Самарқандда атом энергиясидан фойдаланиш истиқболларига бағишланган халқаро конференция бошланди

14:22 | 05.12.2024
•
952
Самарқандда атом энергиясидан фойдаланиш истиқболларига бағишланган халқаро конференция бошланди
Катталаштириш

Самарқандда "Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг барқарор ривожланиши учун атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш истиқболлари: халқаро ва миллий тажриба” мавзусидаги халқаро конференция ўз ишини бошлади. Унда, жумладан, Халқаро атом энергияси агентлиги бош директори Рафаэль Гросси иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов тадбирнинг очилиш маросимида мамлакатимиз раҳбарининг анжуман иштирокчиларига мурожаатини ўқиб эшиттирди.

Давлатимиз раҳбарининг мурожаатида иқлим ўзгаришларининг салбий таъсири ва анъанавий энергия манбалари тақчиллиги яққол сезилаётган ҳозирги шароитда тинч атом ҳаёт сифатини ошириш ва миллий тараққиёт стратегияларини амалга оширишда муҳим муқобил ечим ҳисобланиши таъкидланган. Атом энергияси бўйича илғор технологияларнинг жорий этилиши мамлакатимиз тараққиётига кучли туртки бериши ҳамда янги илмий-технологик ишланмалар ва инновацион иқтисодиётга ўтиш учун имкон яратишига ишонч билдирилган.

Шунинг учун мамлакатимизда соҳанинг ҳуқуқий-институционал асоси мустаҳкамланди, махсус агентлик ташкил этилди, соҳа учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш тизими жорий этилди. Юртимиз жаҳонда биринчилардан бўлиб, халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ кичик қувватли атом электр станцияларини барпо этишга киришди.

Президентимиз ўз мурожаатида Халқаро атом энергияси агентлигига Ўзбекистоннинг бу борадаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди. Самарқанддаги анжуман Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда тинч атомдан самарали фойдаланиш бўйича аниқ тавсия ва амалий таклифлар ишлаб чиқиш учун ғоят зарур мулоқот майдони бўлиб хизмат қилишини таъкидлаб, унинг ишига муваффақият тилади.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади