Иссиқхона эгаларига солиқлар 50 фоизга камайтирилади, электр харажатларининг ярми қопланади

Президентнинг 13 октябрда имзоланган қарорига мувофиқ, иссиқхона хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари учун бир қатор солиқ имтиёзлари ҳамда субсидиялар жорий этилди.

16:48 | 14.10.2026
•
78
Иссиқхона эгаларига солиқлар 50 фоизга камайтирилади, электр харажатларининг ярми қопланади
Катталаштириш

Қарорга кўра, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари учун қўшилган қиймат солиғи ставкаси, шунингдек, ўзлари етиштирган маҳсулотларни сотишдан олинган фойда бўйича фойда солиғи ставкаси ноль фоиз этиб белгиланди. Бу тартиб балиқ хўжалиги корхоналарига ҳам татбиқ этилади.

Иссиқхона фаолиятидан тушган даромади жами даромадининг камида 60 фоизини ташкил этувчи хўжаликлар учун 2026 йил 1 январдан 2029 йил 1 январгача ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланди.

Шунингдек, 2027 йил 1 январдан 2030 йил 1 январгача мазкур талабга жавоб берадиган тадбиркорлик субъектлари учун юридик шахсларнинг ер ва мол-мулк солиқлари ставкалари 50 фоизга камайтирилади.

2026 йил 1 ноябрдан 2030 йил 1 апрелгача энергия тежовчи махсус қопламалардан ёки самарадор иситиш тизимларидан фойдаланадиган иссиқхона хўжаликларига октябрь–март ойларида истеъмол қилинган электр энергияси қийматининг 50 фоизи миқдорида субсидия берилади.

Бунда иссиқхоналар махсус иссиқлик сақловчи қоплама билан қопланган ёки иссиқлик насослари, геотермал, қуёш иссиқлик тизимлари ва бошқа энергия самарадор иситиш воситалари билан жиҳозланган бўлиши керак.

Тошкент вилоятининг Тошкент, Зангиота, Қибрай, Янгийўл ва Юқори Чирчиқ туманларида томорқасида иссиқхонаси бўлган аҳолига ҳам кўмак кўрсатилади.

2030 йил 1 январга қадар қуёш панеллари, иссиқлик насослари, инфрақизил иситиш мосламалари ва бошқа энергия тежамкор ускуналарни харид қилиш ҳамда ўрнатиш харажатларининг 40 фоизи, бироқ 100 миллион сўмдан ошмаган миқдорда бир марталик субсидия ажратилади.

Бундан ташқари, Камбағалликни қисқартириш мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан Тошкент вилоятида иссиқхоначиликка ихтисослашган 50 та маҳалладаги ҳар бир оилага 200 миллион сўмгача субсидия бериш белгиланди.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади