Энергетика тизимига йирик қувват қўшилди

Тошкент вилоятида Жаҳон банки кўмагида мамлакат энергетика тизимидаги йирик инфратузилма лойиҳаларидан бири — 500 кВ кучланишли «Ҳалқа» подстанцияси ишга туширилди. Мазкур объект пойтахт ва вилоятнинг бир қисмида электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш, мавжуд тармоқлардаги юкламани мақбул тақсимлашга хизмат қилади.
7 ноябрь куни фойдаланишга топширилган янги подстанциянинг умумий қуввати 1602 МВАни ташкил этади. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, лойиҳанинг умумий қиймати 171,4 миллион АҚШ долларига тенг.
Қурилиш ишлари доирасида 213 километр узунликдаги 220 кВли ҳамда 72 километрлик 500 кВли ҳаво электр узатиш тармоқлари барпо этилди. Натижада янги юқори кучланишли тармоқларнинг умумий узунлиги 285 километрга етди. Айни пайтда объектларни мамлакат ягона электр энергетика тизимига интеграция қилиш ишлари якунланмоқда.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, «Ҳалқа» мамлакатда бошқарув ва мониторинг жараёнлари замонавий рақамли технологиялар асосида ташкил этилган биринчи подстанция ҳисобланади. У Сирдарё вилоятидаги электр станцияларидан, шунингдек, мамлакатнинг жануби-ғарбий ҳудудларида жойлашган шамол электр станцияларидан энергия қабул қилади.
Мазкур объект «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ томонидан Жаҳон банкининг умумий қиймати 380 миллион долларлик молиявий кўмагида амалга оширилаётган «Электр энергетикаси соҳасини трансформация қилиш ва барқарор узатиш» лойиҳаси доирасида барпо этилди.
2021 йилда маъқулланган ушбу лойиҳа фақат янги подстанция қурилиши билан чекланмайди. Унга мувофиқ, мамлакатдаги 22 та эскирган юқори кучланишли подстанцияни реконструкция қилиш, модернизациялаш ва кенгайтириш, деярли барча ҳудудларда электр узатиш тармоқларини барпо этиш ҳамда электр энергиясини узатиш тизимини бошқариш ва мониторинг қилишнинг замонавий ечимларини жорий этиш ҳам кўзда тутилган.
Мақолага муносабат
МАВЗУГА ОИД ХАБАРЛАР
ЖамиятҒоядан катта мақсадлар сари: Филадельфияда сунъий интеллект асосида савдо агенти яратаётган ёш ўзбек тадбиркори
Жамият




