиард доллар сарфланиши кутилмоқда.
Бироқ инфратузилманинг жадал ривожланиши зарур мутахассислар етишмаслиги муаммосини ҳам кучайтирмоқда. AT&T бош директори Жон Станкининг маълум қилишича, 2032 йилга қадар телекоммуникация соҳасига қурилиш ва техник хизмат кўрсатиш йўналишларида қарийб 200 минг нафар қўшимча ишчи кучи жалб этилиши зарур.
«Сунъий интеллектнинг кейинги босқичини таъминлайдиган маълумотлар марказлари жадал қурилмоқда. Уларнинг барчаси ўзаро боғланиши керак. Иқтисодий ўсишни давом эттиришни истасак, ушбу муаммони ҳал қилишимиз ва зарур чораларни кўришимиз лозим», — дейди Станки.
Телекоммуникация соҳасидаги меҳнат бозорида юзага келган эҳтиёж ёшлар учун анъанавий тўрт йиллик олий таълимдан ташқари муқобил касбий йўлни ҳам таклиф этмоқда.
Хусусан, оптик толали интернет тармоқлари мутахассиси, телекоммуникация ускуналарини ўрнатувчи техник ва қурилиш соҳаси ходими каби касблар учун бакалавр дипломи талаб этилмайди. Бундай иш ўринларида ходимларга бевосита иш жараёнида ҳақ тўланадиган амалий таълим ва касбий тайёргарлик имкониятлари тақдим этилади.
АҚШ Меҳнат статистикаси бюроси маълумотларига кўра, ушбу йўналишлардаги иш ўринлари учун ўртача йиллик иш ҳақи 70 минг доллар атрофида. Қўшимча иш соатлари ва мукофот пулларини ҳисобга олганда эса умумий даромад 100 минг долларга яқинлашиши мумкин.
АТ&T компанияси айрим ҳудудларда янги ходимларни жалб қилиш учун 10 минг долларгача бир марталик бонус ҳам таклиф қилмоқда.
Компания вакили ишга қабул қилишда номзоднинг дипломидан кўра, унинг амалий кўникмалари ва салоҳиятига кўпроқ эътибор қаратилишини таъкидлаган. Зарур билим ва малакалар эса иш жараёнида ўргатилади.
Масалан, оптик толали кабелларни улаш бўйича мутахассислар тўрт ҳафталик амалий тайёргарликдан ўтади. Тармоқ линиялари техниклари учун эса беш ҳафталик ўқув дастури ташкил этилиб, уларга тижорат транспорт воситаларини бошқариш учун зарур гувоҳнома олиш имконияти ҳам берилади.
АТ&T 2023 йилдан буён мазкур йўналишларда 10 минг нафар ходимни ишга қабул қилган. Компания раҳбарининг айтишича, сўнгги йилларда ҳар йили 3–3,5 минг нафар мутахассис ишга жалб қилинган бўлса-да, бугунги кунда зарур кадрларни топиш тобора қийинлашмоқда.
Малакали ишчилар танқислиги иқтисодий ўсишга таъсир қилиши мумкин
Муаммо фақат телекоммуникация соҳаси билан чекланмайди. Маълумотлар марказларини қуриш ва уларга хизмат кўрсатиш учун электриклар, сантехниклар, иситиш ва совитиш тизимлари бўйича техник мутахассисларга ҳам талаб ортиб бормоқда.
Шу муносабат билан AT&T компанияси Meta, Google ва Ford каби йирик корпорациялар билан биргаликда АҚШда малакали ишчилар етишмаслиги муаммосини ҳал этишга қаратилган «Alliance for America’s Skilled Trades» ташаббусида иштирок этмоқда.
Ташаббуснинг сентябрь ойида эълон қилинган илк ҳисоботида келтирилишича, 2035 йилга қадар АҚШда ҳар йили малакали ишчи касблари бўйича тахминан 1,7 миллионта бўш иш ўрнини тўлдириш зарур бўлади. Бироқ мавжуд касбий тайёргарлик дастурлари бу эҳтиёжнинг атиги ярмини қоплашга қодир.
Мақолага муносабат
МАВЗУГА ОИД ХАБАРЛАР
ИқтисодҲиндистонда «Арнаб» циклони оқибатида уч киши ҳалок бўлди, 180 мингдан зиёд аҳоли эвакуация қилинди
Иқтисод




