Жамоа шартномаси мажбуриятлари бажарилмаса, иш берувчига қандай чора кўрилади?
Саволга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
Бухоро вилоят кенгаши меҳнат-ҳуқуқ инспектори Мурод Арслонов жавоб беради:
Жамоа шартномаси корхона ва ташкилотларда иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ва касбий муносабатларни тартибга солувчи меҳнат соҳасидаги энг муҳим ҳуқуқий ҳужжатлардан биридир. Бироқ амалиётда унда белгиланган имтиёз ёки кафолатларнинг иш берувчи томонидан пайсалга солиниши ёки умуман бажарилмаслиги ҳолатлари учраб туради.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига мувофиқ, жамоа шартномасида кўрсатилган мажбуриятлар ҳар икки томон учун ҳам бажарилиши мажбурий ҳисобланади. Агар иш берувчи (ёки унинг вакили) шартномада кўзда тутилган шартларни бажармаса, бу тўғридан-тўғри қонунбузарлик сифатида баҳоланади.
Ушбу ҳолатда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига кўра, жамоа шартномаси ва келишувлари бўйича мажбуриятларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган мансабдор шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солинади.
Агар корхонада жамоа шартномаси шартлари қўпол равишда бузилаётган бўлса, ходимлар ёки касаба уюшмаси қўмитаси меҳнат инспекциясига мурожаат қилиш, шунингдек, суд тартибида мажбуриятларнинг ижросини ва етказилган моддий ёки маънавий зарарнинг қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0