Беҳбудий айтган “кемиргувчи иллатлар”дан қутула олдикми?

1915 йилда жадид бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий “Бизни кемиргувчи иллатлар” мақоласида тўй-маъракалардаги исрофгарчилик ва илмсизликни миллатнинг энг катта душмани деб атаган эди. Орадан бир асрдан кўпроқ вақт ўтди. Хўш, бугун биз ўша иллатлардан қутула олдикми?

16:43 | 22.11.2026
•
20
Беҳбудий айтган “кемиргувчи иллатлар”дан қутула олдикми?
Катталаштириш

Минг афсуски, ҳамон ўша эски хатоларни такрорлаб келяпмиз. Аслида бугун бизда ҳамма нарса бор. Ҳаттоки фарзандларимизни ўқитиш, уларни илмли ва ҳунарли қилиш учун етарлича маблағ ҳам топилади. Фақат биз уни илм олишга, ривожланишга эмас, балки дабдабали тўй ва маъракаларга сарфлаймиз. “Одамлар нима дейди?” деган биргина савол ортидан йиллаб машаққат билан йиғган маблағимизни бир кунлик зиёфатга сочамиз. Энг ачинарлиси, эл оғзидан қўрқиб тўйни ўтказамиз-у, эртаси куни ёки бир ҳафтадан кейин оила эркаклари қарз узиш учун мусофирчиликка — хорижга ишлашга кетадиган ҳолатлар ҳам кўп учрайди.

Афсуски, бу иллат нафақат тўйларда, балки мотам ва маъракаларда ҳам учрайди.

Яқинда маҳалламизда бир воқеанинг гувоҳи бўлдим. Бир оила бошлиғи вафот этиб, ёш болалари ва аёли ёлғиз қолди. Бечора аёл эрининг маъракаларини эл қатори ўтказиш учун бор-будини сарфлади. “Одамлар гапирмасин, уят бўлади”, деб ўзининг ва болаларининг келгуси тирикчилигини хаёлига ҳам келтирмади. Шунингдек, қариндошлари ҳам маърака дастурхони учун ноз неъматлар етказиб туришибди экан. Ўйлаб қолдим, нега бизда шундай? Маъракалар ўтгач, ўша марҳумнинг оиласига ҳар ой келиб, болаларининг ҳолидан хабар оладиган ёки моддий ёрдам берадиган қариндошлар топилармикан?

Нега биз “ҳамма қиляпти” деб ўзимизни ўққа-чўққа урамиз?

Беҳбудий бобомиз ўз мақоласида бу ҳолатни шундай тасвирлаган эди: “Бошқа миллатлар бойлигини илм ва тараққиётга сарфласа, биз тўй ва азага сарфлаймиз”. Ҳақиқатан ҳам, шундай. Ҳаттоки, бирор жойимиз оғриб турса ҳам, шифокорга боришга “пул йўқ” деймиз-у, лекин тўй-маъракага келганда қарз олиб бўлса-да, маблағ топамиз.

Агар ўша биргина дабдабали тўйга кетадиган маблағни фарзандимизнинг илм олишига сарфласак, ҳам исрофгарчиликнинг олдини олган, ҳам жамиятга илмли, маърифатли инсон етиштирган бўламиз.

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Бизни кемиргувчи иллатлар” мақоласи шунчаки тарихий асар эмас, у бугунги кунимиз учун ҳам сабоқдир. Уни ҳар биримиз ўқиб чиқиб, ўзимизга керакли хулоса чиқаришимиз зарур. Чунки миллатни кемираётган бу иллатлардан қутулмас эканмиз, ривожланиш ҳақида гапира олмаймиз.

Севара АЗИЗОВА,

ЎзЖОКУ 2-босқич талабаси

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади