Пулни кўпайтириш эмас, шилиш усули

13:56 | 29.10.2026
•
13
Пулни кўпайтириш эмас, шилиш усули
Катталаштириш

«Яна 1 миллион 600 минг сўм юборинг – 3 миллион 200 минг сўмни картангизга ўтказамиз». «300 минг сўм эвазига миллионлаб пулларга эга бўлинг».

Бир қарашда фойдали таклиф. Аслида эса бу бугун айрим юртдошларимизни чув тушираётган сунъий интеллект ёрдамида қурилган фирибгарлик тузоғи.

Тасаввур қилинг, телефонингиз экранида сиз таниган, ишонган инсонингиз ёки таниқли телебош­ловчи видеосини кўряпсиз. Унинг овози ҳам, юз ҳаракатлари ҳам ўзиники ва сизга уйдан чиқмай мўмай даромад топишни таклиф қиляпти. Ишонасиз. Аммо экран ортида қаллоблар томонидан дастурланган Сунъий интеллект ва Дипфейк технологияси турганини хаёлингизга ҳам келтирмайсиз. Бугун шу каби визуал ва рақамли ёлғонлар қуршовида қолиб, ростни ёлғондан, аслини сохтасидан ажратолмай қоляпмиз.

Яқинда ёши элликка яқинлашиб қолган бир аёлнинг кўзи Telegramдаги «Пулингизни бир неча баробар кўпайтириб берамиз» деган эълонга тушади. Каналда минглаб обуначилар (сохта ботлар ва накрутка), бошқа машҳур каналлардаги пуллик рекламалар ва пулини кўпайтириб олган бахтли мижозларнинг «видео ва чеклари» бор эди. Энг даҳшатлиси, бу сафар қаллоблар психологик ҳужумни ишхонанинг ичидан бошлашга аҳд қилишганди. Онахон ишлайдиган тикув цехидаги аёллардан бири билан келишишади. Унга қанчадир хизмат ҳақи бериб, ўша трейдингчи каналини кўкка кўтариб мақташ, ростдан пул бераётганига ҳамкасбларини ишонтириш вазифасини юклайди. Аёл жамоа ичидаги вазиятдан фойдаланиб, ўнлаб содда ҳамкасбларини тузоққа туширади. Бояги онахон ҳам айтилган картага дастлаб 300 минг сўм ўтказади. Шу заҳотиёқ сунъий интеллектда ясалган сохта банк чекларини юбориб, уни пули икки баробар кўпайганига ишонтиришади. «Мижоз»ни йўқотиб қўймаслик учун шахсий ID-картасини ушлаб тушган селфи расмини ҳам ташлашади. Ваҳоланки, у расм ҳам сунъий интеллектдаги махсус нейротармоқлар орқали бошқа бировнинг паспорт маълумотларини ўзгартириш орқали ясалган виртуал ёлғон эди.

Шундан сўнг қаллоблар каттароқ хўрак ташлашади: «Шу пулга 1 миллион қўшиб, жами 1 миллион 600 минг сўм берсангиз, ҳисобингиздаги суммани 3 миллион 200 минг қилиб картангизга ўтказиб берамиз»... Сохта трейдингчиларнинг сохта чеклари ва қуруқ ваъдаларига ишонган онахон чув тушганини билганида, ғишт қолипдан кўчганди. Энг ачинарлиси, қизи «Ички ишларга мурожаат қилайлик, бу қаллоблар бошқаларни ҳам куйдирмасин», деганида у «Муаммо керак эмас, болам, ёзув-чизуви кўп, шунчаки ўчириб ташла», дейди.

Ҳа, аслида бизнинг соддалигимиз, ҳуқуқий саводхонлигимизнинг етишмаслиги ва «оворагарчиликлардан қочишимиз» жиноятчиларнинг энг катта қуролидир. Сиз аризасиз ўчириб юборган ҳар бир Telegram канал ва чатлар эртага бошқа бир кишининг охирги пулини шилиб олишда давом этади. Қолаверса, ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бермаслик ҳам ҳуқуқбузарликка нисбатан бефарқликни англатади. Ҳолбуки, интернет орқали содир этиладиган фирибгарлик, шахсий маълумотларни сохталаштириш каби жиноятлар учун ҳам амалдаги қонунчиликда тегишли жавобгарлик белгиланган. Аммо интернетдаги «сунъий интеллект ёлғонлари» ва рақамли саводхонлик муаммосини фақатгина жазо билан ҳал қилиб бўлмайди. Бунинг учун аҳолининг рақамли ва медиасаводхонлигини ошириш, сунъий интеллект ёрдамида яратилган сохта ахборотларни аниқлаш ҳамда интернет фирибгарлик­ларидан ҳимояланиш кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Айниқса, ёши катта инсонлар орасида телекўрсатувлар ва маҳалла йиғинларига ишонч юқори эканини инобатга олган ҳолда, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Киберхавфсизлик маркази ходимлари маҳаллаларда, корхоналарда, хусусан, цех ва заводларда реал воқеалар ва ҳаётий мисоллар асосида тушунтириш ишларини олиб боришлари мақсадга мувофиқдир. Ва яна банк пластик карталарига боғланган барча рақамларга «Ҳеч қачон трейдинг каналларга пул ўтказманг, чеклар сохта бўлиши мумкин» мазмунидаги SMS огоҳлантиришлар юбориб турилиши керак. Бугунги ёш авлод рақамли дунё экспертларидир. Ҳар бир ёш йигит-қиз ўз ота-онаси, бува-бувиларининг телефонларини назорат қилиб, шубҳали Telegram каналлардан уларни чиқариб юбориши, сунъий интеллект ва Дипфейк нима эканини оддий тилда тушунтириши лозим.

Бугун интернетда кўрган ҳар бир нарсамизга шубҳа билан қараш – замон талаби. Сунъий интеллект яратган «ҳақиқат» аслида қора ниятли кимсалар тузган иллюзиядир.

Агар ўзингиз ёки яқинингиз шундай ҳолатга тушса, «ёзув-чизуви кўп» деб жиноятни яширманг. Ички ишлар вазирлигининг «102» рақамига ёки Киберхавфсизлик марказининг расмий платформаларига зудлик билан мурожаат қилинг. Бу саъй-­ҳаракатингиз билан юзлаб содда инсонларнинг ҳаёти ва маблағини сақлаб қолишингиз мумкин!

Ҳулкар ПЎЛАТОВА

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади