Сербия: кичик, аммо катта имкониятларга эга давлат

Яқинда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Сербияда бўлди. Европанинг жануби-шарқи, Болқон яриморолининг қоқ марказида жойлашган ушбу давлат ўзига хослиги билан ажралиб туради. Хусусан, аҳолиси 7 миллионга ҳам етмайди, ҳудуди эса Ўзбекистондан қарийб 5 баробар кичик. Келинг, бугунги мақоламизда Сербия ҳақида кенгроқ маълумот берамиз.
44 11:32 | 09.09.2026 11:32

Сербиянинг географик ўрни, саноат салоҳияти ва Европа бозорлари билан алоқалари мамлакатни минтақадаги муҳим иқтисодий марказлардан бирига айлантирган.


Бугун Сербия Ўзбекистон учун шунчаки янги ҳамкор давлат эмас. 7–8-сентябрь кунлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг Белградга ташрифи чоғида икки мамлакат муносабатларини стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш бўйича муҳим келишувларга эришилди. Томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестицияларни кўпайтириш ва эркин савдо келишуви устида ишлаш борасида бир қатор режаларни кўриб чиқди.


Аввало мамлакатнинг муҳим сиёсий ва иқтисодий кўрсаткичларига тўхталсак.


Сербия пойтахти Белград бўлган парламент республикаси. Мамлакат аҳолиси тахминан 6,6 миллион киши. 2026 йил учун Халқаро валюта жамғармаси Сербиянинг номинал ялпи ички маҳсулотини қарийб 112 миллиард доллар, аҳоли жон бошига ЯИМни эса 17,2 минг доллар атрофида баҳолаган. Иқтисодий ўсиш прогнози 2,8 фоизни ташкил этади.


Амалдаги президенти — Александр Вучич. У 2017 йилдан бери президент лавозимида. Аммо мамлакат сиёсий ҳаётида айни пайтда жиддий жараёнлар ҳам кечмоқда. Ҳукумат парламентни тарқатиб, муддатидан олдин сайлов ўтказишни таклиф қилган.


Шу жиҳатдан Сербияни фақат иқтисодий кўрсаткичлари билан баҳолаш етарли эмас. Мамлакат Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнида бўлса-да, сиёсий ва ҳуқуқий масалалар, Россия билан муносабатлар ҳамда демократик институтлар ҳолати юзасидан Европа билан келишмовчиликлари мавжуд.


Сербиянинг энг катта устунликларидан бири географияси


Мамлакат Европанинг шарқ ва ғарбини, Марказий Европани Болқонлар билан боғлайдиган муҳим йўллар чорраҳасида жойлашган. Шу сабабли Белград транспорт, логистика ва савдо нуқтайи назаридан стратегик мавқега эга.


Сербия иқтисодиётида хизматлар сектори етакчи бўлса, саноат ҳам муҳим ўрин тутади. Автомобилсозлик, машинасозлик, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, ахборот технологиялари ва электроника мамлакатнинг муҳим йўналишлари ҳисобланади.
Яна бир қизиқ жиҳат, Сербия Европа бозорига чиқишни истаётган компаниялар учун ишлаб чиқариш майдони сифатида ҳам жозибадор. Мамлакатга хорижий инвестициялар кириб келмоқда, инфратузилма лойиҳалари ривожлантирилмоқда.


Яъни Сербия катта ички бозорга эга давлат эмас. Аммо у Ўзбекистон учун катта бозорга чиқишда муҳим кўприк бўла олади.

Сербиянинг ўзига хос томони нимада?

Ўзбекистон ҳам, Сербия ҳам денгизга бевосита чиқиш имкониятига эга эмас. Аммо ҳар иккиси ҳам географик жиҳатдан муҳим қуруқлик йўллари чорраҳасида жойлашган.


Ўзбекистон Марказий Осиёда Шарқ ва Ғарб ўртасидаги транспорт йўлакларини ривожлантиришга интилмоқда. Сербия эса Болқон ва Европа транспорт тармоқларида муҳим бўғин.


Шунинг учун икки давлат ҳамкорлигини фақат ўзаро маҳсулот айрибошлаш билан чекланиб қолмайди.
Бу ерда Европа бозорларига чиқиш, логистика, қўшма ишлаб чиқариш ва инвестиция масалалари анча муҳим.


Айниқса, икки давлат эркин савдо келишуви устида ишлаётгани катта аҳамиятга эга. Агар бундай келишув амалга ошса, ўзбек ишлаб чиқарувчилари учун Сербия орқали Европа бозорига чиқиш имкониятлари кенгайиши мумкин. Шу билан бирга, Сербия компаниялари учун Ўзбекистон Марказий Осиё бозорларига кириш нуқтаи назаридан муҳим марказ бўлиб хизмат қилади.


Зебо НАМОЗОВА
Ishonch.uz


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид