Доллардан ҳам кучлироқ валюталар: улар нега мустаҳкам?
АҚШ доллари асосий захира валютаси ва глобал бозорларда энг кўп сотиладиган дунёдаги энг машҳур пул бирлиги ҳисобланади. Шунингдек, у нефть, олтин ва мис каби бир қатор асосий товар бозорларида нархларни белгилаш учун ҳам ишлатилади. АҚШ иқтисодиёти дунёдаги энг йирик иқтисодиётдир ва Федерал резервнинг пул-кредит ҳамда фискал сиёсати доллар қийматини қўллаб-қувватлашга ёрдам беради.

Доллар Қўшма Штатларнинг ўзида, Эквадор, бошқа бир қанча ҳудудлар ва суверен давлатларда қонуний тўлов воситасидир. Шунингдек, у айирбошлаш учун энг қулай валюта саналади. Бироқ қанчалик оммабоп ва машҳур бўлмасин, дунёда доллардан ҳам мустаҳкамроқ ҳамда қиммат пул бирликлари бор.
Евро
Европа Иттифоқининг 20 давлатида расмий валюта бўлган евро доллардан кейин турувчи асосий захира-резерв бирлик саналади. У нисбатан ёш бўлса ҳам, катта имкониятларга эга. Чунки евро Германия, Франция, Италия ва бошқа иқтисодий қудратли давлатларда расмий пул бирлиги саналади. Жаҳон марказий банкларининг валюта захираларида евро улуши тахминан 20% ни ташкил этади. Мазкур омил АҚШ долларнинг бу жабҳадаги монополиясини чеклаб туради. Илгари Европа бўйлаб савдо қилинганда марка, франк, лира каби ўнлаб валюталарни бир-бирига айирбошлаш (конвертация) учун катта комиссия тўланар эди. Ягона валюта чегаралараро савдо ва саёҳатдаги ортиқча харажатларни йўқ қилиб, иттифоқнинг иқтисодий муваффақияти омилларидан бирига айланди. Айни пайтда бир евро тахминан 1,13 долларга тенг.

Швейцария франки
Швейцария франки мамлакатнинг барқарор иқтисодиёти ва марказий банкининг қатъий пул-кредит сиёсати туфайли дунёнинг энг қимматли валюталаридан ҳисобланади. Дунёдаги энг барқарор давлатлардан бири сифатида Швейцария инқироз даврида франкдан хавфсиз бошпана валютаси сифатида фойдаланади. У 1850 йилда муомалага киритилган. 2026 йил июль ҳолатига кўра, битта Швейцария франки 1,2 долларга тенг. Қизиқ томони, франкнинг мустаҳкамлиги мамлакатга ҳар доим ҳам фойда келтиравермайди, балки турли қийинчиликлар туғдиради. Масалан, Швейцария соатлари, фармацевтика маҳсулотлари ва машинасозлик товарлари франк қимматлашгани сабабли ташқи бозорда (Европа ва АҚШда) жуда қимматга айланади ва рақобатбардошлиги тушади. Ички нархлар қимматлиги туфайли мамлакатга келувчи хорижий туристлар харажати ортади ва ҳоказо.

Кайман ороллари доллари
Кариб ҳавзасида жойлашган Кайман ороллари доллари кучли молиявий бозор ва паст инфляция туфайли ушбу рейтингдан ўрин эгаллайди. Кайман ороллари дунёдаги энг муҳим оффшор молиявий марказлардан биридир. Кўплаб йирик корпорациялар ва бадавлат шахслар расман Кариб денгизидаги Британия ҳудуди деб ҳисобланган оролларнинг молиявий хизматларидан фойдаланадилар. Кайман ороллари доллари 1970-йилларда муомалага киритилган ва ўшандан бери АҚШ долларига боғланган. Кайман оролларининг бир доллари ҳозирда 1,20 долларга тенг.
Гибралтар фунти
Гибралтар фунти ҳам доллардан қиммат саналади. У Британия фунтига боғланган ҳолда, Гибралтарнинг молиявий марказ ва машҳур сайёҳлик маскани сифатидаги мақоми туфайли юқори ўринларга кўтарилган. Гибралтар иқтисодиёти молия ва туризм соҳаларига каттиқ боғланган. Гибралтар расман Британия ҳудуди ҳисобланади. Унинг валютаси биринчи марта 1920-йилларда муомалага киритилган. 2026 йил ўрталаридаги ҳолатга кўра, битта Гибралтар фунти 1,30 долларга тенг. Бир доллар 0,74 фунтга тенг.
Фунт-стерлинг
Буюк Британия фунт-стерлинги рўйхатдаги энг машҳур бирликлардан ҳисобланади. Мамлакатнинг кучли иқтисодиёти ва Лондоннинг молия бозорларидаги роли туфайли у анча юқори ўринни эгаллайди. Лондон дунёнинг энг муҳим молиявий марказларидан бири бўлиб, Буюк Британиянинг пул-кредит ва фискал сиёсати ҳам фунтнинг кучли валюта курсини қўллаб-қувватлайди, бу эса уни дунёдаги энг кучли валюталардан бирига айлантиради. Ҳозирда Британия фунти 1,32 долларга, 1 доллар эса 0,75 фунт-стерлингга тенг. Таъкидлаш керакки, Буюк Британия Европа Иттифоқи аъзоси бўлиб турган даврда ҳам мамлакат фунт-стерлингдан воз кечмаган эди. Бу мазкур пул бирлиги Британия учун муҳим иқтисодий омил ва қадрият эканлигини кўрсатади.

Иордания динори
Иордания динори АҚШ долларига боғланган ҳолда, дунёдаги тўртинчи энг қимматли валюта ҳисобланади. Иордания иқтисодиёти диверсификацияланган ва нефтга унчалик боғлиқ эмас, бу эса валюта барқарорлигини таъминлайди. Давлатнинг географик жойлашуви ва оқилона иқтисодий ва молиявий сиёсати мамлакатга динорнинг юқори қийматини сақлаб қолишга ёрдам берди. Бироқ, Иорданиянинг ўзига хос муаммолари бор. Мамлакат Яқин Шарқ қўшниларига қараганда нефть ва газ экспортига камроқ боғлиқ бўлса-да, у секин иқтисодий ўсиш ва ортиб бораётган қарзга дуч келмоқда. Шунга қарамай, динор дунёдаги энг кучли валюталардан бири бўлиб қолмоқда. Ҳозирда бир Иордания динори 1,41 долларга тенг.
Уммон риали
Уммон риали нафақат доллар юқори, балки дунёдаги учинчи энг қимматли валюта ҳисобланади. Оқилона фискал сиёсат ва паст инфляция туфайли Уммон риал қийматини сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Мамлакат БАА ва Яман ўртасида жойлашган. Яқин Шарқдаги қўшнилари сингари, Уммон ҳам нефть ва газнинг йирик экспортчиси ҳисобланади. Уммон ҳукуматининг иқтисодиётини диверсификация қилиш ва нефтга қарамлигини камайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳам миллий валютанинг қадрланишига ҳисса қўшди. Ҳозирда тахминан Уммон риали 2,60 долларга, 1 доллар эса 0,38 риалга тенг.

Баҳрайн динори
Форс кўрфазида жойлашган митти давлат пул бирлиги – Баҳрайн динори дунёда қадрлилиги бўйича энг юқори ўринларда туради. Қувайт сингари, Баҳрайн иқтисодиёти ҳам нефть қазиб олишга асосланган ва унинг валютаси АҚШ долларига боғланган, бу эса унинг валюта курсини барқарорлаштиришга ёрдам беради. Баҳрайн иқтисодиёти Форс кўрфази давлатлари орасида энг диверсификацияланган иқтисодиётлардан бири ҳисобланади. Баҳрайн ҳукумати мамлакатнинг молия ва банк секторини ҳам мустаҳкамламоқда, бу эса унинг расмий валютасининг қадрланишига ҳам ҳисса қўшмоқда. Ҳозирда Баҳрайн динори 2,65 долларга, 1 доллар эса 0,37 динорга тенг.

Қувайт динори
Кўпчилик иқтисодий таҳлилчилар томонидан Қувайт динори 2026 йилда дунёдаги энг кучли валюта деб топилган. Қувайт Саудия Арабистони ва Ироқ ўртасида жойлашган ва бойлигининг катта қисмини дунёнинг етакчи нефт экспортчиси бўлиш орқали қўлга киритган. Қувайт улкан нефть захираларига, катта суверен бойлик жамғармасига ва жуда консерватив фискал сиёсатга эга. Пул массасини қатъий назорат қилиш билан биргаликда паст инфляция расмийларга динорнинг валюта курсини ушлаб туриш имконини беради. Ҳозирда бир Қувайт динори тақрибан 3,22 долларга, 1 доллар эса 0,30 динорга тенг. Бу 100 динор сотиб олиш учун 320 доллардан ошиқ маблағ сарфлайсиз деганидир.
Аброр Зоҳидов,
Ishonch.uz







