Ҳомиладор ходим меҳнат интизомини бузса, иш берувчи қандай чора кўриши мумкин?
Амалда кўпчилик иш берувчиларни қийнайдиган саволлардан бири — ҳомиладор ходима ўз мақомидан фойдаланиб, сабабсиз равишда иш қолдирса ёки меҳнат интизомини мунтазам бузса, унга нисбатан қандай чора кўриш мумкин?
Аввало, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 22-моддасига мувофиқ, ҳар бир ходим, жумладан ҳомиладор аёллар ҳам, меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка, меҳнат шартномаси талабларига ва ички меҳнат тартиби қоидаларига қатъий риоя қилиши шарт. Ходим ўз зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажариши, меҳнат интизомига амал қилиши қонун билан белгиланган мажбурият ҳисобланади.
Бироқ қонунчиликда ҳомиладор аёлларга алоҳида ижтимоий ҳимоя кафолатлари ҳам мавжуд. Хусусан, Меҳнат кодексининг 408-моддасига кўра, ҳомиладор аёл билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди. Бундан фақат ташкилот тугатилган ёки якка тартибдаги тадбиркор фаолияти тугатилган ҳолатлар мустасно ҳисобланади.
Шунинг учун, агар ҳомиладор ходима мунтазам равишда ишга келмаса, прогул қилса ёки меҳнат вазифаларини қўпол равишда бузса ҳам, уни мазкур ҳолатлар асосида ишдан бўшатиш мумкин эмас.
Лекин бу дегани ходимга нисбатан умуман чора кўриб бўлмайди дегани эмас.
Меҳнат кодексининг 312-моддасига асосан иш берувчи қуйидаги интизомий жазо чораларини қўллаши мумкин:
• ҳайфсан бериш;
• ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизигача миқдорда жарима солиш;
• агар ташкилотнинг ички меҳнат тартиби қоидаларида назарда тутилган бўлса, ойлик иш ҳақининг 50 фоизигача жарима қўллаш.
Муҳими, ҳар бир интизомий жазо қўлланилаётганда Меҳнат кодексининг 269 ва 270-моддаларида белгиланган тартибларга қатъий амал қилиниши шарт.
Хулоса қилиб айтганда, ҳомиладор ходим меҳнат интизомини бузган тақдирда уни ишдан бўшатиш мумкин эмас. Аммо ҳар бир қоидабузарлик ҳолати учун қонун доирасида ҳайфсан ёки жарима каби интизомий жазоларни қўллаш мумкин.
Қонунчилик барча ходимлар учун тенг мажбурият юклайди, лекин айрим тоифалар учун ижтимоий ҳимоя кафолатлари ҳам сақланиб қолади.
Муҳаммадамин Каримжонов, ҳуқуқшунос




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0