"SQB school" – замонавий билим ва янги ғоялар маскани

Молия муассасаларининг муваффақияти кўп жиҳатдан кадрларнинг касбий салоҳиятига, уларнинг замон билан ҳамнафас билим ва кўникмаларини бойитиб боришига боғлиқ. Ўзсаноатқурилишбанк қошида ташкил этилган янги – "SQB school" корпоратив таълим маркази эса ана шу мақсадга хизмат қилади.
Марказда банк тизимидаги 4000 нафардан зиёд ходимнинг турли йўналишлардаги малакасини ошириш, замонавий билим ва кўникмаларини ривожлантириш режалаштирилмоқда.
Марказ очилганига эндигина икки-уч ой бўлган бўлса-да, бу ерда таълим олиш, тажриба алмашиш ва янги ғоялар устида ишлаш учун барча шароит яратилган. Ёруғ ва шинам хоналар, замонавий жиҳозлар, бой кутубхона ҳамда конференция ва давра суҳбатлари ўтказиш учун мослаштирилган заллар — барчаси ходимларнинг ўз устида ишлашига хизмат қилмоқда.
Биз ташриф буюрган куни масканда сунъий интеллект мавзусида қизғин давра суҳбати ўтаётган экан. Унда турли ташкилотлардан келган мутахассислар сунъий интеллектни банк соҳасига жорий этиш, хизматларни янада соддалаштириш ва иш жараёнларини самарали ташкил этиш борасида ўз тажрибалари билан ўртоқлашишди. Эътиборлиси, марказ фақат банк ходимлари учун эмас. Бу ерда ўқитувчилар ва мактаб ўқувчилари учун ҳам бепул машғулотлар ташкил этилмоқда. Ҳафтасига бир марта ўтказиладиган дарсларга малакали мутахассислар, ҳатто хориждан таклиф этилган профессорлар ҳам жалб қилинган.
Зебо Намозова,
Жасур Соликов,
Ishonch.uz







