Хива “Ойдин гурунглар” халқаро ижодий форумига мезбонлик қилмоқда

Хива шаҳридаги «Арда Хива» туристик мажмуасида тўрт кундирки, театр томошалари, адабий учрашувлар, кўргазмалар, мусиқий чиқишлар ва маҳорат дарсларини қамраб олган “Oydin gurunglar – 2026” халқаро ижодий форуми бўлиб ўтмоқда.
Дастурдан ўзбек ва хорижий театр жамоаларининг спектакллари, рассомлар кўргазмалари, ҳунармандчилик намойишлари, ижодий учрашувлар ва маҳорат дарслари ўрин олган. Форум доирасида «Ойпарда», «Олма пишганда галинг» ва «Пахса» номли кўргазмалар ташкил этилмоқда. Ҳунармандлар ва рассомлар иштирокидаги маҳорат дарсларида ташриф буюрувчилар миллий ҳунармандлик анъаналари ҳамда тасвирий санъат сирлари билан танишиш имконига эга бўлмоқда.
Адабий учрашувлар ҳам форумнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, адиб Эркин Аъзам билан ижодий мулоқотлар адабиёт ихлосмандларини мамнун қилди. Бугун мухлисларни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Фарида Афруз иштирокидаги ижодий мулоқот ва мушоира кутмоқда.
Театр дастурида ҳам турли йўналиш ва жанрлардаги намойишлар ўрин олган. «Art-House Xamsa» театрининг «Ойдан-да гўзал» лирик композицияси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султоннинг «Ялдо кечаси» романи асосидаги спектакль, Туркиянинг «Layla» театри томонидан намойиш этиладиган «Асра, асрагин» («Сакла, саклан») драмаси шулар жумласидандир. Шунингдек, Озарбайжон вакиллари иштирокида замонавий театр ва драматургиянинг миллий контекстини халқаро саҳнага олиб чиқиш мавзусида маҳорат дарси ўтказилиши режалаштирилган.
Форум дастурида театршуносликнинг янги форматлари, глобал театр маконидаги жараёнлар, шеърият ва мусиқага бағишланган тадбирлар ҳам мавжуд. Рассом Элнур Эгамов ва бошқа ижодкорларнинг маҳорат дарслари, каштачилик асосида яратилган либослар намойиши ҳамда Хоразм ёш рассомлари картиналари асосида тайёрланган «Дарё» иммерсив кўргазмаси иштирокчилар эътиборига ҳавола этилади.
Ижодий форумнинг тадбирлари Хиванинг «Шаршара», «Тоқи сайҳон», «Ғоли», «Чорсу» мажмуалари, «Арда» музейи, галерея, амфитеатр ва «Қуршов» саҳналарида ўтказилмоқда.
Бугун форумнинг якуний тадбирлари давом этмоқда. Кун давомида кўргазмалар, маҳорат дарслари, спектакллар, ижодий учрашувлар ва бошқа маданий дастурлар намойиш этилади. Кечқурун амфитеатрда форумнинг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтиши режалаштирилган.






