Конгресс калити кимга насиб қилади? Ёхуд Трамп сиёсати синовдан ўтадиган кун

20:06 | 10.10.2026
•
88
Конгресс калити кимга насиб қилади? Ёхуд Трамп сиёсати синовдан ўтадиган кун
Катталаштириш

3 ноябрь куни америкаликлар вакиллар палатасининг барчасини, сенаторларнинг эса учдан бир қисмини сайлайди. Cайлов конгресс назорати кимнинг қўлига ўтишини, қолаверса, Дональд Трамп президентлигининг қолган икки йилида қанчалик эркин ҳаракат қила олишини белгилаб беради. Нарх-навонинг ошиши ҳамда Эрон билан боғлиқ муаммо демократларга конгрессдаги кўпчилик овозни қайтариб олиш имконини яратяпти.

Дарҳақиқат, сайловга ҳеч қанча қолмади. Бироқ сиёсий кураш мамлакат электоратини анча жонлантирди. Президент сентябрда Далласда бўлиб ўтган Республикачилар партияси қурултойида ўз тарафдорларига қарата: «Тасаввур қилинг, сайлов бюллетенида менинг ҳам исмим бор», дея мурожаат қилди. Бу бежиз эмас. Бюллетенларда сенаторлар ва Вакиллар палатасига номзодлар исмлари кўрсатилса-да, америкаликлар шу баҳона Трамп президентлигининг дастлабки икки йилига – унинг иқтисодий сиёсати, хавфсизлик соҳасидаги қарорлари ва ташқи сиёсий йўналишига баҳо беради.

Трамп 2024 йилги сайлов кампаниясида сайловчиларга қудратли Америка, муносиб турмуш, мустаҳкам чегаралар ва урушлардан холи келажакни ваъда қилган эди. Мана, орадан икки йил ўтиб, қимматчилик ва Эрон билан саккиз ойдан бери давом этаётган уруш Оқ уй маъмурияти учун энг оғриқли муаммоларга айланиб турибди-да!

Reuters ва Ipsos 8 октябрда эълон қилган сўровга кўра, америкаликларнинг 32 фоизигина президент фаолиятини маъқуллаяпти. Сайловга қизиқиш даражасидаги тафовут ҳам республикачиларга қарши ишлаяпти. 2024 йилда Камала Харрисга овоз берганларнинг 48 фоизи бўлажак сайловларни интиқлик билан кутаётганини билдирган бўлса, Трамп сайловчилари орасида бу кўрсаткич 30 фоизни ташкил этяпти.

Оралиқ сайловларда овоз бериш фаоллиги, одатда, президентлик сайловларидагидан пастроқ бўлади. Шу боис натижа кўп жиҳатдан қайси партия ўз тарафдорларини кўпроқ сайлов участкасига олиб чиқа олишига ҳам боғлиқ.

Ҳозир республикачилар Конгресснинг ҳар икки палатасини назорат қиляпти. Аммо уларнинг Вакиллар палатасидаги устунлиги жуда мўрт. Октябрь ойининг бошларида палатада 218 республикачи, 214 демократ ва республикачилар билан ҳамкорлик қилувчи битта мустақил конгрессмен бор эди. Яна икки ўрин бўш. Янги таркибда кўпчиликни қўлга киритиш учун 218 мандат зарур. Демак, бир нечта округдаги натижа ўзгарса, палата назорати демократларга ўтиши мумкин.

Айтиб ўтганимдек, 3 ноябрь куни Вакиллар палатасидаги барча 435 ўрин ва Сенатдаги 35 ўрин учун сайлов ўтказилади. Сенатда республикачилар 53 та, демократлар ва уларга хайрихоҳ мустақил сенаторлар 47 та ўринга эга. Вице-президент ҳам республикачи, демак, 50 га 50 нисбат ҳам ушбу партияга устунлик беради. Демократларнинг юқори палата назоратини қўлга киритиши учун ўз мандатларини камида тўрттага кўпайтириши керак.

Жамоатчилик кайфияти ҳозирча демократларга мойил. Квиннипэк университетининг сентябрь ойидаги сўровига кўра, рўйхатдан ўтган сайловчиларнинг 51 фоизи Вакиллар палатасида демократлар кўпчилик овозга эга бўлишини истаган. Республикачиларнинг кўпчиликни сақлаб қолишини эса 39 фоизи қўллаб-қувватлаган.

Бироқ умуммиллий сўровлардаги устунлик Конгрессда худди шу нисбатдаги кўпчиликни кафолатламайди. Вакиллар палатасининг ҳар бир аъзоси алоҳида округдан сайланади. Округлар чегараларининг қайта чизилиши эса кучлар нисбатига жиддий таъсир қилади. Шу сабаб партия мамлакат бўйича кўпроқ овоз олса-да, кутилганидан кам мандатга эга бўлиши мумкин.

Шунга қарамай, Cook Political Report демократлар партияси Вакиллар палатасида қўшимча бештадан ўн бештагача, Сенатда эса иккидан олтитагача мандат олиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Бу демократларга ҳар икки палата учун курашиш имконини беради, аммо Сенат назорати учун камида тўртта қўшимча ўрин зарур.

Сиёсий рақамларни ҳаракатга келтираётган асосий куч – иқтисодиёт. Тўғри, расмий статистика ўсишни кўрсатяпти, юқори технологиялар ва сунъий интеллектга миллиардлаб доллар сармоя киритиляпти. Аммо оддий америкаликлар иқтисодий аҳволни харид қобилияти, бензин нархи, ижара ҳақи, суғурта ва кредит тўловлари билан ўлчайди. Рўзғор харажатлари даромаддан қанчалик тез ошиб борса, макроиқтисодий ютуқлар ҳам шунчалик ўз аҳамиятини йўқотади.

AP–NORC сўровига кўра, америкаликларнинг бор-йўғи 17 фоизи Трампнинг турмуш даражасини ошириш борасидаги фаолиятидан рози. Унинг иқтисодий сиёсатини 26 фоиз қўллаб-қувватлаган, 65 фоизи эса нарх-навонинг ошишида президент сиёсатини айблаган.

Демократлар бу норозиликни сайлов кампаниясининг асосий мавзусига айлантиряпти. Уларнинг Вакиллар палатасидаги етакчиси Ҳаким Жеффрис «Республикачилар америкаликлар ҳаётини янада қимматлаштирди», деган айбловни илгари суряпти. Унинг фикрича, одамлар озиқ-овқат, ёқилғи ва тиббий хизмат харажатларидан қийналаётган бир пайтда ҳукумат Яқин Шарқдаги урушга миллиардлаб доллар сарфлаяпти. Оқ уй бу танқидларни рад этиб, ҳозирги қийинчиликларни вақтинчалик ҳолат сифатида баҳолаяпти. Трампнинг фикрича, унинг иқтисодий сиёсати келгуси тараққиёт учун замин яратади.

Президент Далласдаги қурултойда ўз фикрини катта молиявий ваъда билан мустаҳкамлашга уринди. У республикачилар Конгресснинг ҳар икки палатасида назоратни сақлаб қолса, АҚШнинг ҳар бир вояга етган фуқаросига 5 минг доллардан бир марталик ёрдам пули берилишини таъкидлади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бундай дастур учун бир триллион доллардан зиёд маблағ керак бўлади. Бу пул қаердан олиниши ва қандай тўланиши борасида ҳозирча ҳеч қандай гап-сўз йўқ. Конгресснинг маъқулловисиз режани амалга ошириш ҳам мушкул.

Сайловлардан олдин президент оёғига тушов бўлган яна бир муаммо – Эронга қарши кампания. АҚШ ва Исроил 28 февралда Эронга зарба бериб, янги урушни бошлади. Вашингтон Теҳроннинг ядровий қурол яратишига йўл қўймаслигини, Эрон эса бу айбловни рад этиб, ядровий дастур фақат тинч мақсадларга хизмат қилишини таъкидламоқда. Орадан салкам саккиз ой вақт ўтди. Ҳарбий ҳаракатлар ҳам, воситачилар орқали юборилган муроса таклифлари ҳам ҳозирча наф бераётгани йўқ.

Демократларнинг Сенатдаги етакчиси Чак Шумер 28 сентябрда Трамп ва унинг маъмурияти одамларни уруш тез орада якун топиши билан алдаётганини таъкидлади. «Аввал бир ҳафта, кейин икки уч ҳафта ёки бир-икки ойда тугаши айтилди. Бироқ урушнинг саккизинчи ойи кетяпти», деди у.

Уруш узоқда кечаётган бўлса-да, унинг иқтисодий таъсири оддий америкаликлар ҳаётига салбий таъсир қиляпти. Ҳурмуз бўғозидаги хавф-хатарлар кемалар қатновини чеклади, суғурта ва ташиш харажатларини оширди, энергия таъминотини издан чиқарди. Қиммат нефть ёқилғига, юк ташишга, ишлаб чиқаришга ва охир-оқибат, товарлар нархига кўчди. Теҳрон осмонида бошланган уруш шу тариқа Америкадаги сайлов қутисига қадар етиб борди.

Вашингтон келишувга ҳамон қатъий талаблар қўйяпти. Вице-президент Жей Ди Вэнс Reuters агентлигига берган интервьюсида урушни якунлаш учун Эрон уран бойитиш қувватларини сезиларли даражада қисқартириши кераклигини айтди. Унинг таъкидлашича, Теҳрон бу борада амалий қадамлар ташлаши лозим. «Биз амал ўрнига сўзни қабул қилмаймиз», деди Вэнс.

Давлат котиби Марко Рубио 7 октябрда Афинада Вашингтоннинг асосий талабини янада кескинроқ ифодалади: «Эрон ядровий қуролга эга бўлиши мумкин эмас. Гап тамом».

Теҳрон учун эса тинч мақсадларда уран бойитиш ҳуқуқининг тан олиниши – ўзгармас шарт. Эрон, шунингдек, санкцияларни бекор қилиш ва АҚШ ҳарбий босимини камайтиришни талаб қилмоқда. Демак, муросага етаклайдиган сабаблар кам.

NBC News, Axios ва The Atlantic кўра, АҚШ ҳарбий қўмондонлиги Трампга Эронда кенг кўламли амалиётларни тиклаш бўйича янги таклифларни тақдим этган. Улар орасида ноябрдаги сайловлардан олдин яна Эронга зарбалар бериш эҳтимоли ҳам бор. Ҳозирча бу борада якуний қарор қабул қилинмаган. Бироқ улар Оқ уйни янада оғир танлов қаршисида қолдириши мумкин. Чунки Эрон қаршилиги нефть нархи ва ҳарбий харажатлар ошиши эҳтимолини ҳам кучайтиради.

Бу таваккал сайлов арафасида республикачилар орасидаги безовталикни кучайтирмоқда. Reuters Вакиллар палатаси ва Сенат учун рақобат кескин кечаётган 62 та кампанияни таҳлил қилди. Уларнинг 41 тасида республикачи номзодлар айрим масалаларда Трамп позициясидан чекинган ёки ўз кампаниясини президент фаолияти билан боғлашга уринмаган. Ўн икки сайлов пойгасида асосий келишмовчилик Эрон уруши билан боғлиқ бўлган.

Бу жараён ҳозирча очиқ партиявий бўлиниш даражасига етгани йўқ. Номзодларнинг кўпчилиги Трамп дастурининг асосий йўналишларини қўллаб-қувватлаяпти. Бироқ улар ўз округ ва штатларидаги сайловчилар кайфиятини ҳам ҳисобга олиши керак. Трампдан кескин узоқлашиш унга содиқ сайловчилар, президентга сўзсиз эргашиш эса мустақил ва мўътадил сайловчилар овозини йўқотишга олиб келиши мумкин.

Республикачи конгрессмен Майк Лоулер партия номзодлари дуч келаётган бу иккиланишни «Ҳақиқат шуки, президент билан фикримиз ҳар доим ҳам бир жойдан чиқавермайди. Бунинг ёмон жойи йўқ», дея очиқ ифодалади. Бу эса Америка сиёсий тизимининг муҳим хусусиятини кўрсатади. Президент партиянинг умуммиллий сиёсий йўналишига катта таъсир ўтказади. Сенаторлар ва конгрессменлар тақдирини эса штат ва округлардаги сайловчилар ҳал қилади. Оқ уй сиёсати жойларда қўллаб-қувватланмаса, президент иттифоқчилари мустақилроқ нуқтаи назарини ифодалашга мажбур бўлади.

Демократларнинг ҳам ички муаммолари бор. Партия мўътадил марказчилар, прогрессив қанот ва иқтисодиёт, миграция ҳамда ташқи сиёсатга турлича қарайдиган гуруҳларни бирлаштиради. Ҳозирча уларни Трамп сиёсатига қаршилик бирлаштириб турибди, ягона бошқарув дастури масаласида эса бирлик йўқ.

Республикачиларнинг яна бир устунлиги – молиявий имкониятлари. Axios маълумотига кўра, Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон жорий сайлов циклида партия номзодларини қўллаб-қувватлаш учун 156 миллион доллар жалб қилган. Бу маблағнинг асосий қисми Конгрессдаги кўпчилик тақдирини ҳал қилиши мумкин бўлган округларга йўналтирилмоқда.

Шу боис Оқ уй учун хатарли туюлаётган сўровлар сайлов тақдири ҳал этилганини англатмайди. Кампаниянинг сўнгги ойи, сиёсий пиар, тарафдорларни сафарбар этиш даражаси ва Эрон атрофидаги воқеалар кучлар нисбатини ўзгартириб юбориши мумкин.

Агар демократлар Вакиллар палатасида кўпчилик овозни қўлга киритса, Оқ уй билан Конгресс ўртасидаги муносабатлар кескин ўзгаради. Демократлар палата қўмиталарига раҳбарлик қилиб, маъмурият фаолияти юзасидан текширувлар ўтказиш, амалдорларни эшитувларга чақириш, ҳужжатларни талаб қилиш ва бюджет сарфлари устидан назоратни кучайтириш имконига эга бўлади. Улар импичмент ташаббусини ҳам овозга қўя олади. Бироқ Вакиллар палатаси қабул қилган айблов президентни дарҳол лавозимидан четлаштира олмайди. Бунинг учун Сенат аъзоларининг учдан икки қисми айбловни маъқуллаши зарур. Демак, демократларнинг қуйи палатадаги ғалабаси Трампнинг истеъфога чиқишига олиб келмайди.

Республикачилар ҳар икки палата устидан назоратни йўқотса, Оқ уйнинг ҳаракат доираси янада тораяди. Президент дастурини қонунларга айлантириш, Сенат тасдиғини талаб қиладиган номзодларни лавозимга ўтказиш ва бюджет масалаларида келишиш қийинлашади. Ҳукуматни молиялаштириш, ҳарбий харажатлар ва ижтимоий сиёсат бўйича узоқ сиёсий тортишувлар бошланиши ҳам мумкин.

Конгресс таркиби қандай бўлишидан қатъи назар, президент ташқи сиёсатда ўз ваколатларини тўлиқ сақлаб қолади. У музокаралар олиб бориши, ижро ҳокимияти доирасида қарорлар қабул қилиши ва Вашингтоннинг халқаро йўналишини белгилаши мумкин. Бироқ узоқ давом этадиган ҳарбий амалиётларни молиялаштириш, юқори лавозимларга номзодларни тасдиқлаш, санкцияларни қонун билан мустаҳкамлаш ва айрим халқаро битимларни қабул қилиш Конгресс билан ҳамкорликни талаб этади.

Шу боис Америкадаги сайловларни бутун дунё диққат билан кузатяпти. Европага АҚШнинг хавфсизлик мажбуриятлари ва Украинага ёрдам ҳажми муҳим. Россияга санкциялар сиёсатининг кейинги йўналиши ҳамда Вашингтон билан мулоқот имкониятлари қизиқ. Эрон учун Америка сиёсатида ҳарбий босим ва дипломатиядан қай бири устун келиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Хитой эса сайловларга савдо, энергетика ва стратегик рақобат нуқтаи назаридан қараяпти. Пекин энергия ташиладиган денгиз йўллар очиқлиги ва хавфсизлигидан манфаатдор. Пекин учун минтақадаги барқарорлик сиёсий масаладан ташқари энергия таъминоти ва халқаро савдо узлуксизлиги масаласи ҳамдир. Ана шу нуқтада йирик давлатлар манфаатлари қисман туташади. Ўзаро келишмовчиликларга қарамай, АҚШ, Хитой, Европа, Лотин Америкаси ва Осиёнинг кўплаб мамлакатлари жаҳон савдоси барқарорлиги ҳамда энергетика инқирозининг олдини олишдан манфаатдор. Бу барқарорликка қандай йўл билан эришиш эса Вашингтондаги сиёсий мувозанатга ҳам боғлиқ.

3 ноябрдаги сайловлар Трамп президентлигининг қолган икки йилида Оқ уй қанчалик эркин ҳаракат қила олишини белгилаб беради. Республикачилар Конгрессдаги кўпчилик овозни йўқотса, президентнинг қонунчилик ва бюджет соҳасидаги имкониятлари тораяди. Демократлар ғалаба қозонса, Оқ уй устидан назоратни кучайтиради. Айни пайтда улар ички муаммолар ва глобал мажбуриятлар ўртасида қолган мамлакатга ишонарли ечим таклиф қилиш масъулиятини ҳам олади.

Шундай қилиб, яқин орада Америка Конгресс таркибини сайлайди. Дунё афкор оммаси эса Қўшма Штатлар кейинги икки йилда қайси йўналишдан боришини билиб олади.

Жаҳонгир Наҳанов,

Ishonch.uz

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади