Халқимиз билан бирга юксалаётган ўзбек тили

13:31 | 10.10.2026
•
34
Халқимиз билан бирга юксалаётган ўзбек тили
Катталаштириш

Бир пайтлар тилимизнинг минбарлардан жаранглашини тасаввур ҳам қилолмасдик. У эгатлар бўйлаб пахта тераётган болаларимизнинг, дарслари қолиб турли ишларга олиб чиқилган устозларимизнинг «орасида» эди. Халқимизнинг бошига нима тушган бўлса, тилимиз ҳам ўша кунларни кўрди. Босқинчилир бостириб келганида эзилди, топталди. У билан ёзилган китоблар ёқилди, шеър битиб, озодликни, ҳурликни мадҳ этганлар ўлдирилди.
Бугун эса мана, Алишер Навоий бобомиз пойида она тилимизда баралла шеърлар ўқияпмиз, давлат тадбирлари ўтаяпти. Ҳатто ўзбек тилидаги нутқ БМТнинг бош қароргоҳида ҳам янграяпти. Бир сўз билан айтганда, у халқимиз билан бирга ўсди ва ўсаяпти…

Ушбу мулоҳазалар ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигига 37 йил тўлиши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ва Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ёзувчи Исажон Султон томонидан айтилди.

Анжуманда республикамизнинг барча ҳудудларидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчилар, олимлар, журналистлар ҳамда тил жонкуярлари иштирок этди. Қатнашчилар аввалига буюк сўз султони – Алишер Навоий бобомиз пойига гуллар қўяр экан, ўзбек тилининг тарихи, халқимизнинг бошига тушган синовли кунларни хотирлашди. Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид Навоий ғазалларидан намуналар ўқиди.

Шундан сўнг давлат тилининг ижтимоий ҳаётимизда ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини ошириш, корхона-муассасаларда тўлақонли жорий этиш, маслаҳатчилар олдида турган вазифалар, муаммолар ва камчиликлар таҳлилига бағишланган семинар ўтказилди. Унда Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Нодиржон Холбўтаев ҳудудлардаги ижобий ўзгаришлар, шу билан бирга, учраётган салбий ҳолатлар ҳақида ҳам тўхталди. Уларга мисоллар келтирар экан, барчани томошабин бўлмасликка чақириб, олдинда қилинадиган ишлар жуда кўплигини таъкидлади.

Айтилишича, ўтган 7 йил ичида она тилимиз билан боғлиқ энг муҳим қонунчилик асослари яратилди. Республика даражасидаги ташкилотлардан тортиб, вилоят ва туман ҳокимликларида унинг ижроси ҳамда амалий ишларга масъул лавозимлар жорий этилди. Эндиликда анъанавий ноширчилик ва китобхонликни қадрлаган ҳолда, давр талабидан келиб чиқиб, ўзбек тилидаги рақамли муҳитни ҳам тезкорлик билан ривожлантириш зарур. Чунки бу борада ортда қолиш, ёшларнинг онгини бой беришга тенг бўлади.

Шу каби мулоҳазаларга бой фикрлар тилшунос олим Низомиддин Маҳмудовнинг чиқишида ҳам акс этди. Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази директори Иномжон Азимовнинг маълумот беришича, сўнгги олти йил ичида департамент қошидаги ўзбек тили курсларида 1181 нафар фуқаро таълим олиб, уларнинг 960 нафари билиш даражаси бўйича сертификатланган. Ўзбек тили ўрганувчиларининг 78 нафари хорижлик талабалардан иборат бўлган. Вилоятларда ҳам бундай курслар фаолият юритмоқда.

– Қўмитамизда иш ҳужжатларидан тортиб, расмий сайтимиз, телеграмдаги ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз ҳам ўзбек алифбосида ва давлат тилида юритилади, – дейди Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси раисининг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Матназар Элмуродов. – Тизим ташкилотларимиздан ҳам шуни талаб қиламиз. Яқинда Тошкент ҳайвонот боғи маъмуриятида рус тилида иш юритилаётганини аниқладик ва тегишли чоралар кўрдик. Жамоа орасида тилимизнинг нуфузини оширишга қаратилган тадбирлар, китобхонлик мусобақалари ва викториналар ўтказиб турамиз. Бу йилги байрамга ўзига хос совға тайёрлаганмиз, бу – «Экологик атамаларнинг изоҳли луғати»дир. Китобга экология, ўрмончилик ва чиқиндиларни бошқариш соҳасида ишлатиладиган 1,5 мингга яқин сўзларнинг маъноси киритилган.

– Туманимиздаги барча кўча ва жой номларини ўрганиб, «шох», «берк» ва «тор» тоифаларига ажратиб чиқдик. Мувофиқлиги бўйича талабларга тўғри келмайдиганларини қайта хатловдан ўтказиб, тилшунослар, маҳаллий аҳоли билан маслаҳатлашган ҳолда ўзгартирдик, – дейди Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани ҳокимининг давлат тилини ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси Жамшид Эргашев. – Узоқ йиллар рус тузуми даврида яшаганимиз боис, айрим қишлоқлар номи руслашиб, мазмунан ўзгариб кетган. Масалан, улардан бири «Зохона» қишлоғи. Маҳаллий оқсоқоллар ёрдамида ҳудуднинг тарихини ўрганганимизда, ўлка тупроғи ҳосилдор бўлгани учун «Зархона» деб номлангани маълум бўлди ва қишлоқнинг асл номи тикланди.

Бир сўз билан айтганда, байрам баҳонасида йиғилган тил жонкуярлари ўзаро тажриба алмашди ва келгуси вазифаларини қатъий белгилаб олдилар. Куннинг иккинчи ярмида эса соҳа ходимлари ва ташкилотлар ўртасида энг намуналиларни аниқлаш учун ташкил этилган «Жонажон ўзбек тилим» танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Зебо Намозова,

Ishonch.uz

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади