Газлаштирилмаган хонадонлар учун электр энергиясининг базавий меъёри 350 квт·соатга оширилди

Табиий газ билан таъминланмаган ёки газ етказиб бериш имконияти чекланган ҳудудлардаги хонадонлар учун электр энергиясининг ойлик базавий меъёри 200 кВт·соатдан 350 кВт·соатга оширилди.
Энергетика вазирлиги маълум қилишича, янги тартиб 2026 йил 1 ноябрдан амал қилади. Вазирлар Маҳкамасининг 31 октябрдаги 601-сон қарорига мувофиқ, махсус рўйхатга киритилган хонадонлар иситиш мавсумида 350 кВт·соатгача электр энергияси учун 1 кВт·соатга 650 сўмлик базавий тарифдан фойдаланади.
Муҳими, имтиёздан фойдаланиш учун аҳолидан ариза ёки қўшимча ҳужжат талаб этилмайди. Хонадон тегишли рўйхатга киритилгач, янги меъёр автоматик равишда қўлланади.
Рўйхатларни шакллантириш ва биллинг тизимига киритиш ишлари 25 ноябрга қадар якунланиши режалаштирилган. Шунингдек, ноябрь ойида истеъмол қилинган электр энергияси учун тўловлар ҳам янги меъёр асосида қайта ҳисоб-китоб қилинади.






