«Интернетда сотилаётган болалик»НИ ЎҚИБ...

11:32 | 16.10.2026
•
99
«Интернетда сотилаётган болалик»НИ ЎҚИБ...
Катталаштириш

«Ishonch» газетасининг 2026 йил 6 октябрь 121-сонида чоп этилган муаллиф Дилдора Иброҳимованинг «Интернетда сотилаётган болалик» сарлавҳали мақоласида кўтарилган масала юзасидан Болалар омбудсмани позицияси.

Сўнгги пайтда интернет маконида шундай ҳоллар кузатилмоқдаки, кўплаб ота-оналар гўёки оилавий контент яратиш баҳонасида билиб-билмай ўз фарзандларининг шахсий ҳаёти дахлсизлигига путур етказмоқдалар. Яъни боланинг ҳаётини, у билан рўй бераётган кундалик воқеаларни интернет орқали кенг оммага намойиш этмоқдалар.

Албатта, болаларни медиаконтент ишлаб чиқаришга жалб қилиш - глобал масала. Бутун дунёда бўлгани каби, афсуски, Ўзбекистонда ҳам ота-оналарнинг ижтимоий тармоқларда фарзандларини намойиш қилиш орқали катта аудитория тўплашга интилиш ҳолатлари, шунингдек тижорий мақсадларда ўз боласидан фойдаланиш ҳолатлари ортиб бормоқда.

Масаланинг мураккаб томони шундаки, ота-оналарнинг ўз фарзандларини ижтимоий тармоқларда контент яратишга жалб этиши мезонлари ва чегаралари алоҳида тартибга солинмаган. Демак, болалар бу каби ҳолатлар билан боғлиқ хавфлардан етарли даражада ҳимояланмаган.

Шу билан бирга, жонли эфирлар ва онлайн-контент яратиш жараёнларида болаларнинг иштирок этишига уларнинг розилиги масаласини ҳам кўтариш лозим. Сабаби, болалар кўпинча ота-оналари нима деса, шуни бажарадилар. Қолаверса, интернет ва ижтимоий тармоқлар даврида улғаяётган болалар бундай ҳолатларни одатий деб қабул қилишлари мумкин.

Болалар омбудсманининг бу борадаги позицияси шундан иборатки, кўплаб ота-оналар фарзандларининг узларига тобелиги ва шахсий ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги заифлигидан ўз мақсадлари йўлида фойдаланмоқдалар.

Ўз навбатида, Болалар омбудсмани Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига киритилган «Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари томонидан риоя этилиши ҳолати ҳақида»ги маърузасида ижтимоий тармоқларда боладан тижорий мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари кузатилаётганига ҳамда бу бола манфаатларига зид эканлигига алоҳида эътибор қаратган.

Шу ўринда айтиш жоизки, айни пайтда Болалар омбудсмани ва мутасадди ташкилотлар томонидан Интернет жаҳон ахборот тармоғида бола манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини кучайтириш чоралари ўрганилмоқда. Бунда боланинг ўз тасвирига бўлган ҳуқуқини таъминлаш ҳамда ижтимоий тармоқларда боладан тижорий мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш масалалари инобатга олинган.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, катталарнинг, айниқса, ота-оналарнинг бола шахсиятига ва унинг ҳаётига оид маълумотларни оммавий тарзда тарқатиши бола манфаатларига мутлақо мувофиқ эмас.

Унутмаслик лозимки, ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас. Ота-оналар ўз ҳуқуқларини амалга оширишда фарзандларининг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар етказмасликлари керак.

Боланинг дахлсизлик ҳуқуқини, биринчи навбатда, унинг яқинлари ҳурмат қилиши зарур.
Боланинг соғлиғига, хавфсизлигига ёки ахлоқий камолотига зиён етказувчи ҳаракатлар қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка асос бўлиши мумкин.

Болалар омбудсмани ахборот хизмати

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади