Янги дарсликлар кечикмоқда

Таҳририятимизга Тошкент вилоятининг Пискент туманидаги умумтаълим мактабларининг бирида 3-синф ўқувчиларига айрим дарсликлар етишмаётгани ва бу ўқув жараёнида қийинчилик туғдираётгани ҳақида мурожаат келиб тушди. Унда ёзилишича, баъзи китоблар октябрь ойи ўртасида келтирилган бўлса-да, баъзилари ҳануз етказиб берилмаган.
Натижада ўқитувчилар дарслик саҳифаларини «Telegram» гуруҳларига жойлаштиришга, ўқувчилар эса уй вазифаларини телефон орқали бажаришга мажбур бўлишмоқда.
– Фарзандим 3-синфда ўқийди. Ҳозир она тили ва ўқиш саводхонлиги дарсликлари етишмаяпти. Шу сабабли ўқитувчиси ҳар куни китоб саҳифаларини «Telegram» гуруҳига ташлайди. Ўша пайтда фарзандимга телефонимни бераман. Баъзан унга ёрдам бериш учун мавзуни аввал ўзим ўқиб, тушуниб олишга ҳаракат қиламан. Китоб бўлмагани учун мавзу ва топшириқларни ҳар сафар ўқитувчидан суриштирамиз. Бу ҳолат боланинг мустақил дарс тайёрлашини ҳам, ота-онанинг унга кўмаклашишини ҳам қийинлаштиряпти, – дейди мурожаатчи.
Онанинг айтишича, бола дарс тайёрлаётганида телефондаги ўйинларга чалғиб кетяпти. Шу сабабли кимдир унинг ёнида доим назорат қилиб ўтириши керак.
Исм-шарифи ошкор этилишини хоҳламаган ўқитувчи эса вазиятга қуйидагича изоҳ берди:
– Китоблар қачон етказиб берилишини раҳбариятдан тез-тез сўраб турибмиз. Дарсликлар етишмаслиги ўқитувчиларга ҳам қийинчилик туғдиряпти. Чунки ота-оналар мавзуни тушунмай, бизга қўнғироқ қилишади, кетма-кет саволлар беришади. Бундан ташқари, уйга вазифаларни гуруҳга жойлашнинг ўзи етарли эмас. Ҳар бир ўқувчи топшириқдан хабардор бўлганини ва уни бажараётганини ҳам назорат қилишимиз керак.
Зангиота туманидаги мактаблардан бирининг директори ўқув йили бошида 3-4-синфлар учун янги дарсликлар етишмаганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, октябрь ойи ўрталарида китоблар келтирилган ва яқин кунларда ўқувчиларга тарқатилади.
Нурафшон шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими услубчиси Мақсуд Мўминжоновнинг билдиришича, шаҳар мактабларидаги 3-синф ўқувчилари янги дарсликлар билан тўлиқ таъминланган, аммо 4-синфлар учун китоблар ҳозирча етказиб берилмаган. Бу масалада бўлимга ҳар куни мурожаатлар келиб тушмоқда.
Маълум бўлишича, янги дарсликлар етишмаётган мактаблар ўқитувчиларига вақтинча эски китоблардан фойдаланиб туриш топшириғи берилган. Бироқ эски дарсликлар асосида машғулотлар ўтиш вазирлик томонидан тасдиқланган ўқув режасига тўлиқ мос келмаслиги сабабли педагоглар қийинчиликларга дуч келишмоқда.
Бундан ташқари, Ўрта Чирчиқ ва Паркент туманлари ҳамда Олмалиқ шаҳрида ҳам айрим синф ўқувчилари янги дарсликлар билан ўз вақтида таъминланмагани туфайли ўқитувчилар муайян муаммоларга рўбарў бўлишаётгани ҳақида ҳам маълумотлар бор.
Яна бир гап. Дарсликлар етишмаётган шароитда «Telegram» тармоғида бошланғич синф ўқитувчилари, ота-оналар ва ўқувчилар учун очилган канал ҳамда гуруҳлар вақтинчалик ечим вазифасини ўтамоқда. Уларга дарс материаллари, топшириқлар ва ҳатто мисол-масалаларнинг тайёр ечимлари ҳам жойланяпти. Бундай тайёр материаллардан фойдаланиш боланинг мустақил фикрлаши ва масалаларни ўзи ечиш кўникмаси шаклланишига салбий таъсир кўрсатади. Демак, дарсликларни ўз вақтида етказиб бериш нафақат ўқув жараёни узлуксизлигини таъминлаш, балки болаларнинг мустақил таълим олиш имкониятини сақлаб қолиш учун ҳам жуда муҳим.
Мазкур ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда вазирлик масъулларига мурожаат қилдик. Бироқ улардан жавоб олишнинг имкони бўлмади. Оқибатда айрим синфларда дарсликлар етишмаслигига айнан нима сабаб бўлгани ва бу муаммо қачон тўлиқ бартараф этилиши ҳақидаги саволлар ҳозирча очиқ қолмоқда.
Масъуллар муаммони қачон ҳал этишади?
Холида ЭГАМБЕРДИЕВА
«ИШОНЧ»
Мақолага муносабат
МАВЗУГА ОИД ХАБАРЛАР
Таҳлил




