Қашшоқ давлатлар қарзни узиш учун ҳам қарз олмоқда

Жаҳон банкининг 2026 йилги Халқаро қарз ҳисоботига кўра, даромади паст ва ўртачадан паст бўлган мамлакатларнинг ташқи қарзи 2025 йилда 5,5 фоизга ошиб, рекорд даража — 9,4 триллион долларга етган. Бу 2021 йилдан буён кузатилган энг юқори йиллик ўсиш суръатидир.

10:05 | 09.11.2026
•
73
Қашшоқ давлатлар қарзни узиш учун ҳам қарз олмоқда
Катталаштириш

Қарзнинг ортиши, айниқса, иқтисодий жиҳатдан энг заиф мамлакатларда яққол намоён бўлмоқда. Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт ассоциацияси (IDA) дастури доирасида имтиёзли молиялаштириш олиш ҳуқуқига эга давлатларнинг ташқи қарзи 8,1 фоизга ўсиб, 1,3 триллион долларни ташкил этган. Бу гуруҳга Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистондан ташқари Афғонистон, Эфиопия, Сомали, Судан, Непал, Мозамбик ва бошқа мамлакатлар ҳам киради.

Вазиятнинг яна бир ташвишли жиҳати — қарз олиш қиймати ҳам юқорилигича қолмоқда. Хусусан, IDA дастурига кирувчи мамлакатлар 2025 йилда хусусий кредиторлардан янги қарз олганда ўртача 8,2 фоизлик фоиз ставкасига дуч келган. Бу 1989 йилдан буёнги энг юқори кўрсаткичдир. Янги облигациялар бўйича ўртача фоиз ставкаси эса 9,4 фоизни ташкил этган.

Қарзни қайтариш ва унга хизмат кўрсатиш харажатлари ҳам давлат бюджетларига жиддий босим ўтказмоқда. Паст ва ўрта даромадли мамлакатлар 2025 йилда асосий қарз ва фоиз тўловлари учун жами 1,4 триллион доллар сарфлаган. Бу кетма-кет бешинчи йил ўсиш қайд этилганини англатади.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2022–2025 йиллар давомида ривожланаётган мамлакатлар янги молиялаштириш орқали олган маблағидан 436 миллиард доллар кўпроқ қарз тўловларини амалга оширган.

Мутахассислар бундай вазият давлатларнинг узоқ муддатли иқтисодий тараққиёт учун зарур маблағларини қисқартириши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Чунки қарз ва фоиз тўловларига йўналтирилаётган маблағлар таълим, соғлиқни сақлаш, инфратузилма ва янги иш ўринлари яратиш каби муҳим соҳаларга сармоя киритиш имкониятларини чеклайди.

Шу тариқа, халқаро молия бозорларига чиқиш имконияти кенгайганига қарамай, энг заиф иқтисодиётга эга давлатлар учун қарз олиш тобора қимматлашмоқда. Натижада улар янги қарз маблағларининг бир қисмини иқтисодиётни ривожлантиришга эмас, аввалги мажбуриятларини бажаришга сарфлашга мажбур бўлмоқда.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади