Марко Рубио ва 200 нафар АҚШ тадбиркорлари ташрифи Ўзбекистон иқтисодиётида нималарни ўзгартиради?!

АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг 17–22 октябрь кунлари Ўзбекистон ва Ҳиндистонга ташрифи Марказий Осиё учун оддий дипломатик сафардан кўра кенгроқ маънога эга. Ташрифнинг Ўзбекистон қисми айниқса эътиборга молик. Рубио Самарқандда C5+1 форматидаги вазирлар учрашувида иштирок этади ва ўзи билан 200 нафардан ортиқ АҚШ бизнес етакчиларидан иборат делегацияни олиб келади. Бу эса сиёсий мулоқот билан иқтисодий манфаатларнинг бир нуқтада кесишаётганини кўрсатади.
C5+1 дастурини АҚШ ва Марказий Осиёнинг беш давлати – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонни бирлаштирувчи минтақавий дипломатик платформа дейишимиз мумкин. У 2015 йилда Самарқандда ишга туширилган. Кейинги йилларда ушбу саммитнинг кун тартиби хавфсизликдан тортиб иқтисодиёт, энергетика, атроф-муҳит, транспорт ва минтақавий боғлиқликкача кенгайди. Шу сабабли Рубионинг Самарқандга айнан C5+1 учрашуви ва йирик бизнес делегацияси билан келиши диққатга молик воқеа сифатида қаралиши мумкин.
Марко Рубио ким ва унинг ташқи сиёсатдаги ўрни қандай?
Марко Рубио – АҚШнинг 72-давлат котиби. У 2025 йил 21 январда лавозимга киришган. Рубио 1971 йилда Флорида штатининг Майами шаҳрида туғилган. 2010 йилда у АҚШ сенатидан жой олди ва 2025 йилгача сенатор сифатида фаолият юритди.
АҚШ Давлат департаменти тарихий маълумотларига кўра, у давлат котиби лавозимига 2025 йил 21 январда тайинланган. Сенатдаги фаолияти давомида Рубио ташқи сиёсат ва миллий хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратган. У Ташқи алоқалар қўмитаси, Разведка бўйича махсус қўмита ва Маблағ ажратиш қўмитаси каби муҳим тузилмаларда ишлаган.
Рубионинг сиёсий фаолиятида Хитой билан муносабатлар ҳам муҳим ўрин тутади. У уйғурлар мажбурий меҳнатининг олдини олишга қаратилган қонунчилик ташаббусларида фаол қатнашган. COVID-19 пандемияси даврида эса кичик бизнесларни қўллаб-қувватлашга қаратилган Paycheck Protection Program – Иш ҳақи ҳимояси дастурининг шаклланишида муҳим роль ўйнаган.
2024 йил ноябрида Дональд Трамп уни давлат котиби лавозимига номзод қилиб кўрсатди. Рубио Сенатда 99–0 овоз билан тасдиқланиб, 2025 йил 21 январь куни АҚШнинг 72-давлат котиби сифатида қасамёд қабул қилди.
Демак, Самарқандга келаётган Рубио шунчаки сиёсат амалдори эмас. У АҚШнинг ташқи сиёсати, хавфсизлик ва иқтисодий манфаатлари кесишган нуқтада турган юқори мартабали сиёсатчи.
200 нафар бизнес вакилининг ташрифи – тижорий шерикликда янги саҳифа
Ташрифнинг энг эътиборли жиҳатларидан бири, Рубио билан бирга Самарқандга 200 нафардан ортиқ АҚШ бизнес етакчиларининг келишидир. Бу рақамнинг ўзиёқ ташриф кун тартибида иқтисодиётга алоҳида урғу берилганини кўрсатади. АҚШ Давлат департаменти делегацияни АҚШ ва Марказий Осиё ўртасидаги тижорий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш воситаси сифатида таърифлаган.
АҚШ иқтисодиёти нега муҳим?
АҚШнинг бундай делегацияни олиб келиши тасодифий эмас. Мамлакат дунёдаги энг йирик иқтисодиёт бўлиб қолмоқда. Жаҳон банки маълумотига кўра, 2025 йилда АҚШнинг номинал ЯИМи қарийб 30,8 триллион долларни ташкил этган. Бу жаҳон иқтисодиётининг қарийб 15 фоиз қисмига тенг. АҚШ иқтисодиётининг кучи фақат унинг ҳажмида эмас. Унинг асосий устунликларидан бири – диверсификация.
Молия, ахборот технологиялари, фармацевтика, тиббиёт, авиация-космик саноат, мудофаа, профессионал хизматлар ва бошқа юқори қўшилган қийматли тармоқлар мамлакат иқтисодий қудратини таъминлаб келади.
Хизмат кўрсатиш соҳасининг иқтисодиётдаги улуши иқтисодий ривожланиш даражасини тавсифловчи кўрсаткичлардан биридир. Иқтисодиёт тузилмасида хизмат кўрсатиш соҳасининг улуши бўйича АҚШ маълум рақобатдош устунликларга эга бўлган ва хизмат кўрсатишга ихтисослашган Нидерландия ва Исроилни ортда қолдирган. Ривожланган давлатлар орасида АҚШ учинчи даражали сектор ҳажми бўйича биринчи ўринда туради ва қўшимча равишда ЯИМнинг энг мақбул тузилмасига эга. Шу жиҳатдан АҚШ бизнесининг Марказий Осиёга кириб келиши фақат капитал олиб кириш дегани эмас. Бу технология, бошқарув тажрибаси, молиявий хизматлар ва халқаро бозорга чиқиш имкониятларини ҳам англатиши мумкин.
Ўзбекистон бу бизнес делегациясига нима таклиф қила олади?
Бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодиёти жадал ривожланаётган, ташқи савдо географиясини кенгайтираётган давлатлардан бири ҳисобланади. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда мамлакат ташқи савдо айланмаси 81,2 миллиард долларни ташкил этган. Экспорт 33,8 миллиард, импорт эса 47,4 миллиард долларга етган.
Ушбу ўсиш 2026 йилда ҳам давом этмоқда. Хусусан, жорий йилнинг январь-август ойларида мамлакатимизнинг ташқи савдо айланмаси 57,4 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,6 фоизга кўпайди. Ушбу даврда экспорт 22,9 миллиард доллар, импорт эса 34,5 миллиард долларга тенг бўлди.
АҚШ билан савдо ҳажми эса ҳали у қадар йирик эмас. Аммо ўсиш динамикаси мавжуд. Ўзбекистоннинг АҚШ билан товар ва хизматлар савдоси 2025 йилда АҚШ савдо вакили маълумотига кўра тахминан 1,7 миллиард долларга етган.
Ўзбекистон статистикаси бўйича эса 2025 йилда АҚШдан импорт қилинган товар ва хизматлар ҳажми 712,3 миллион доллар бўлган. Бу рақамлар бир нарсани кўрсатади – Ўзбекистон-АҚШ иқтисодий муносабатларида ҳали фойдаланилмаган салоҳият катта. Айниқса, АҚШ компаниялари учун Ўзбекистоннинг транспорт, энергетика, рақамли иқтисодиёт, молия, соғлиқни сақлаш, таълим ва ишлаб чиқариш соҳалари қизиқ бўлиши мумкин.
C5+1 Ўзбекистон учун нимани ўзгартириши мумкин?
C5+1ning энг катта афзаллиги – Ўзбекистоннинг АҚШ билан муносабатларини фақат икки томонлама формат билан чеклаб қўймаслигидир. Масалан, транспорт ва логистика масаласини оладиган бўлсак, Ўзбекистон денгизга чиқиш имконига эга эмас. Шу сабабли унинг глобал бозорларга чиқиши қўшни давлатлар, транспорт йўлаклари ва минтақавий инфратузилмага бевосита боғлиқ.
C5+1 эса айнан шундай масалаларни минтақавий даражада муҳокама қилиш имконини беради. Дастурнинг аввалги ҳужжатларида транспорт, савдо, коммуникация, энергетика, сув ресурслари ва инвестиция йўналишларини ривожлантириш устувор вазифалар сифатида қайд этилган.
Шунингдек, минтақадаги давлатларнинг бир-бири билан иқтисодий интеграцияси кучайгани сари АҚШ компаниялари учун Марказий Осиё алоҳида-алоҳида бешта кичик бозор эмас, балки ўзаро боғланган иқтисодий макон сифатида кўрина бошлаши мумкин. Бу Ўзбекистон учун ҳам муҳим. Чунки мамлакатнинг географик жойлашуви уни минтақавий савдо, логистика ва ишлаб чиқариш занжирларининг муҳим бўғинига айлантириш имконини беради.
Самарқанддаги учрашувнинг асл аҳамияти нимада?
C5+1 2015 йилда айнан Самарқандда бошланган эди. Орадан қарийб ўн бир йил ўтиб, АҚШ Давлат котибининг яна Самарқандга келиши ва бу сафар ёнида 200 нафардан ортиқ бизнес етакчиси бўлиши рамзий жиҳатдан ҳам эътиборга молик. Бу сафар мулоқотнинг мазмуни ҳам ўзгарган. Аввал хавфсизлик ва сиёсий барқарорлик устувор бўлган бўлса, бугун иқтисодий боғлиқлик, инвестиция, энергетика, савдо ва технологиялар масалалари тобора кўпроқ олдинга чиқмоқда. Шунинг учун Рубионинг Самарқандга ташрифини фақат “АҚШ Давлат котиби Ўзбекистонга келади” деган хабар доирасида баҳолаш торлик қилади.
Бу ташриф ортида анча каттароқ жараён – Марказий Осиёнинг халқаро иқтисодий ва геосиёсий рақобатдаги аҳамияти ошиб бораётгани турибди. Ўзбекистон учун эса энг муҳим савол бошқа: 200 дан ортиқ АҚШ бизнес етакчиси Самарқандга келганидан кейин уларнинг қанчаси Ўзбекистонда реал лойиҳа, инвестиция, янги технология ва иш ўринлари қолдиради? Ана шу саволга бериладиган жавоб ташрифнинг ҳақиқий иқтисодий қийматини белгилайди.
Дилдора ДЎСМАТОВА
Ishonch.uz







