Олис объектга ишга борувчиларга устамалар қандай тўланади?

Иш жойи доимий офис ёки корхона биносида бўлмаган ходимларга қўшимча тўловлар бор. Меҳнат кодексининг 288-моддасида сайёр, кўчиб юриш хусусиятига эга, дала ва вахта усулидаги ишлар учун компенсация миқдорлари белгиланган.
Хусусан, қонунчиликка кўра:
Сайёр ишда — иш объектига бориш ва қайтиш учун кетган вақтга қараб суткалик ставканинг 40 ёки 80 фоизигача миқдорда устама белгиланади.
Йўлда ишлайдиган ходимларга — сафарда ўтказилган ҳар бир кун учун ойлик тариф ставкасининг 1,5 фоизи миқдорида устама тўланади. Поездларда хизмат кўрсатувчи айрим ходимлар учун бу кўрсаткич 3 фоизни ташкил этади.
Кўчиб юриб ишлайдиганлар — олис объектда тўлиқ ишланган ҳар бир кун учун кунлик тариф ставкасининг 30 фоизигача, объектга бориш ва қайтиш кунларида эса кунлик тариф ставкаси миқдорида устама олади.
Дала шароитида ишловчиларга — даладаги иш жойига қараб кунлик меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2 ёки 7 фоизидан кам бўлмаган дала нафақаси тўланади.
Вахта усулида ишловчиларга — ойлик меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 фоизидан кам бўлмаган устама белгиланади.







