Ҳиндистонда «Арнаб» циклони оқибатида уч киши ҳалок бўлди, 180 мингдан зиёд аҳоли эвакуация қилинди
Ҳиндистоннинг жануби-шарқий соҳил ҳудудларига «Арнаб» циклон тўфони ёпирилди. Кучли шамол ва ноқулай об-ҳаво шароити аҳоли хавфсизлигига жиддий таҳдид солмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, табиий офат оқибатида камида уч киши ҳалок бўлган.

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар беришича, хавфли ҳудудларда истиқомат қилувчи 180 мингдан ортиқ киши хавфсиз жойларга эвакуация қилинган. Фавқулодда вазиятлар хизматлари аҳолини ҳимоя қилиш ва эҳтимолий талафотларнинг олдини олиш чораларини кўрмоқда.
Мамлакатда хавфнинг «қизил» даражаси эълон қилинган. Бу эса ҳудудда вазият жиддий эканини ва аҳоли ҳамда тегишли хизматлар юқори даражада ҳушёр бўлиши зарурлигини англатади.

Бироқ, 29 октябрь ҳолатига кўра, айрим халқаро нашрлар қурбонлар сони олти нафарга етгани ҳақида ҳам хабар берган. Шунингдек, циклон оқибатида юзлаб дарахтлар қулаган, камида 180 та турар жойга зарар етган, электр таъминотида узилишлар кузатилган. Айрим темирйўл ва авиақатновлар ҳам вақтинча тўхтатилган.
Ҳиндистон метеорология департаменти маълумотларига кўра, «Арнаб» жуда кучли циклон сифатида Андхра-Прадеш штати соҳилларига етиб келган. Тўфоннинг шамол тезлиги соатига 125–135 километрга, айрим кучли шамол зарбалари эса 150 километргача етган.
Айни пайтда қутқарув ва тиклаш ишлари давом этмоқда. Мутасадди хизматлар зарар кўрган ҳудудларда йўлларни тозалаш, электр таъминотини тиклаш ва аҳолига ёрдам кўрсатиш билан шуғулланмоқда.
Мақолага муносабат
МАВЗУГА ОИД ХАБАРЛАР
Иқтисод





