Каспийдаги ҳарбий машғулотда 12 нафар ҳарбий ҳалок бўлди

08:10 | 25.09.2026
•
49
Каспийдаги ҳарбий машғулотда 12 нафар ҳарбий ҳалок бўлди
Катталаштириш

Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида Каспий денгизида ўтказилаётган ҳарбий машғулотлар вақтида 17 нафар ҳарбий хизматчини денгиз оқими олиб кетди. Уларнинг 12 нафари ҳалок бўлди, уч нафари қутқарилди. Яна икки ҳарбий хизматчини қидириш ишлари давом этмоқда.

Фожиа кеча Ҳарбий-денгиз кучларининг ўқув-жанговар вазифасини бажариши вақтида юз берган. Қозоғистон Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, вазиятнинг кескин ёмонлашиши ва шамолнинг кучайиши оқибатида ҳарбий хизматчилар денгизга оқиб кетган.

Ҳодисадан сўнг Ҳарбий-денгиз кучлари бўлинмалари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари, авиация ва бошқа қутқарув хизматлари жалб этилган. Қидирув ишлари узлуксиз давом эттирилмоқда. Ҳалок бўлган 12 нафар ҳарбийнинг шахси аниқланган.

Қутқарилган уч нафар ҳарбийдан бири оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Қолган икки ҳарбийнинг тақдири ҳозирча номаълум. Ҳукумат комиссияси уларни қидириш ишларини кечаю кундуз давом эттириш бўйича топшириқ берган.

Фожиа юзасидан жиноий иш қўзғатилган. Ҳодисанинг барча тафсилотлари, жумладан, ҳарбий машғулот вақтида хавфсизлик талабларига риоя этилган-этилмагани тергов доирасида ўрганилмоқда. Ҳукумат комиссиясига Бош вазир ўринбосари Қанат Бозумбаев раҳбарлик қилмоқда.

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ҳалок бўлган ҳарбийларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган. Шунингдек, 25 сентябрь мамлакатда умуммиллий мотам куни деб эълон қилинган.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади