Тарихий мерос ўрнида боғ, уй ва ишлаб чиқариш цехи қурилгани аниқланди

Андижон вилоятидаги қадимий «Далварзин» археология ёдгорлиги ҳудудида мевазор боғ ва экин майдонлари ташкил этилган, бетон блоклар ишлаб чиқариш цехи қурилган.

15:07 | 22.11.2026
•
43
Тарихий мерос ўрнида боғ, уй ва ишлаб чиқариш цехи қурилгани аниқланди
Катталаштириш

Милоддан аввалги XII–VII асрларга оид тарихий объектдаги бу ҳолат мамлакат бўйлаб ўтказилган текширувларда аниқланган қонунбузилишлардан биридир.
Прокуратура органлари ва Маданий мерос агентлиги томонидан ўтказилган текширувлар давомида жами 26 та археология ёдгорлигида қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилган. Жумладан, Самарқанд вилоятидаги «Таллиғулонтепа» ёдгорлигининг бир қисми оғир техника ёрдамида бузиб ташланган. Натижада 195 куб метр ҳажмдаги ҳудудга зарар етказилган.

Шунингдек, мамлакат бўйлаб 48 та ёдгорликнинг муҳофаза ҳудудида ҳам қонунбузилишлар аниқланган. Ушбу ҳудудларда ноқонуний турар жойлар ва бошқа иншоотлар қурилган.

Хусусан, Шаҳрисабздаги «Сариқтепа» ёдгорлиги яқинида ўзбошимчалик билан учта турар жой биноси барпо этилган.
Текширувлар айрим масъул мансабдор шахсларнинг ўз вазифаларига бепарво муносабати ҳам бундай ҳолатларга сабаб бўлганини кўрсатган.

Аниқланган қонунбузилишлар юзасидан 8 та жиноят иши қўзғатилиб, 68 та тақдимнома киритилган. 20 нафар мансабдор шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган.

Шу билан бирга, археология объектларини муҳофаза қилиш мақсадида улар ҳудудларида қарийб 300 та муҳофаза белгиси ўрнатилган.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади