“Биз эккан кўчатлар олма бўлибди...”ёҳуд гўзалликка бурканган барака масканидан фотоҳикоя

Пойтахтдан Тошкент вилоятининг маъмурий маркази – Нурафшон шаҳрига кириб келар экансиз, шундоққина чап қўл тарафда барқ уриб турган яшиллик эътиборингизни тортади. Муҳташам аркадаги “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси боғи” деган ёзув ва унинг ортидаги боғни кўриб, қалбингизни ажиб бир ҳис қамраб олади. Яширмайман: илгари бу томонда бўш ерни кўриб ўтишга одамларнинг кўзи ўрганиб қолганди. Ҳозир эса бу ерда кўзни қувнатадиган, ям-яшил бир маскан қад ростлаган.


Хуллас, аркадан ичкари қадам босиб ўтсангиз, ариқнинг икки томонида эгилиб турган ёш мажнунтоллар гўё меҳмонни кутиб олаётгандек таассурот қолдиради.

Боққа қадам қўйишингиз билан узун йўлак, унинг икки томонида атиргул, хрезонтема каби ранг-баранг гулларнинг чаман бўлиб очилиб турганидан кўзларингиз қувнайди.

Йўлакдан кетаверсангиз, ором олиш учун қўйилган стол-стуллар, хўв нарироқда эса, боғ ишлари учун зарур техникалар. Куни кеча борсам, сара қовоқларни бир нечта уюм қилиб чиройли тахлаб қўйишибди. Ҳосил баракали бўлгани аниқ.

Ичкарироқда пештоқига “Касаба обод макон” МЧЖ деб ёзиб қўйилган ташқи кўриниши билан эътиборни тортадиган мўъжазгина бинога кириб бордим. Хушмуомала бир киши кутиб олди. Бу одам ташкилотнинг бош ҳисобчиси Эшқул ака экан. Боққа меҳмон бўлиб келганимни айтган эдим, дарҳол шу яқин атрофда куймаланиб юрган бир ишчини чақириб, “Тожибой ака, меҳмонга боғни би-и-р кўрсатиб чиқинг”, деди.


...Йўл бошлаб бораётган Тожибой аканинг ортидан юрар эканман, аввал кичик ховуз, унда сузиб юрган йирик балиқларни кўриб қизиқишим ортди.

“Ўзимизники!” деди боғбон алланечук виқор билан. Сўнг, ховузга туташ бўлган олма кўчатлари экилган қатор томонга бошлади. Эсладим, икки йил олдин нозиккина кўчатларни шу ерларга қадаган эдик. Ўша кўчатлар бугун олма бўлибди-да! Қандай яхши..!

Қизғиш-сариқ олмаларни завқ билан суратга олаётган эдим, боғбон дарахтдан иккита олмани узиб менга узатди. Ноқулай бўлдим. У эса, “Ўзимиз экканмиз, дедингиз, энди мевасини ҳам еб кўрмайсизми?” деди. Олмани қўлимга олиб, айлантириб томоша қилдим. Бунинг ҳисси бошқача бўларкан…



Бугун мевага кирган кўчатлар – бу боғдаги ўзгаришларнинг бир қисми, холос. Икки йилдан ошиқ вақт ичида боғ учун жами 11 гектар ер ажратилди. Шу давр мобайнида бу ерда 10 мингдан зиёд манзарали ва мевали дарахт, 12 мингга яқин гул кўчатлари экилди.


Ҳозирда дарахтлар мевага кирди, уларнинг ораларига экилган қизил лавлаги, помидор, оқ ловия, мош, қовун-тарвуз каби экинлардан ўнлаб тонна ҳосил олиняпти. Бир-биридан гўзал гуллар эса, масканга янада гўзаллик бағишлаган.

– Сиз кузги ҳосил тугаганида келдингиз, булар охирида қолганлари, –дейди “Касаба обод макон” МЧЖ директори Ҳикматилла Қорабоев.

Унинг айтишича, келгуси йилнинг баҳоридан бу ерда Ўзбекистон иқлимига мос, хорижий тажриба асосида кўчатлар етиштирувчи питомник ташкил этиш режалаштирилган. Бунинг учун боғнинг бир қисмида ҳозирданоқ соябонни эслатувчи, яшил рангга бўялган темир устунлар ўрнатилибди.
Фидойи ишчилар билан хайрлашиб, ортга қайтар эканман, йўлак четида саф тортган теракларнинг барглари шабадада оҳиста шовулларди. Мажнунтоллар эса яна келинчакдек эгилиб, кузатиб қолаётгандек бўлди. Қалбим энтикиб, боғдан узоқлашдим...
Холида Эгамбердиева,
Ishonch







