“Кўксимизни тўлдириб” нафас ололмаяпмиз: экология қачон биз учун энг асосий масала бўлади?

Ўзбекистон иқлими ҳақида гап кетганда, бир нарса билан доим ғурурланамиз: бизда тўрт фасл ҳам ўзгача тароватда бўлади. Қишдан ҳам, ёздан ҳам баҳра оламиз.

15:08 | 05.11.2026
•
48
“Кўксимизни тўлдириб” нафас ололмаяпмиз: экология қачон биз учун энг асосий масала бўлади?
Катталаштириш

Бироқ... сўнгги йилларда фасллар ўзига ўхшамай боряпти. Мана кузнинг учинчи ойи давом этяптики, тузукроқ ёмғир ёққани йўқ. Ҳавода чанг зарралари миқдори ошди дея, ОАВда турли-туман хабарлар чиқади. Ҳатто Тошкентда ниқоб тақиб кўчага чиқиш ҳам тавсия этилди. Биз қадрламайдиган, аммо аслида энг қийматли бойлик бўлган тоза ҳаво танқис бўлиб бормоқда.

Иқлим ўзгариши, экология бўйича халқаро саммит бўлди. Билмадим, бу нечанчиси, лекин 20 дан ортиқ йирик давлатлар раҳбарлари иштирок этишди.

Аммо уларда нима масалалар кўтарилди, қандай ечимлар таклиф этилди, ажратилган маблағлар сарфи қандай бўлди, муаммолар бўйича қандай ўзгариш бўлди, деган саволлар берилмади, жавоблар ҳам ҳеч кимнинг эсида қолмади. Негадир биз бу масалага худди Марсдаги шамолдек бефарқ қараймиз. Ҳар қандай саммитлардан кўра кўчадаги авария ёки хонанданинг кийган кийими, машинаси қизиқроқ. Қайсидир шоу-бизнес вакилининг жуда катта ойлик олиши, барчага машҳур “опа”нинг қайсидир бепарда видеоси бутун республикани қийнаётган, Тошкентдай шаҳри азимни антирейтингларда энг юқорига чиқариб қўйган чанг-тўзон, ҳаво ифлосланишидан кўпроқ муҳокама этилади.

Лекин бу шу даражадаги жиддий муаммоки, шахсий тажрибам асосида буни тушунтиришга ҳаракат қиламан. Мен 45 ёшдан ошдим. Демак тахминан камида 40 йиллик хотирага эгаман. Биринчи синф пайтимда қишда ҳовлимиздаги қор орасидаги йўлда кўринмай кетган эканман. Янги йил байрамларининг бирортаси камида тизза бўйи қорсиз ўтмас, дадам эрталаб туриб қор курашга тушарди. Чанаси бор бола жуда бахтли эди, этикларимиз қанчалик яхши тойишига қараб танланарди. Ҳозир тўпиққа етадиган қор борми? Болаларнинг бирортаси яхмалак учяптими? Ўтган янги йил байрамда билинар-билинмас ҳўл қор ёғди. У ҳам ерга етмасдан эриб кетаверди. Бурноғи Янги йил эса қуп-қуруқ, деярли чангли ҳавода кутиб олинганди.

Аввалги куз ва қишларда ёмғир ва қордан баҳра олган бўлсак, эндиликда чангдан “баҳра олмоқдамиз”. Тилимизда “инверсия” деган сўз пайдо бўлди ва у иқлим бўйича янгиликларда бот-бот такрорланадиган бўлиб қолди. Жумладан, октябрь охири ва ноябрь ойи бошида пойтахтда инверсия кучайди. Метеорологлар бу 10 кунлаб давом этишини эълон қилди. Маълумотларга кўра. Тошкентда кунлик ҳаракатланадиган автомобиллар сони 800-900 мингдан ортиб кетган. Ҳавога чиқарилаётган жами зарарли моддалар ва газларнинг 80 фоиздан ортиғи айнан автотранспорт воситалари ҳиссасига тўғри келади. Ҳукумат жамоат транспорти ва электромобилларни рағбатлантиряпти, аммо машинасеварлик қон-қонимизга сингиб кетганданми, ундан воз кечиш жуда қийин бўлмоқда.

Баҳорда деворлар, лойли томлар усти лолақизғалдоққа бурканарди. Адирлар гиламдек қип-қизил бўлиб кетарди. Шу қадар жалалар қуярдики, шундоқ ҳам тўла сойлар лойқаланиб кетарди. Ҳозир 10-15 дақиқа томчилаб қўйган ёмғирга ҳаяжонланиб қоляпмиз. Қишлоғимизнинг икки ёнидан тиниқ сувли ариқлар оқарди. Ичида балиқлар сузиб юргани кўриниб турарди. Илон кўп эди, типратиканлар, тошбақалар учрарди, лайлаклар ёнгинамизга келиб қурбақа тутиб кетишарди. Тулки, шоқолни кўп кўрганман, бўри увиллашини эшитганман. Бугун одамлар тўп-тўп бўлиб, дам олишга жой излаб машиналарда юз километрлаб йўл босишга мажбур бўлмоқда. Дам олиш ҳудудларидаги чиқинди масаласи энди алоҳида масала...

Боғларда шафтолилар тўкилиб ётарди, дастурхонга тортиб ейилмасди. Чилонжийдани ҳеч ким камёб мева ҳисобламасди, тут ҳамма уйда бор эди.

Яйловлар шу қадар яшил эдики, қўйларимиз нима ейишни билишмасди, қўзичоқлар ва улоқчалар яйраб югуриб юришарди. Диққат қилинг, мен совет инқилобидан олдинги даврни эмас, яқин 30-40 йил ичидаги ҳолатни, ўз кўзим билан кўрган манзараларни ёзяпман!

Аммо ҳозир табиат гўзалликлари эмас, дарахт кесиш, бетартиб равишда уй қуриш бўйича рекорд қўймоқдамиз. Кунора ўнлаб дарахтлар аёвсиз кесиб ташлангани ҳақида хабарлар чиқади. Масалан, октябрь ойи бошида Экология ва иқлим ўзгариш қўмитаси Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳудудида 600 га яқин дарахтлар қўпориб ташланганини маълум қилди. Бунинг натижасида табиатга 1,7 млрд сўмлик зарар етказилди. Ёки Сурхондарёдаги дарахт қирғинларини ёда олинг. Ўйлаб кўринг, Тошкентнинг ёнидаги яшил манзиллар шу тариқа йўқ қилинаверса, бугун аллақачон чангга ботаётган пойтахтнинг ҳоли нима кечади?

Инсоният 10 минг йиллардирки онгли ҳаёт кечирмоқда. Яна шунча ва балки ундан кўпроқ яшашни ният қилиши табиий, ким ҳам фарзандлари тоза ҳаво ва сувсиз қолишини истарди дейсиз. Лекин биз ўзимизга боғлиқ бўлган ва бўлмаган ҳолатлар туфайли ўзимиз ўтирган шохга тобора кўпроқ болта уряпмиз. Табиатни елим билан, заҳарли газлар билан бўғяпмиз, сувни ахлатга тўлдиряпмиз, набототни қиряпмиз, ўзимиз экмаган дарахтларни аёвсиз кесяпмиз. Сўнгги йилларда ҳаво ҳарорати ҳам тобора исиб бормоқда, ёзнинг жазирамасида яшаш қийин бўлиб қолмоқда.

Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти лабораторияси мудири Бахтиёр Қодировнинг маълум қилишича, тунги ўртача ҳарорат кундузгига нисбатан кўпроқ ошган. Кундузги ҳарорат 1,5 даражага ошган бўлса, тунги ҳарорат 2,5 даражага кўтарилган. Албатта, 1-2 даража ошиш бизга камдек кўриниши мумкин, аммо иқлимий меъёрлардан келиб чиққан ҳолда фикрласак, бу ўта ёмон ҳолат саналади. Европада жорий ёзда 50 мингдан ошиқ кишининг иссиқ сабаб вафот этгани фикримизни тасдиқлайди. Ёки яна бир факт: ЖСТ ва State of Global Air ҳисоботларига кўра, дунёда ҳар йили 6,7 миллиондан 8 миллионгача инсон ҳаво ифлосланиши оқибатида бевақт вафот этади.PM2.5 (микроскопик чанг ва майда заррачалар) диаметри 2,5 микрометрдан кичик бўлган ушбу заррачалар ўпканинг энг чуқур қисмларига (альвеолаларга) ва у ердан тўғридан-тўғри қон айланиш тизимига ўтади. Улар қон томирларида яллиғланиш ва тромблар ҳосил қилиб, юрак-қон томир касалликларига олиб келади.

Бугун аҳолимиз 40 млн кишига етай деб қолди. Бу катта миллат бўлдик дегани. Афсуски, ҳудудларимизнинг катта қисми чўллардан иборат, денгизлардан йироқдамиз. Аммо экология муаммоси ҳануз энг асосий қарашимиз бўлгани йўқ. Юқорида қатор муаммоларни санадик. Қизиғи, ҳеч биримиз ўзимизни бунинг учун жавобгар ҳис қилмаймиз. Натижа кўз ўнгимизда – иссиқдан тобора кўпроқ куямиз, сувсизликдан кучлироқ ташна бўламиз, кўксимизни тўлдириб нафас олишга зор қоламиз. Бу келажак эмас, бугунги кун!

Аброр Зоҳидов
Ishonch.uz

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади