Иссиқ сув ва иситиш тарифлари 30 фоизга оширилиши мумкин

09:00 | 14.10.2026
•
41
Иссиқ сув ва иситиш тарифлари 30 фоизга оширилиши мумкин
Катталаштириш

Ҳукумат қарори лойиҳаси маъқулланса, 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб иситиш ва иссиқ сув тарифлари ўртача 30 фоизга оширилади.

Хусусан, Тошкент шаҳрида иситиш хизмати тарифи 1 квадрат метр учун суткасига 241,44 сўмдан 314 сўмгача кўтарилади.

Ҳисоблагич мавжуд бўлган хонадонларда 1 куб метр иссиқ сув нархи эса 8 928,67 сўмдан 11 607 сўмгача ошади.

Бироқ ҳисоблагичсиз фойдаланувчилар учун иссиқ сув тарифи, аксинча, арзонлашади. Жумладан, бир киши учун ойлик тўлов 52 303,39 сўмдан 45 330 сўмга тушади. Бу 1,5 баравар оширувчи коэффициент бекор қилиниши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Қайд этилишича, иссиқ сув тарифлари илк бор республика бўйича ҳукумат қарори билан тасдиқланмоқда. Шу билан бирга, лойиҳада тарифлар оширилиши натижасида бюджет субсидияларини мутаносиб равишда қисқартириш масаласи акс этмаган.

Шунингдек, 2028 йил 1 январдан бошлаб аҳолига кўрсатиладиган марказлашган иссиқлик таъминоти хизматлари тарифларини ҳар йили 1 майда индексация қилиш таклиф этилмоқда. Бунда тарифлар йиллик инфляция даражасидан келиб чиқиб, 10 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда ошириб борилиши назарда тутилган.

Қарор лойиҳасида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Энергия самарадорлиги миллий агентлиги, Энергетика вазирлиги, «Иссиқликтаъминоти» АЖ ҳамда тегишли вазирлик ва идораларга бир ой муддатда иссиқлик энергияси таннархини 15 фоизгача камайтириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш вазифаси ҳам юклатилмоқда.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади