ФОТОРЕПОРТАЖ: КАППАДОКИЯ ОСМОНИДАГИ МЎЪЖИЗАЛИ ҲАВО ШАРЛАР

Баъзи манзаралар кўз билан кўрилади, баъзилари эса қалбда ҳис қилинади!
Туркиянинг Каппадокия ҳудуди ғаройиб тош шакллари, қадимий водийлари ва эртаклардагидек манзаралари билан машҳур. Аммо унинг энг жозибали томонларидан бири қуёш чиқиши билан осмонни тўлдирадиган ранг-баранг ҳаво шарларидир.

Мен ҳам Каппадокияда бўлиб, бу бетакрор манзараларни ўз кўзим билан кўриш ва суратга олиш имкониятига эга бўлдим.

Саёҳатимизнинг энг ҳаяжонли лаҳзаларидан бири тонгги соат бешда бошланди. Меҳмонхонадан махсус машина бизни олиб кетди ва биз ҳаво шарлари учириладиган кенг майдон томон йўл олдик.

Қизиғи шундаки, бир ҳафта давомида саёҳат қилган шаҳарларимда машина тирбандлигига дуч келмаган эдим. Аммо тонгги соат бешда, ҳамма ҳали уйқуда бўлиши керак бўлган пайтда, Каппадокия кўчаларида тирбандликка тушиб қолдик!

Маълум бўлишича, минглаб сайёҳлар қуёш чиқишини ҳаво шарлари орасида кутиб олиш учун бир вақтда йўлга чиқишар экан.

Бу ерда дунёнинг турли қитъаларидан келган сайёҳларни учратиш мумкин. Ўзи ҳаво шарлари қачондан урфга кирган?

Каппадокияда ҳаво шарларида учиш тарихи 1980-йилларнинг охирларига бориб тақалади. 1987 йилда дастлабки таништирув парвозлари амалга оширилган, 1990 йилдан эса сайёҳлар учун тижорий парвозлар йўлга қўйила бошлаган.

Кейинчалик сайёҳликнинг ривожланиши ва ижтимоий тармоқларнинг оммалашиши бу манзилга бўлган қизиқишни янада оширди. Қуёш чиқиши фонида олинган суратлар бутун дунёга тарқалиб, Каппадокияни кўпчиликнинг саёҳат орзусига айлантирди.

Бугун ҳаво шарлари нафақат сайёҳлик аттракциони, балки Каппадокиянинг энг машҳур рамзларидан бири ҳисобланади.

Каппадокияда ҳаво шарида учиш нархи мавсум, об-ҳаво, компания ва саватдаги йўловчилар сонига қараб ўзгаради.Бугунги нарх бир киши учун 130–180 евро бўлди. Бу маблағ эвазига танланган парвоз дастурига қараб, осмонда 45 дақиқадан бир соатгача сайр қилиш имконияти бор!
Албатта, нархлар мавсум ва талабга қараб ўзгаради. Парвозни танлашда компаниянинг ишончлилиги ва хавфсизлик қоидаларига ҳам эътибор бериш муҳим. Айни пайтда расман рухсат билан 165 та ҳаво шари фаолият олиб бормоқда!

Ҳаво шарлари қандай қилиб осмонга кўтарилади?
Кўпчиликни қизиқтирадиган савол: улкан ҳаво шари қандай қилиб бир нечта одамни осмонга кўтара олади?
Бунинг сири иссиқ ҳаво ва физика қонунларида. Ҳаво шари катта матодан тикилган гумбаз, йўловчилар турадиган сават ва газ билан ишлайдиган махсус горелкадан ташкил топади. Горелка шар ичидаги ҳавони иситади. Иссиқ ҳаво атрофдаги совуқ ҳавога нисбатан енгилроқ бўлгани учун шар юқорига кўтарилади.
Пилот горелка ёрдамида шар ичидаги ҳароратни бошқаради. Ҳаво совиганда ёки махсус клапан орқали чиқарилганда шар пастлайди.
Ҳаво шари самолёт каби двигатель ёрдамида олдинга ҳаракатланмайди. Унинг йўналиши асосан шамол оқимларига боғлиқ. Пилот турли баландликлардаги шамол йўналишларидан фойдаланиб, парвозни имкон қадар бошқаради.

Демак, бу мўъжизанинг замирида иссиқ ҳавонинг кўтарувчи кучи, аниқ ҳисоб-китоб ва пилот маҳорати ётади.Қайси пайтда ва қайси фаслда учиш мумкин?
Каппадокияда ҳаво шарлари, асосан, қуёш чиқиши арафасида учади. Тонгги қуёш нурлари қояларга олтинранг тус бериб, осмондаги ранг-баранг шарлар манзарасини янада гўзаллаштиради.
Баҳор ва куз мўътадил об-ҳаво туфайли парвоз учун қулай фасллар ҳисобланади. Ёзда ҳам шарлар мунтазам учади. Қишда қорли манзаралар жозиба бағишлайди, бироқ парвозлар об-ҳаво сабабли кўпроқ бекор қилиниши мумкин.
Қайси ҳолатларда парвозлар бекор қилинади?
Кучли шамол, туман, ёғингарчилик ва атмосферанинг беқарорлиги парвозларга тўсқинлик қилиши мумкин. Хавфсизлик талабларига кўра, ҳаво шарлари фақат қулай об-ҳаво шароитида учади.
Саёҳат давомида учиш имкониятини сақлаб қолиш учун парвозни биринчи тонгга режалаштирган маъқул. Шунда у бекор қилинса, кейинги кунларда яна уриниб кўриш мумкин.
Феруза Раҳимова,
Ishonch.uz







