Самарқандда шахмат олимпиадасида қатнашган уч нафар афғон спортчиси уй қамоғига олинди

10:55 | 30.09.2026
•
144
Самарқандда шахмат олимпиадасида қатнашган уч нафар афғон спортчиси уй қамоғига олинди
Катталаштириш

Афғонистонлик шахматчиларнинг Самарқанддаги шахмат Олимпиадасида иштирок этиши билан боғлиқ воқеа улар ватанига қайтгач, жиддий тус олди. Испаниянинг El País газетаси хабар беришича, Самарқандда мусобақада қатнашган тўрт нафар афғон шахматчисидан уч нафари 28 сентябрь куни Ўзбекистон–Афғонистон чегарасида ушланган ва кейинчалик Кобулга қайтарилиб, уй қамоғига олинган.

Гап Хайбар Фарози, Ҳабибуллоҳ Гулдўст ва Ҳабибуллоҳ Аминий ҳақида кетмоқда. El País журналистлари спортчилар билан бевосита мулоқот қилгани ва Толибон ҳукумати томонидан берилган ҳибсга олиш буйруқларини кўрганини маълум қилган. Спортчиларнинг айтишича, уларнинг паспортлари мусодара қилиниб, чегарада алоҳида хоналарда ушлаб турилган.

Кейинчалик учаласи ҳам Кобулга олиб кетилган.

Афғонистонлик тўртинчи шахматчи Мирзоод Сайид Ваҳобуддин эса Ҳайратон чегарасидан муаммосиз ўтган ва унга нисбатан репрессия қўлланмаган.

Бу воқеанинг замирида Афғонистонда шахматга нисбатан жорий этилган тақиқ ётибди. Толибон ҳукумати 2025 йил май ойида шахмат фаолиятини тўхтатган. Афғонистон спорт идораси вакиллари қарорни диний мулоҳазалар билан изоҳлаган, шахмат қимор билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини билдирган.

Ўша пайтда Халқаро шахмат федерацияси — FIDE ҳам мазкур қарорга расмий муносабат билдирган. 2025 йил 14 майда эълон қилинган баёнотида ташкилот Афғонистон ҳукуматининг шахматни қимор билан боғлиқ хавотирлар туфайли тўхтатиш қароридан афсусдалигини билдирди. FIDE шахмат тасодифга эмас, асосан маҳорат ва тайёргарликка боғлиқ спорт эканини таъкидлаб, Афғонистонда ушбу спортни қайта тиклаш учун халқаро спорт ташкилотлари ва тегишли томонлар билан мулоқот олиб боришини маълум қилган.

Қизиғи, 2026 йил 16–27 сентябрь кунлари Самарқандда ўтказилган 46-Шахмат Олимпиадасида Афғонистон жамоаси ҳам иштирок этган. Мусобақанинг расмий натижаларида Хайбар Фарози ва Ҳабибуллоҳ Аминий Афғонистон эркаклар жамоаси таркибида, Ҳабибуллоҳ Гулдўст эса аёллар жамоаси капитани сифатида қайд этилган.

El País маълумотига кўра, ҳозирда мазкур шахматчилар тақдири бўйича дипломатик ҳаракатлар олиб борилмоқда. Газета FIDE қўллаб-қувватлаш мақсадида дипломатик чоралар кўраётганини, шунингдек, масалани Европа парламенти муҳокамасига олиб чиқиш ташаббуси илгари сурилганини ёзган. Айни пайтда спортчиларга нисбатан қандай аниқ жазо қўлланиши ҳақида ишончли ва расмий маълумот йўқ.

Самарқандда дунёнинг турли мамлакатларидан келган шахматчилар билан бирга мусобақада қатнашган афғон спортчиларининг тақдири энди халқаро шахмат жамоатчилиги эътиборида. Мазкур ҳолат Афғонистонда шахматга қўйилган тақиқнинг спортчилар ҳаётига қандай таъсир кўрсатаётганини яна бир бор кун тартибига олиб чиқди.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади