Мао Цзедун ўлимига 50 йил. ХХРнинг “отаси” тарихда қандай из қолдирганди?

18:00 | 13.09.2026
130
Мао Цзедун ўлимига 50 йил. ХХРнинг “отаси” тарихда қандай из қолдирганди?
Катталаштириш

Бугунги қудратли ва ривожланган Хитой ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Унинг тарихи турли урушлар, талотўпларга бой. Бундан роппа-роса 50 йил аввал, 1976 йил сентябрида Хитой халқ республикасининг биринчи раҳбари Мао Цзедун оламдан ўтганди. Ҳозирда ҳам Хитойда унинг шахси эъзозланади, марказий майдонларга суратлари илинади. Лекин Мао даври Хитойда бир текис ўтмаган. Манбаларга унинг бошқарувида 50-60 млн хитойлик турли сабабларга кўра қурбон бўлгани айтилади. Бу очарчилик, коллективлаштириш, турли можаролар ва репрессиялар оқибатида юз берди. Гарчи оғриқли ва қайғули тарих қолдирган бўлсада, Мао Цзедун мамлакат тарихидаги энг асосий фигуралардан бири бўлиб қолмоқда.

Мао Цзедун (аниқлаб олиш учун: Мао фамилияси, Цзедун исми. Унинг иккинчи, норасмий исми Жунчжи эди) 1893 йил 26 декабрда Хунан провинциясининг (Жануби-Шарқий Хитой) Сянтан округидаги Шаошан қишлоғида, бадавлат деҳқон оиласида туғилган. Унинг болалиги ва ёшлиги турли урушлар ва эврилишлар даври билан ўтди. Мао туғилганда Хитойда расман империя тартиби ҳукм сурар, давлат амалга Ғарб мамлакатларининг яриммустамлакасига айланиб бўлганди.

У қишлоқ мактабларида (1901-1906), кейин округ мактабларида (1910) ва кейин вилоят мактабларида ўқиган, у ерда классик хитой таълимини олган, жумладан, анъанавий адабиёт ва Конфуций фалсафаси, шунингдек, бошқа хитой ва европалик мутафаккирларнинг асарлари билан танишган. 1911 йил ноябрда Цин сулоласини ағдарган Синхай инқилоби муносабати билан у инқилобий армияга қўшилди ва у ерда 1912 йил баҳоригача хизмат қилди. 1913 йилда у Хунан провинциясининг пойтахти Чанша шаҳридаги Хунан оддий мактабига ўқишга кирган ва 1918 йилда ўқишни тугатгандан сўнг Пекинга кўчиб ўтган. Айнан шу даврдан бошлаб у болшевизм ғояларига қизиқа бошлади. Бунга Россияда октябрь тўнтаришининг муваффақият қозониши ҳам жиддий таъсир кўрсатди.

1918 йилда Мао Пекин университетида кутубхоначи ёрдамчиси бўлиб ишлаган ва у ерда кейинчалик Хитой Коммунистик партияси (ХКП) асосчиларидан бирига айланган инқилобий демократик зиёлилар аъзоси профессор Ли Дачжао (1889-1927) билан учрашган. 1919 йилда Мао Цзедун Чаншага қайтиб келди ва у ерда инқилобий Тўртинчи май ҳаракатини (Париж тинчлик конференциясининг 1914 йилда Япония томонидан босиб олинган ҳудудларни сақлаб қолиш тўғрисидаги қарорига қарши халқнинг норозилик намойишлари) қўллаб-қувватлади.

i3MhJQvaAcLajONrCfmdxZFX-K36mxRRlubgbhzf-juqQTkpiBICTozRPiSqZo9d6k-pMylFgib1LObTurfVq3wR8HYgRgVPFyNzSRL6ZvIHRCT-JYpwuDyKexi2-gF0WGnNq5HqSuIuEWrzXZ9Wqvd5JAIpdoylbakjLP1HAoyV_KYcfbXqY5RFetzwGbFe.jpg

May4thProtest3.jpg

1921 йил январ ойида Мао Цзедун Чаншада марксистик тўгарак тузди. Ўша йилнинг июль ва август ойларида у Шанхай ва Сзясинда (шарқий Чжэцзян провинцияси) бўлиб ўтган ХКПнинг таъсис қурултойида иштирок этди ва октябрь ойида ХКПнинг Хунан қўмитаси котиби этиб сайланди. 1923 йилда ХКПнинг Учинчи қурултойида у Марказий Ижроия Қўмитаси аъзоси ва котиби этиб сайланди. Ушбу конгрессда Гоминьдан (Миллий партия) билан ҳамкорликда ягона миллий антиимпериалистик ва антимилитаристик фронтни яратиш тўғрисида қарор қабул қилинди (ўша пайтда мамлакатнинг бир қисми ҳарбий ҳукмдорлар ўртасида бўлинган эди).

Мао Цзедун бу ғояни қўллаб-қувватлади ва Гоминданга қўшилди, у ерда Марказий Ижроия Қўмитасининг Тарғибот бўлими бошлиғи бўлиб ишлади, шу билан бирга ХКП ичидаги мавқеини мустаҳкамлади. 1927 йилда Гоминдан партиясининг ўнг қаноти раҳбари Чан Кайши ХКП билан иттифоқни рад этганидан сўнг, Хитойда фуқаролар уруши бошланди.

Мао мамлакатда коммунистик мафкура ҳукмронлигини ўрнатиш учун деҳқонларга суянишни маъқул кўрди. У Хитой ишчи ва деҳқонлар инқилобий армиясини (1928 йилда Хитой Қизил Армияси деб ўзгартирилган) тузишда фаол иштирок этди. 1927 йил сентябрь ойида у Хунан ва Цзянци провинцияларида Гоминданга қарши қуролли қўзғолонга (шунингдек, “Кузги ҳосил қўзғолони” номи билан ҳам танилган) раҳбарлик қилди ва бу қўзғолон мағлубият билан якунланди. Мао Цзедун ҳибсга олинди, аммо қочиб қутулишга муваффақ бўлди ва армиясининг қолдиқларини Цзинган тоғли ҳудудига олиб борди. Бу вақтда, ХКПнинг олтинчи съездида у муваффақиятсиз қўзғолон учун танқид қилинди, аммо шунга қарамай, Марказий Қўмитага сиртдан сайланди.

1934 йилда, Чиан Кайши қўшинлари томонидан Қизил Армияни қуршаб олишдан қочиш учун Мао Цзедун Цзянцидан мамлакатнинг ғарбий ҳудудлари орқали шимолийдаги Яньангача “Узоқ юриш”ни ташкил қилди. Айниқса ўшанда у ХКП Марказий Қўмитаси ва Қизил Армия раҳбари сифатида тан олинди. 1941 йилда у “партиянинг иш услубини тўғрилаш” (чжэнфэн) ҳаракатини бошлаган маъруза қилди, бу ҳаракат унинг партиядаги рақибларига қарши қатағонлар билан бирга кечди.

1943 йилдан Мао Цзедун ХКП Марказий Қўмитаси котибияти раиси, 1945 йилдан эса Марказий Қўмита раиси лавозимларида ишлади. Ҳарбий Кенгаш раҳбари сифатида у Хитой қуролли кучларининг Японияга қарши озодлик урушида (1937-1945) ғалаба қозонишига, шунингдек, фуқаролар урушида Гоминдан кучларининг мағлубиятига катта ҳисса қўшди. 1949 йилда Чан Кайши ҳукумати Тайван оролига қочишга мажбур бўлди.

1949 йил 1 октябрда Мао Цзедун Хитой Халқ Республикасини эълон қилди. 1954 йилгача у Марказий Халқ Кенгашини (олий бошқарув органи) бошқарган, 1954 йилдан 1959 йилгача Хитой Халқ Республикаси раиси (давлат раҳбари) лавозимида ишлаган ва 1976 йилгача ХКП Марказий Қўмитаси раиси бўлиб қолган.

1950 йилдан 1952 йилгача у Хитойда буржуа қарашларини тарқатишда айбланган зиёлиларни мафкуравий жиҳатдан қайта ўқитиш, шунингдек, маъмурий аппарат ичидаги суиистеъмолчиликларни чеклаш кампанияларини бошлади. Бу амалда сиёсий қатағонларга айланди. Тарихчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2 миллиондан ортиқ одам қатағон қурбони бўлган. 1958 йилда Мао Цзедун “Катта сакраш” сиёсатини - хорижий мулкни миллийлаштириш ва қишлоқ хўжалигини коллективлаштириш йўлини эълон қилди, бу эса социализмнинг совет моделига асосланарди. 1958 йилдан 1960 йилгача иқтисодий ўсиш, ижтимоий ва агросаноат ислоҳотларидаги нотўғри ҳисоб-китоблар ва йиллар давомида ёмон ҳосил олиш оғир ижтимоий-иқтисодий вазиятга олиб келди: ЯИМ учдан бир қисмга камайди ва тахминан 15 миллион киши очарчиликдан вафот этди.

Маонинг ташқи сиёсати ҳам мураккаб кечди. Сталин ўлимига қадар СССР Хитойнинг асосий иттифоқчиси эди. Аммо Хрушёвнинг Сталин шахсига сиғиниш танқид қилинган сиёсатидан сўнг, Пекин ва Москва муносабатлари совуди. Айниқса 1950-йилларнинг ўрталарида Хитой-Совет муносабатларидаги кескинлик кучайди. Мао Цзедун СССРни коммунистик мафкурадан воз кечишда айблади. Хитойда советларга қарши кайфиятни кучайтириш кампанияси бошланди ва Москвага қарши ҳудудий даъволар қўзғатилди. Қарама-қаршилик 1969 йилда Даманский оролидаги қуролли чегара можаросигача етиб борди.

Ўз навбатида мамлакат ичида Маонинг шахсга сиғиниши кучайтирилди (у “буюк бошқарувчи”, “буюк ўқитувчи” ва “буюк бош қўмондон” номи билан танилди ва унинг иқтибослари катта нашрларда нашр этилди) ва унинг катта ҳокимият учун рақибларига қарши кураши давом этди. 1966 йилда у “капитализмни тиклаш” ва “ички ва ташқи ревизионизмга қарши кураш” баҳонасида сиёсий мухолифатни обрўсизлантириш ва йўқ қилиш кампаниясини бошлади. Мамлакатда партия амалдорлари ва зиёлиларга қарши тозалаш ва таъқиблар бошланди. Маданий инқилоб Мао Цзедун 1976 йил 9 сентябрда 82 ёшида вафот этганидан кўп ўтмай тугади. Инқилоб давомида 727 000 дан ортиқ одам таъқиб қилинди, улардан 34 800 нафари вафот этди. Ғарб тадқиқотчилари бу даврда қурбонларнинг умумий сонини 1-2 миллион деб ҳисоблашади. 1978 йилда ХКП Марказий Қўмитаси Пленумида собиқ ХХР раҳбарининг шахсга сиғиниш сиёсати танқид қилинган эди, аммо 1981 йилдаёқ Маонинг “Хитой инқилобига қилган хизматлари унинг хатоларидан анча устун” эканлиги таъкидланди.

Хитойнинг амалдаги раҳбари Си Цзинпин ҳам Мао Цзедун шахси ҳақида қизиқарли баёнотлар билан чиққан. 2013 йилда, Мао туғилган кунининг 120 йиллиги муносабати билан, Си Цзинпин Хитойнинг миллий тикланиши йўлида “Мао Цзедун тафаккури байроғини баланд кўтаришга” чақирди. У Маони “буюк ватанпарвар ва миллий қаҳрамон” деб атади, бироқ унинг айниқса “маданий инқилоб” давридаги “жиддий хатоларини” эслаб, тарихий шахслар ва уларнинг кечмишларидан тўғри хулоса чиқариш кераклигини таъкидлади. Шу тарзда айни пайтда расмий Хитой Мао Цзедун фаолиятини ёритар экан “70/30: яъни яхши ишлари 70 фоиз, камчиликлари эса 30 фоиздан иборат” деган баҳо берилди.

Аброр Зоҳидов

🏷️ Теглар:#Хитой#Цзедун
МАҚОЛАНИ УЛАШИШ

Мақолага муносабат

419 овоз

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади