Футболчиларнинг азалий орзуси: “Олтин тўп” қандай соврин?

Бу совринни топшириш онлари яқинлашган сари тортишувлар, баҳслар ва можаролар кучаяди.

10:32 | 28.10.2026
•
40
Футболчиларнинг азалий орзуси: “Олтин тўп” қандай соврин?
Катталаштириш

Спорт журналистлари турли таҳлилий мақолалар битади. Чунки у футбол тарихидаги энг муҳим мукофотлардир биридир. 26 октябрь куни Лондонда энг нуфузли индивидуал футбол соврини – “Олтин тўп”ни топшириш маросими бўлиб ўтди.“Бавария” ва Англия терма жамоасининг 33 ёшли ҳужумчиси Ҳарри Кейн 2026 йилги “Олтин тўп”ни қўлга киритди. Инглиз футболчиси “Реал Мадрид” ва Франция терма жамоаси ҳужумчиси Килиан Мбаппе ҳамда “Барселона” ва Испания терма жамоасининг 19 ёшли қанот ҳимоячиси Ламин Ямални ортда қолдирди.

France Football журнали томонидан таъсис этилган тақдирлаш маросими илк бор Франциядан ташқарида, Лондондаги “Палладиум” театрида ўтказилди. Қуйида ҳар бир юлдуз футболчиларнинг орзуси бўлган соврин ҳақида фикр юритамиз.

“Олтин тўп” ғояси France Football нашри муҳаррири Габриэл Ано томонидан илгари сурилган. 1956 йилда у Европа спорт матбуоти вакилларидан қитъанинг энг яхши футболчисини танлашни сўраган. “Олтин тўп”нинг биринчи ғолиби Англия терма жамоаси вакили Стэнли Мэттьюс бўлганди.
1989 йилда France Football илк марта махсус соврин - Super Ballon d'Orни тақдим этди. Уни аллақачон футболдан нафақага чиққан испаниялик машҳур футболчи Альфредо Ди Стефано қўлга киритди. У илгари 1957 ва 1959 йилларда “Олтин тўп” билан тақдирланган эди. 1990-йилларнинг ўрталарига қадар журналистлар фақат европалик футболчиларни номзод қилиб кўрсатишлари мумкин эди. Аммо кейинчалик бу формат ўзгаритирилди ва мукофотга бутун дунё футболчилари даъво қила бошлади.

1995 йилда қоидалар ўзгартирилди ва ўша йили либериялик Жорж Веа (2018 йилдан 2024 йилгача Либерия давлати президенти бўлиб ишлаган) “Олтин тўп”ни қўлга киритди. Шундан сўнг кураш қизғин тус ола бошлади. 1997 йилда мукофотни биринчи марта жанубий америкалик футболчи, бразилиялик Роналдо қўлга киритди. 2010 йилда France Football Халқаро Футбол Федерацияси (ФИФА) билан биргаликда ғолибни танлашни бошлади. Олти йил кетма-кет ғолиблар ФИФА “Олтин тўп”ини қўлга киритишди. Бироқ, 2016 йилда халқаро федерация алоҳида мукофот таъсис этишга қарор қилди.

2018 йилдан бери “Олтин тўп” мукофоти дунёнинг энг яхши аёл футболчиси ва дунёнинг энг яхши ёш ўйинчисига ҳам топширилиб келинмоқда (2018 йилдан 2025 йилгача у 1958 йилда “Олтин тўп”ни қўлга киритган француз ҳужумчиси Раймон Копа шарафига “Kopa Trophy” деб номланган). 2019 йилдан бери мукофот энг яхши дарвозабонга топширилиб келинмоқда (2019 йилдан 2025 йилгача мукофот совет дарвозабони ва 1963 йилда “Олтин тўп” соҳиби Лев Яшин номи билан аталган). Унинг биринчи соҳиби бразилиялик Алиссон бўлган.

Коронавирус пандемияси туфайли мукофотлар 2020 йилда топширилмади. 2021 йил давомида “Олтин тўп” ғолиблари тақвим йилига қараб аниқланди. 2022 йил март ойида эса мукофот мавсум охирида топширилиши эълон қилинди. Шу муносабат билан, 2022 йилги Қатарда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати 2022/23 йилги мавсумнинг бир қисмига айланди.

Ғолиблар сўровнома орқали аниқланади. Тақдирлаш маросимидан тахминан икки ой олдин, France Football 30 нафар эркак ва 30 нафар аёл номзодларнинг номларини эълон қилади. “Энг яхши футболчи” мукофоти ғолиблари ФИФА рейтингидаги энг яхши 100 та мамлакатдан 100 нафар спорт журналисти томонидан танланади, “Энг яхши аёл футболчи” мукофоти эса ФИФА рейтингидаги энг яхши 50 та мамлакатдан 50 нафар спорт журналисти томонидан танланади.

Ҳар бир журналист рўйхатдан 10 нафар ўйинчини танлаб олади ва уларни биринчи ўриндан ўнинчи ўрингача баҳолайди (биринчи ўринга 15 балл, иккинчи ўринга 12 балл, учинчи ўринга 10 балл, тўртинчи ўринга 8 балл, бешинчи ўринга 7 балл, олтинчи ўринга 5 балл ва ҳоказо). Тўпланган баллар қўшилади. Ғолиб кейинчалик тақдирлаш маросимида эълон қилинади. Овоз бериш натижаларига асосланган умумий рейтинг ҳам эълон қилинади.

“Олтин тўп” кубоги француз заргарлари томонидан яратилган. У олтин билан қопланган шар шаклидаги тўпдан иборат.

Мукофотни қўлга киритиш бўйича мутлақ етакчи аргентиналик Лионел Месси саналади. Месси саккизта (2009-2012, 2015, 2019, 2021, 2023) совринни қўлга киритган. Португалиялик Криштиану Роналду бу мукофотни беш марта (2008, 2013, 2014, 2016, 2017) қўлга киритган бўлса, голландиялик Йохан Кройфф (1971, 1973, 1974) ва Марко ван Бастен (1988, 1989, 1992) учтадан, шунингдек француз Мишель Платини (1983-1985) икки марта қўлга киритган.

photo_2026-10-28_10-27-10.jpg

photo_2026-10-28_10-27-06.jpg

Тарихда “Олтин тўп”ни қўлга киритган ягона дарвозабон 1963 йилда Лев Яшин бўлган. СССР терма жамоасининг яна икки ўйинчиси ҳам ушбу мукофотга сазовор бўлган: ҳужумчилар Олег Блохин (1975) ва Игорь Беланов (1986).

Икки киши фахрий “Олтин тўп”га сазовор бўлган. 1996 йилда France Football ушбу совринни аргентиналик Диего Марадонага ажойиб ютуқлари учун топширган. 2014 йилда бразилиялик Пеле ФИФА президенти Зепп Блаттердан фахрий мукофотни олган. Ўтган йили мукофотни Франция вакили қўлга киритганди. Мукофотга ўттиз номзод 2025 йил 7 августда эълон қилинди. “Олтин тўп” ғолиби 2025 йил 22 сентябрда эълон қилинди ва у Франциялик Усмон Дембеле (1380 балл) деб топилди. Иккинчи ўрин Испаниялик Ламин Ямал (1059) ва учинчи ўрин Португалиялик Витинья (703) га насиб этди.

Юқорида айтганимиздек, соврин атрофида турли баҳслар ва ҳатто жанжаллар бўлиб туради. Шундай воқеалардан бири 2024 йилда кузатилди. Маросим олдидан жуда кўпчилик “Олтин тўп”ни “Реал Мадрид” ҳужумчиси Винисиус Жуниор олади деб тахмин қилган эди. У 2023/24 йилги мавсумда “Реал” билан Чемпионлар Лигаси ва Ла Лига совринини қўлга киритиб, ҳал қилувчи ўйинларда жуда катта рол ўйнаганди. Маросимга бир неча соат қолганда, Винисиус “Олтин тўп”ни ололмаслиги ва мукофот “Манчестер Сити” вакили Родрига берилиши ҳақида хабар топди. Натижада “Реал Мадрид” клуби раҳбарияти, мураббийлар ва футболчилар тадбирни бутунлай бойкот қилишди ва Парижга учиб боришмади.

Шунингдек, “Олтин тўп”га муносиб бўлса ҳам, уни ололмаган бошқа футболчилар ҳам бор. Масалан, Роберт Левандовски “Бавария” 2020 йилда барча совринларни (ЕЧЛ, Бундеслига, Германия кубоги) ютиб олди ва барча мусобақаларда энг яхши тўпурар бўлди. Бироқ France Football ўша йили пандемия баҳонаси билан мукофот топширишни бекор қилди.

Нидерландиялик ярим ҳимоячи Уэсли Снейдер 2010 йилда “Интер” билан “трэбл” қайд этди (ЕЧЛ, Серия А, Италия кубоги) ва терма жамоаси билан Жаҳон чемпионати финалига чиқди. Аммо “Олтин тўп” ЖЧ ғолиби бўлмаган Лионель Мессига топширилди, Снейдер эса ҳатто кучли учликка ҳам киритилмади. Ўша йили ёрқин ўйин кўрсатган Хави ва Андрес Иньеста ҳам совриндан қуруқ қолдилар. Испания терма жамоаси ва “Барселона”нинг ушбу марказий дуэти футбол тарихидаги энг кучли ярим ҳимоя жуфтликларидан бири эди. Иньеста ЖЧ финалида ғалаба голини урди, Хави эса майдон марказининг ягона эгаси эди. Аммо уларнинг иккаласи ҳам овоз беришда Мессидан ортда қолди. 2013 йилда Франк Рибери совринни қўлга киритишга асосий даъвогарлардан эди. Француз вингери “Бавария” билан барча асосий совринларни қўлга киритди ва жамоанинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи эди. Лекин овоз бериш муддати узайтирилгач, мукофот Криштиану Роналдуга берилди. Ўшанда Рибери бу қарорни очиқчасига “адолатсизлик” деб атаган.

Аброр Зоҳидов

Иşонç.уз

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади