Тиббиётда янги ёндашув: хизматлар аҳолига яқинлаштирилади
Ўзбекистонда 2026–2036 йилларга мўлжалланган тиббиёт инфратузилмасини ривожлантириш мастер режалари ишлаб чиқилади.

Муассасаларнинг жойлашуви ва қуввати қайта кўриб чиқилиб, хусусий сектор иштироки кенгайтирилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев иштирокидаги тақдимотда маълум қилинди.
10 та вилоятда ўтказилган хатловда 3499 та тиббиёт объекти аниқланди. Бу Кадастр агентлиги маълумотларидан 494 тага кўп. Ушбу маълумотлар асосида соҳа кўчмас мулкларининг ягона рақамли реестри яратилади.
Мастер режаларда аҳоли сони, тиббий хизматларга эҳтиёж, муассасалар қуввати ва беморларнинг етиб бориш вақти ҳисобга олинади. Мураккаб тиббий хизматлар таянч марказларда жамланиб, туманларда бирламчи ва шошилинч ёрдам сақланади.
Самарқанд вилоятида туманлардаги шифо ўринлари улушини 41,7 фоиздан 67 фоизга етказиш режалаштирилган. Ургут, Каттақўрғон ва Пастдарғомда 2030 йилгача жами 1500 та янги шифо ўрни яратилади.
Шунингдек, поликлиника ва шифохоналарни лойиҳалашнинг ягона талаблари жорий этилиб, тиббий ёрдам сифати ва инфекцион назоратга эътибор кучайтирилади.
Хусусий ташкилотлардан гемодиализ, лаборатория диагностикаси ва ускуналарга техник хизмат кўрсатиш каби хизматларни аутсорсинг асосида сотиб олиш таклиф этилмоқда. Беш йилгача бўлган шартномалар орқали хусусий ҳамкорларнинг соҳага узоқ муддатли сармоя киритиши рағбатлантирилади.







