BMW Хитойдаги 1 800 нафар ходимини ишдан бўшатмоқда

16:32 | 05.11.2026
•
21
BMW Хитойдаги 1 800 нафар ходимини ишдан бўшатмоқда
Катталаштириш

Германиянинг машҳур автомобиль ишлаб чиқарувчиси BMW Хитойдаги қўшма корхонасида кенг кўламли қисқартиришларни бошлади. Талабнинг пасайиши ва рақобатнинг кучайиши компанияни харажатларни камайтиришга мажбур қилмоқда.

Хитой оммавий ахборот воситалари ва халқаро ихтисослашган нашрлар хабарларига кўра, BMW Brilliance Automotive қўшма корхонасида 2026 йил 2 ноябрдан бошлаб қарийб 1 800 нафар ходим ишдан бўшатилмоқда. Бу корхонадаги жами ишчилар сонининг 9,5 фоизини ташкил этади.

Қисқартиришлар Шэньян шаҳридаги ишлаб чиқариш майдонлари ва бошқарув бўлинмаларини қамраб олган. Ишдан бўшатилаётган ходимларга иш стажига қараб ҳисобланадиган ҳамда қўшимча беш ойлик иш ҳақини ўз ичига олувчи компенсация таклиф этилмоқда.

Бунга Хитой бозорида BMW ва MINI автомобилларига бўлган талабнинг пасайиши сабаб бўлган. 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида ушбу маркалар автомобилларининг Хитойга етказиб бериш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21,8 фоизга камайиб, тахминан 376 минг донани ташкил этган.

Компаниянинг молиявий натижалари ҳам пасайган. BMW Group маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида концерннинг солиқ тўлашдан олдинги фойдаси 29,4 фоизга қисқариб, 4,045 миллиард еврога тушган.

Шунингдек, BMW нафақат Хитойда, балки жаҳон бўйлаб ҳам иш ўринларини қисқартиришни режалаштирган. Унга кўра, 2027 йил охирига қадар компания ходимлари сонини қарийб 8 минг нафарга камайтириш кўзда тутилган. Бу жараён, асосан, Германиядаги маъмурий ва ишлаб чиқариш билан бевосита боғлиқ бўлмаган бўлинмаларни қамраб олади.

Компания раҳбарияти автомобиль саноатидаги кескин рақобат, Хитой бозорида талабнинг сусайиши ва ишлаб чиқариш харажатларининг ортиши ташкилий тузилмани қайта кўриб чиқишга сабаб бўлаётганини таъкидламоқда.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади