Меҳнатда жабрланган ходимларга 91 миллион сўмдан зиёд маблағ ундирилди
Жарқўрғон туманида яшовчи, “Сурхон Цемент Инвест” МЧЖда хомашёни майдалаш ускунаси оператори бўлиб ишлаган Эркин Абдураимовнинг мурожаати Сурхондарё вилояти касаба уюшмалари меҳнат техник инспекцияси томонидан ўрганилди. Маълум бўлишича, у ўтган йилнинг ноябр ойи охирида иш пайтида бахтсиз ҳодисага учраган. Оқибатда чап оёғи икки жойидан синган, бош қисмидан ҳам жароҳат олган.

Шифохонада даволанганидан сўнг, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси хулосасига кўра, унга II гуруҳ ногиронлиги белгиланиб, касбий меҳнат қобилиятини 60 фоизга йўқотгани аниқланган. Бироқ иш берувчи қонунчиликда белгиланган бир марталик нафақа ва ҳар ойлик товон пулини ўз вақтида тўламаган.
Касаба уюшмаси меҳнат техник инспекциясининг аралашуви билан ходимнинг ҳуқуқлари тикланди. Натижада унга қарийб 38,5 миллион сўм бир марталик нафақа ҳамда ҳар ой 1 миллион 923 минг сўм товон пули тўлаб берилди.
Яна бир мурожаат – Мирзамалик Абсаматовнинг ҳуқуқлари билан боғлиқ бўлди. У Денов туманидаги “Хайробод пахта тозалаш” АЖда ишлаётганида майиб бўлган ва касб касаллигига чалинган. Шунга кўра, унга умрбод II гуруҳ ногиронлиги белгиланган. Корхона томонидан ҳар ой тўланиши лозим бўлган товон пули эса 1 январдан 30 июнга қадар тўланмаган.
Мурожаат ва тақдим этилган ҳужжатлар ўрганилганда корхона ходимга ҳар ой 3 миллион 892,5 минг сўмдан, олти ой мобайнида эса 23 миллион 355 минг сўм миқдорида товон пули тўлаши лозимлиги аниқланди. Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг ходимга иш ҳақи ва бошқа тўловларни кечиктирганлик учун иш берувчининг моддий жавобгарлигини белгиловчи 333-моддаси асосида 24 миллион 741 минг сўм компенсация ҳисобланди. Пировардида ходим манфаатларини кўзлаб, “Хайробод пахта тозалаш” АЖдан тўланмай қолган товон пули ва компенсацияларни ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Суднинг 2026 йил 7 августдаги ҳал қилув қарори асосида М. Абсаматов фойдасига қарийб 53,1 миллион сўмлик товон пули, компенсация ва маънавий зарар маблағлари ундириб берилди.
Бу каби амалий ишлар касаба уюшмаси фақатгина меҳнат жамоаларида эмас, балки қийин вазиятга тушган ҳар бир ходимнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳам ишончли кўмакчи эканини англатади.
Эркин МЕНГЛИЕВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерациясининг
Сурхондарё вилояти кенгаши меҳнат техник инспектори







