Ишдан четлаштирилган ходимга касаллик варақаси учун нафақа тўланадими?

Савол: Ассалому алайкум. Ходим иш берувчининг буйруғи билан ишдан четлаштирилган ва шу сабабли унга иш ҳақи тўлаш тўхтатилган. Бироқ ходим ишдан четлаштирилган даврда касаллик варақасини (больничный) расмийлаштириб, иш берувчига тақдим этди.
Бундай ҳолатда ходимга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўланадими? Агар тўланса, қандай тартибда?
Ушбу саволга ҳуқуқшунос Муҳаммадамин Каримжонов жавоб берди.
Жавоб: – Мазкур масалага оид қонунчиликда ўзгаришлар бўлгани сабабли, амалдаги нормаларни таҳлил қилиш лозим.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги 314-сон қарорига 1-илова билан тасдиқланган «Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақаларни ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга нафақани тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 19-бандига кўра, ходим ишдан (лавозимдан) четлаштирилиб, иш ҳақи тўлаш тўхтатиб қўйилганлиги сабабли ишламаган даврида вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўланмайди.
Бироқ Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 декабрдаги 796-сон қарорига 4-илова билан тасдиқланган низомнинг 23-бандида нафақа тўланмайдиган даврлар санаб ўтилган.
Ушбу рўйхатда иш ҳақи сақланмайдиган ва қисман сақланадиган таътил, болани парваришлаш таътили, ҳарбий ўқув ёки текширув йиғини ҳамда ўқув таътили каби ҳолатлар назарда тутилган.
Эътиборлиси, янги тартибда ходим ишдан четлаштирилиб, иш ҳақи тўлаш тўхтатилган давр нафақа тўланмайдиган ҳолатлар қаторига киритилмаган.
Шундан келиб чиқиб, 796-сон қарорда белгиланган тартибга мувофиқ, ишдан четлаштирилган ходимга ҳам вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўланиши мумкин.
Бунда ходимнинг камида 6 ойлик меҳнат ёки суғурта стажи мавжуд бўлиши талаб этилади.







